Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Бишкекда ўзбек тилида тест топширилишига қарши тадбир ўтказилмоқда


Бишкекдаги норозилар умумреспублика тестини ўзбек тилида топширишга рухсат берилишини инсон ҳуқуқлари бузилиши, деб ҳисоблайдилар.
Бишкекдаги норозилар умумреспублика тестини ўзбек тилида топширишга рухсат берилишини инсон ҳуқуқлари бузилиши, деб ҳисоблайдилар.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги биноси олдида умумреспублика тест синовини ўзбек тилида топширилишини бекор қилиш талаби билан акция бўлиб ўтаяпти.


Бу ҳақда Қирғизистон ахборот агентликлари хабар тарқатди.

Са-news нашрининг акция ташкилотчилари бўлган “Ала-Тўў Жаштар” (Олатоғ Ёшлар) ҳаракати раиси Таштанбек Тўқтўмушев ва “Элдик Саясий қиймили” (Халқ сиёсий ҳаракати) раиси Мирбек Сирикеевдан иқтибос келтиришича, умумреспублика тестини ўзбек тилида топширишга рухсат берилиши тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқларини бузиш бўлиб ҳисобланади.

- Қирғизистонда 80 дан ортиқ миллат вакили яшайди. Агар умумреспублика тестини ўзбек тилида топширишга рухсат берилса, биз қолган миллат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини бузган бўламиз. Унақада, келинг, умумреспублика тестини 77 та тилда топширилишини жорий қиламиз, - деган Мирбек Сирикеев.

Ўзбек мактабларида таҳсил олган қирғизистонлик битирувчилар умумреспублика тест синовини она тилида топшира олишлари ҳақида Қирғизистон таълим ва фан вазири Қанат Садиқов 2 май куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида билдирганди.

- Умумреспублика тестини ўзбек тилида ўтказиш учун хоҳловчилар сони етарли, - деганди ўтган ҳафта бошида вазир Қанат Садиқов бу йил ўзбек тилида топшириш истагини 1600 нафар битирувчи билдирганини қайд этаркан.

Қирғизистонда ўзбек тилида тест топширилишининг бекор қилинишини қирғиз парламентининг айрим депутатлари ва бошқа фаоллар икки йилдан буён талаб қилиб келади. Бу босим остида шу йилнинг 31 январ куни Таълим ва фан вазирлиги ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш бўйича қарор ҳам қабул қилганди. Аммо ўзбек мактаблари битирувчилари орасида она тилида тест топшириш хоҳишини билдирганлар кўп бўлгани сабабли вазирлик уларга синовни ўз тилида топширишига имкон берганди.

Бу йил Қирғизистонда Умумреспублика тести 18 май куни ўтказилиши белгиланган. Бу тестни топширмаганлар республика олийгоҳларига кириш имкониятидан маҳрум бўладилар.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистондаги ўзбек мактабларида 122 минг 200 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Бугунги акция ташкилотчиларидан бири Таштанбек Тўқтўмушев норозилик тадбири жамоатчилик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уюштирилганини айтган.

- Биз Қирғизистонда яшовчи барча миллат вакилларини ҳурмат қиламиз, аммо амал қилиниши лозим бўлган ўз қонунларимиз бор. Киши Қирғизистонда яшаяптими, демак, у умумреспублика тестини ё рус тилида, ёки қирғиз тилида топшириш шарт, - деган Тўқтўмушев.

Акция ташкилотчилари, агар таълим ва фан вазири Қанат Садиқов икки кун ичида ўзбек тилида тест топширишга рухсат берувчи қарорини бекор қилмаса, очлик эълон қилишлари ва вазирнинг истеъфосини талаб этажакларини билдирганлар.
XS
SM
MD
LG