Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

НАТО юкларини Ўзбекистон орқали олиб чиқишни бошлади


АҚШ Афғонистондаги "Hummer" ҳарбий автомобилларини Ўзбекистонга беришни ваъда қилган.
АҚШ Афғонистондаги "Hummer" ҳарбий автомобилларини Ўзбекистонга беришни ваъда қилган.

24 апрел куни НАТОнинг Шимолий таъминот тармоғи орқали олиб чиқилган юкларининг биринчи партияси Латвия портларига етказилди. Афғонистондан Ўзбекистон орқали олиб чиқилган ҳарбий юклар Норвегия билан Буюк Британияга жўнатилади.



“Латвия темир йўллари” ширкатига қарашли LDz Cargo фирмаси НАТОга тегишли Афғонистондаги ҳарбий юкларининг биринчи партиясини Латвиядаги портларга етказди.

Буни “Латвия темир йўллари” ширкатининг матбуот котиби Марис Озолс Озодликка тасдиқлади.

- НАТО контингенти юкларининг биринчи юкини биз 24 апрел куни қабул қилиб олдик. Латвия Мудофаа вазирлиги билан Латвия Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида НАТО юкларини Афғонистондан олиб чиқиш коридори таъминланмоқда. “Латвия темир йўллари” ширкати эса НАТО ҳарбий юкларини мамлакат ҳудудида ташишни зиммасига олган. LDz Cargo фирмаси бундан кейин ҳам ҳарбий юкларни мувафақиятли ташишда давом этади деган умиддамиз,- деди Марис Озолс.

“Латвия темир йўллари” ширкати маълумотига кўра, Афғонистондан НАТО юкларини олиб чиқишда DSV халқаро логистика компанияси асосий пудратчи ҳисобланади. Transcontainer компанияси эса НАТО юкларини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия орқали олиб чиқишни ўз зиммасига олган.

Марис Озолсга кўра, Латвия портларидаги НАТО юклари ҳозирда Норвегия билан Буюк Британияга жўнатишга тайёрланмоқда.

Ўтган йилнинг июн ойида НАТО расмий Тошкент билан Афғонистондаги ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи битим борасида шартнома имзолаган эди.

Эришилган битимга мувофиқ, НАТО ўн минглаб зирхли машина, контейнер ва қурол-яроқни Афғонистондан Марказий Осиёнинг уч давлати ҳамда Россия орқали Европага етказади.

АҚШ ва Британия Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишида Ўзбекистон ўз ҳудудини транзит сифатида тақдим қилиши эвазига ҳарбий техника ваъда қилган.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк март ойида АҚШ Конргессининг ташқи ишлар масалалари бўйича қўмитаси олдида қилган чиқишида Тошкентнинг илтимосига кўра, Ўзбекистонга террорчиликка қарши курашиш учун ҳарбий ёрдамни тиклашни режалаштираётганини маълум қилган эди. Ундан аввалги чиқишларида Блейк Ўзбекистонга таклиф қилинаётган ҳарбий техника, асосан, турли хил автомобиллар, жумладан, “Hummer” ҳарбий машиналари ва бошқа шунга ўхшаш воситалардан иборат эканини билдирган.

Британия ҳам транзит учун тўланиши керак бўлган 700 минг доллар ҳақ эвазига Ўзбекистонга техника ва эхтиёт қисмлар бериши хабар қилинган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Америка ва НАТО ҳарбийлари учун шимолий таъминот тармоғидаги юкларнинг 98 фоизи Ўзбекистон орқали олиб ўтилади.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар 2014 йил охиригача якун топиши айтилган.

Келаси икки йил давомида НАТО кучлари Афғонистондан 70 минг автомобил ва зирҳли техника ҳамда 120 минг дона юк контейнерлари олиб чиқишни режалаган.
XS
SM
MD
LG