Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:54

Солижон Шариповнинг отаси оламдан ўтди


Шокиржон ота ҳаётининг аксар қисмини Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири бўлмиш Ўзганда ўтказган.
Шокиржон ота ҳаётининг аксар қисмини Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири бўлмиш Ўзганда ўтказган.
12 май куни тунги соат 1.30 ларда қирғизистонлик фазогир Солижон Шариповнинг отаси Шокиржон ота вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка отанинг қариндошларидан бири, ўзганлик Баҳодиржон маълум қилди.

85 ёшни қоралаган Шокиржон ота, ўғли Содиқжон Шариповнинг айтишича, кейинги йилларда кўп бетоб бўлган.

- Икки-уч йилдан бери кўзи кўрмай қолиб, ётганди. Ўн кундан бери овқат ҳам емасдан, зўрға-зўрға сув ичиб ётувди. Суюқ овқатлардан бир-икки қошиқ ичириб, қараётгандик, - деди Содиқжон ака.

1929 йилда туғилган Шокиржон ота, ўзганликларнинг айтишича, умрининг кўп вақтини бозорда назоратчилик, бозорқўмлик қилиб ўтказган. У кишини яқиндан билганлар Шокир отани беозор, аммо ҳақгўй одам бўлганини эътироф этадилар.

- Шокир ака Ўзгандаги энг обрўли инсонлардан бири эди. Бу одам бир умр бозорда ишлаб ўтди. Оддий сборчидан бозорком раиси лавозимигача кўтарилган. Ўз иш фаолияти давомида у 14 марта раисликдан тушиб, яна 14 марта қўйилган. Қачон раис ишдан олинганда бу одам қўйилаверади, кейин бошқа номзод келганда жойини бўшатиб бераверади – шунақа камтар инсон эди, хафа ҳам бўлмасди. Бозорқўм деганда салбий образ пайдо бўлиши мумкин кўпчиликнинг кўз ўнгида. Лекин бу одамнинг уйи, моддий аҳволи доим ўртача бўлган – ошиб-тошиб кетган эмас, 2-3 қаватли уйлар қуриб юборган эмас. Ўртаҳол яшаб, болаларига ҳалол ризқ едириб, чиройли қилиб катта қилди, айниқса Солижонни жуда яхши тарбиялади. Бу одам болаларини ўта камтарликка ундаган, ҳалолликка ўргатган. Болаларини ҳам кундалик тартиб билан тарбиялаган. Масалан, Солижон кичкиналигида кечқурун ўтиришга борадиган бўлсак, соат 9 ларга борибоқ: “Мен дадамга ваъда бергандим 9 да келаман, деб, мен боришим керак” деб, уйга кетиб қоларди. Дадасининг гапидан чиқмай, чиройли тарбиясини олган у. Шокир аканинг камтарлиги болаларининг тарбиясига ҳам яхши таъсир қилган бўлса керак, деб ўйлайман, - дейди Шариповлар хонадонига яқин бўлган кишилардан бири, Ўзган археология-архитектура музей мажмуасининг бошлиғи Авазбек Турсунбоев.

Суҳбатдошимизга кўра, Шокиржон ота беш ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказган. Россия ва Қирғизистон қаҳрамони, ўзбеклар ичидан чиққан ягона фазогир Солижон Шарипов отанинг тўртинчи фарзанди бўлиб ҳисобланади.

Ўзганлик Баҳодиржоннинг айтишича, икки кун аввал Шокиржон отанинг набираси – Содиқжон аканинг қизи турмушга узатилган. Тўй муносабати билан узоқ-яқиндан қариндош-уруғлар, хусусан, Солижон ака ҳам Ўзганга келганди.

Бугун пешин намозидан сўнг жанозаси ўқилган Шокир ота Ўзган автобазаси яқинидаги “Қиличбурҳон” қабристонида дафн этилди.
XS
SM
MD
LG