Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Баҳс майдони: 9 май байрамми ёки мотам?


Озодликнинг навбатдаги Баҳс майдонидаги мунозарага ушбу мавзу қўйилди: Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонилган кун - 9 майни Ўзбекистонда Ғалаба куни сифатида ҳақиқий байрам қилиш керакми ёки хотира ва қадрлаш куни сифатида қолгани маъқулми? Ана шу мавзуда икки хил қарашдаги тингловчи баҳслашди.

Ўзбекистонда 1945 йилдан 1999 йилгача 9 май фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни сифатида тантанали нишонланиб келинди. 1999 йилда президент Ислом Каримов таклифи билан бу кун Хотира ва қадрлаш куни ўлароқ умумхалқ байрамига айлантирилди.

Ўша пайтда тирик бўлган аксарият уруш ветеранлари бундан норози бўлса-да, ҳеч ким бунга қарши чиқолмади.

Ўзи тарихда коммунистик партиянинг Ўзбекистондаги лидери бўлган Ислом Каримов бу партия асоратларини мамлакатда тугатиш мақсадида 9 майдан Ғалаба байрами сўзини олиб ташлаттиргани айтилади.

Бу билан Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларига қўйилган бир қанча ҳайкаллар ва хотира ёдгорликлари йўқ қилинди. Ўзбекистонлик генерал Собир Раҳимов номига қўйилган кўчалар, туман, метро бошқа номга ўзгартирилди. Ҳатто марказий газеталарда суратлари чоп этилган уруш ветеранлари кўксидаги собиқ иттифоқдан қолган орден ва медаллар ҳам кўринмас қилиб ретуш қилинди.

Тарихчиларнинг айтишларича, бу билан Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабадаги ўзбек халқининг ҳиссасига соя ташланди.

1999 йилдан буён Ўзбекистонда 9 май Ғалаба байрами сифатида эмас, балки мунгли ва мотамли хотира куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Россиядаги меҳнат муҳожирларидан бири Москвадаги байрам тантаналарини ўз кўзи билан кўрганидан кейин 9 май куни Озодликнинг "Эркин микрофон"ига шундай деган эди:

“Мана Россияда Ғалабанинг 68 йиллиги катта байрам қилинди. Одамлар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилди. Бизда эса бу кунни мотам куни - ғамгин кун қилиб ташлаган. Тўғри, ўлганларни хотирлаш керагу, лекин асосий нарса эътибордан четда қолиб кетяпти. Нима, фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекларнинг ҳиссаси йўқмиди? Бу кунлар келиши учун 500 мингга яқин ўзбекистонлик қурбон бўлган-ку? Нега биз ўзимизни ўзимиз алдашимиз керак? Хотира учун бошқа бир кунни танлаш керак, ғалабани ғалабадек байрам қилиш керак”, деган эди Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожири.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон президенти ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларини Ғалаба байрами билан табриклади, бироқ ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бундай табрик бўлмади.

Собиқ иттифоқ даврида 31 март куни Хотира куни сифатида нишонланар, ўша куни барча ўтганлар ҳақига оятлар ўқилар, одамлар қабристонларга чиқиб, ободончилик ишлари билан шуғулланар эди.

Ўзбекистонда яна бир хотира куни бор. Ҳар йили 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади.

Айни пайтда президентнинг Ғалаба байрамини хотира ва қадрлаш кунига алмаштирганини қўллаб-қувватловчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Навбатдаги Баҳс майдонига ана шу икки хил қарашдаги муштарий ва тингловчиларни таклиф этамиз.

Ўзбекистонда 9 май кунига Ғалаба байрами номини қайтариш керакми ёки хотира ва қадрлаш куни сифатида қолгани маъқулми?

Қўшни республикалар ва бутун дунё фашизм устидан ғалаба қозонилган кунни байрам қилиб турганда, Ўзбекистонда мотам ва қайғу куни бўлиб туриши тўғрими?


Навбатдаги Баҳс майдонида ушбу мавзуда Наманган вилоятининг Поп туманида истиқомат қилувчи 60 ёшли тарих ўқитувчиси Баҳодир Салимов ҳамда Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, иккинчи жаҳон уруши фронт орти ишларида иштирок этган 95 ёшли Раҳмон бобо Ҳайдаров баҳслашди.

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:20 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG