Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:06

Қувурдан газ суғуришни жиноят деб эълон қилмоқчилар


Олий мажлис информация хизмати тарқатган маълумотларга кўра, қуйи палата депутатлари нефт ва газ маҳсулотлари қувурларига ўзбошимчалик билан уланганлик, бу объектларга зарар етказиш ва яроқсиз ҳолатга келтирганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.



Олий мажлис Қонунчилик палатаси ўтган ҳафта бошида биринчи ўқишда қабул қилган қонун лойиҳалари орасида табиий газдан фойдаланувчи ҳар бир ўзбекистонлик ҳаётига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган бир қонун лойиҳаси бор.

Парламентнинг информация хизмати тарқатган маълумотларга кўра, қуйи палата депутатлари нефт ва газ маҳсулотлари қувурларига ўзбошимчалик билан уланганлик, бу объектларга зарар етказганлик ва яроқсиз ҳолатга келтирганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган.

Нефт ва газ қувурлари ва улар ичида оқаётган маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун қамраб оладиган ҳуқуқбузарликлар спектри жуда кенг бўлиши мумкин.

Лекин Ўзбекистонда аҳолига бериладиган табиий газ ҳажмининг талаб даражасида бўлмагани боис, кўчалар бўйлаб тортилган газ қувурларидан турли мосламалар ёрдамида газ тортиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Йиллар давомида тингловчиларимиз билан газ таъминоти муаммоларига оид суҳбатларга асосан айтилаётган бу фикрга мамлакатнинг бир неча тумани газ таъминоти корхоналари ходимлари билан 6 май куни қилган мулоқотларимиз исбот бўла олади.

Суҳбатдошларимизнинг биронтаси ҳам “ўзбошимчалик билан қувурга уланиш ҳолатлари йўқ”, дея олмади.

Шунинг учун улардан газ ўғриларига қарши шу пайтгача кўрилаётган чоралар тўғрисида сўрадик.

Самарқанд вилояти, Булунғур туман газ таъминоти корхоналари вакили бундай деди:

- Жаримаси бор. Рухсатсиз уланиб олгани учун жарима солинади.

Фарғона вилояти, Бувайда туман газ таъминоти корхонаси вакилидан эса, мана бу гапни эшитдик.

- Ўзбошимчаларга жарима солинади. Лекин жарима миқдорини билмайман.

Андижон вилояти, Бўз туман газ таъминоти корхонаси ходими кўпроқ саволларимизга жавоб берди.

- Насос ўрнатганларга акт тузилади. Милицияга топширилганлар ҳам бор. Ички ишлар ходимлари, ёнғин хизмати ходимлари билан биргаликда рейдлар ўтказилади.

Озодлик: Ушланганларга қандай чора кўрилади?

- Жаримага тортилади.

Озодлик: Лекин бундай иш учун ҳали биров қамалган эмас-а?

- Йўқ, йўқ. Қамалган эмас. Лекин насослари мусодара қилинади.

Нефт ва газ маҳсулотлари қувурларига ўзбошимчалик билан уланганлик, бу объектларга зарар етказиш ва яроқсиз ҳолатга келтирганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилувчи қонун лойиҳаси муаллифлари билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шунинг учун мазкур ҳужжатда қонунбузарлар учун қандай жазо чоралари назарда тутилаётгани тўғрисида бугун аниқ гап айта олмаймиз.

Бироқ жазонинг шу кундаги жаримадан кўра кескинроқ бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Аҳолига бериладиган табиий газ ҳажмининг талаб даражасида эмаслиги боис кўчалар бўйлаб тортилган газ қувурларидан турли мосламалар ёрдамида газ тортиш турли фожеаларга сабаб бўлмоқда.

Масалан, 2011 йилнинг ноябрида Андижон шаҳрининг 2-микрорайони, 65- дўкон олдида юз берган портлаш тўғрисида Озодлик манбаси хабар берар экан:

- Газ моторини қўйишган экан. Газ тортадиган мослама. У қўйилганда кўпроқ газ келиб қолганми ёки свет ўчиб қолганми, ишқилиб битта подъезд портлаб кетган, 65-магазиннинг ëнида. Тўрттаси ўлган, деган гапни эшитдик, деган эди.

Газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланиб олувчиларни жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ва қабул қилиниши кутилаётган қонун бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қай даражада таъсир эта олишини тахмин қилиш қийин.

Лекин бу қонундан мамлакатнинг баъзи ҳудудлари аҳолиси қўрқмаса ҳам бўлаверади. Масалан, Қашқадарё вилоятининг олис қишлоқларидагилар. Улар қувурдан насосда газ тортмайди. Чунки бу ишни қилиш учун электр қуввати бўлиши лозим.

Ҳар ҳолда қашқадарёлик тингловчиларимиздан бири бундай деди:

Озодлик: Қувурни тешиб, насос ўрнатишармиш. Кўрганмисиз шундайларни?

- Эшитганман, лекин кўрган эмасман. Чунки насос қўйиш учун свет керак.

Озодлик: Қишда свет бўлмайдими?

- Светни қишдаям, ёздаям бир соат, ярим соат беришади, холос.
XS
SM
MD
LG