Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:57

Чеховдаги отишмада 6 ўзбек яраланди


12 май куни Москванинг Чехов туманида бўлган отишма ва оммавий муштлашув натижасида Ўзбекистоннинг 6 фуқароси жароҳатланди. Полиция маҳаллийлар ва ўзбек ишчилари ўртасидаги жанжал футбол майдонида содир бўлганини айтмоқда.


12 май куни Москванинг Чехов туманида бўлган отишма ва оммавий муштлашув натижасида Ўзбекистоннинг 6 фуқароси жароҳатланди. Полиция маҳаллийлар ва ўзбек ишчилари ўртасидаги жанжал футбол майдонида содир бўлганини айтмоқда.

Ўтган якшанба куни Подмосковьенинг Чехов шаҳарчасидаги мактаблардан бирининг футбол майдонида тўп тепаётган ўзбек муҳожирлари ва маҳаллий ёшлар ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида ўзбекистонликлар жароҳатлантирувчи тўппончадан яраланди.

Бу хабарни Озодлик радиосига тасдиқлаган Москва вилоят ички ишлар бош бошқармаси матбуот маркази ходимаси Марина Лазаревага кўра, Чехов туманида истиқомат қилувчи 26 ёшли илгари судланган шахс ҳужумда иштирок этганликда айбланиб, қидирувга берилган.

- 12 май куни, тахминан соат 22 ларда Чехов полицияси навбатчилик бўлимига туман шифохонасидан олти нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилгани тўғрисида хабар келди. Улар маст ҳолатда экани ҳам аниқланди. Ўзбеклардан иккитаси ўқотар қуролдан жароҳат олди, қолганлар ҳам травматик қуролдан яраланди. Уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин тўрт киши амбулатория даволанишига қўйиб юборилди, деди ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилмаганини гапирган Марина Лазарева.

Терговчилардан олинган маълумотга биноан, маҳаллийлар ва муҳожирлар ўртасидаги футбол ўйинида ютқазиб қўйган ёшлар шу тариқа "адолат ўрнатмоқчи" бўлган. Ҳужум қилганларнинг иккитасида тўппонча бўлгани, қолганлар таёқ ва арматурадан фойдалангани айтилмоқда.

Маҳаллийлар футбол ўйнаётган муҳожирларга “Бей чурок!”, деган ҳайқириқ билан ташланган ва футбол томоша қилгани келган 50 га яқин муҳожирни тарқатиб юборган.

“Комсомольская правда” Чеховда меҳнат муҳожирларига олдин ҳам бундай ҳужумлар уюштирилиб турганини аниқлаганини хабар қилди. “Бу маҳаллий бекорчиларга эрмак – ичиб олиб мигрантларни кўпчилик бўлиб дўппослаш”, дейди ҳодиса гувоҳи бўлган чеховлик аёллардан бири.

Чехов туман 1- марказий шифохонасида футбол майдонидан 12 май куни етти киши олиб келинганини маълум қилишди.

- Олиб келинганлардан икки нафари травматология бўлимига ётқизилди. Уларнинг аҳволи нисбатан дуруст, улар резина ўқлар билан яраланган, деди шифохона мудираси Людмила Бабишейхова.

Чехов туман полиция бошқармасида Озодликка ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши ҳозирча очилмагани, дастлабки тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилишди.

Отишмани уюштирганликда айбланаётган 26 ёшли чеховлик фуқаро қидируви давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG