Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Ўзбекистон ВДНХдаги павильонлардан воз кечди


Ўзбекистон Москвадаги Бутунроссия кўргазма маркази (ВВЦ) ҳудудида ўзига ажратилган павильондан воз кечди. “Известия” нашри хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин бу савдо мажмуасини 50 йилга йилига рамзий 1 рублга ижарага беришни таклиф этган.

“Известия” газетаси Ўзбекистон ҳукумати Бутунроссия кўргазма марказидаги павильонга эгалик қилиш ҳуқуқидан воз кечганини маълум қилди.

ВВЦ ходимлари Озодлик мухбирига Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси ҳозирча рад жавобини расман изоҳламаётганини маълум қилишди:

- Эшитишимча, Ўзбекистон бу ташаббусни иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқ деб ҳисобламоқда. Шу сабабли улар хоҳламади. Биз уларга таклиф қилдик, улар воз кечди. Нега улар воз кечди, уларнинг ўзларидан сўраб билинг. Қолган республикалар розилик берди, масалан, Қирғизистон, Арманистон, Беларус... Бу бутун талабларга тўла жавоб берадиган савдо мажмуалар. Улар ўз дидларига мослатиб уни реконструкция қилишлари керак эди, холос, деди ўзини Евгения деб таништирган Бутунроссия кўргазма маркази вакиласи Озодликка.

Кўргазма марказида шўролар давридаги ВДНХ ёки Халқ Хўжалиги Ютуқлари Кўргазмасини тиклаш ғоясини биринчи маротаба Россия президенти Владимир Путин ўртага қўйган.

2010 йилда Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммитидаги чиқишида Владимир Путин ВДНХ ҳудудида иттифоқдош республикалар павильонларини тиклаш ва унда ўз кўргазмаларини ташкил этишни таклиф қилган эди.

“Иқтисодий бўҳрондан кейин мураккаб келган 2010 йилда давлатларимиз савдо-иқтисодий муносабатларида яхши натижаларга эришишга муваффақ бўлди”, деди Россия президенти:

- Бу позитив тенденцияни мустаҳкамлаш, жумладан, Бутунжаҳон Савдо ташкилоти замонавий қоидаларига асосланган МДҲ доирасида Эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома имзоланиши хизмат қилган бўларди. Бу шартнома маънавий жиҳатдан эскириб бўлган 1994 йилги Эркин савдо келишуви ўрнини босиши керак. Бунинг учун корхона, ширкат, минтақаларимиз ўртасидаги бевосита муносабатларни тиклашга қаратилган чораларни қабул қилиш керак. Россия Бутунроссия Кўргазма марказида ҳамдўстлик иштирокчилари павильонларини очишни таклиф этмоқда. Шу тариқа биз илгариги ва, менимча, фойдали бўлган анъанани тиклаймиз, деган эди Владимир Путин.

Россия раҳбари ВВЦдаги савдо биноларини 50 йилга йилига рамзий 1 рублга ижарага олишни таклиф қилди.

Кўргазма вакилларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Россия ВВЦ ҳудудида ўз савдо-кўргазма марказини очиш шартномалари МДҲнинг еттита давлати билан имзоланган: ўз павильонларини очишни Украина, Молдова, Қозоғистон, Тожикистон ва Абхазия режалаштираётган бўлса, Арманистон ва Қирғизистон павильонлари аллақачон фаолият юритмоқда.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Озодлик мухбирига¸ кўргазма ҳудудидаги павильондан воз кечиш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликлари ва “Известия” келтираётган маълумотни на тасдиқлаш ва на инкор эта олишларини билдиришди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси ижарага олишдан воз кечган ВДНХдаги савдо бинолар Рус география жамиятига топширилади.
XS
SM
MD
LG