Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:24

Бузилган гаражга товон пули бериладими?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Тошкент шаҳрида давом этаётган металл гаражларни бузиш жараёни билан боғлиқ саволларга жавоб излаймиз.

Тошкентда гаражларни бузиш жараёни бошлангач, OzodJavobга муштарийлардан жуда кўплаб саволлар келди. Бу саволлар “Гаражларнинг бузилиши қонунийми?”, “Гаражни бузиш ҳаражатлари қопланадими?”, “Гараж учун ҳукумат товон пули тўлайдими?”, “Бузилган гараж ўрнига бошқа жой бериладими?” каби мазмунда бўлди.

3500 долларлик гараж металлоломга айланди

Ўтган йилнинг августида Тошкент шаҳрида яшовчи Нигора опа 3500 АҚШ долларига баҳоланган гаражини маҳалла фаолларининг талаби билан икки кун ичида бузиб, металлоломга топширди.

- Икки кун ичида гаражларни бузинглар, бўлмаса суриб ташлаймиз, булдозер билан дейишди. Сразу бориб буздик. Гараж ўрнига жой берамиз деган гап бўлгани йўқ. Олиб кетинглар, гараж мумкин эмас, деди фақат. Бизнинг энди участкамиз бор. Сразу бузиб олиб келдик, дейди Нигора опа.




Суҳбатдошга кўра, гаражи бузилган шахсларга ҳокимлик томонидан товон пули тўланиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган.

- Қанақа компенсация? Икки кунда буза олмаганларникини ўзлари булдозер билан суриб ташлади. Бир хиллар отпускада бўлган шу пайтда. Шуларникини просто суриб қўйди четга олиб. Кимники деб сўраб ҳам ўтирмади, дейди Нигора опа.

Гаражга қарши кураш

Пойтахтдаги гаражлар бузилиши Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг гаражлар борасидаги қарори.
Тошкент шаҳар ҳокимининг гаражлар борасидаги қарори.


Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усманов гаражларни бузиш тўғрисидаги сўнгги қарорини жорий йилнинг 8 апрелида имзолаган. 15 апрел куни матбуотда эълон қилинган ушбу қарор “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида” деб номланган.

Мазкур қарорга кўра, жорий йил охирига қадар шаҳарда 23 мингдан зиёд темир гараж бузилади. 2014 йил охиригача эса жами 40826 та гараж бузилиб, улар ўрнида шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган, мунтазам қўриқланадиган ёпиқ ва очиқ автостоянкалар барпо этилади.

Аслида пойтахт гаражларига қарши кураш Тошкент шаҳар ҳокимининг аввалги қарори асосида 2011 йилнинг охиридан бошланган.

Уч кун ичида гараж бузилмаса куч қўлланилади

Тошкентликларга кўра, маҳалла фаоллари гараж эгаларини "уч кун ичида гаражларини бузиб, жойни бўшатиб қўйишлари" ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, агар гаражлар белгиланган мухлат ичида бузилмаса, ҳокимлик уларни уч кун ичида бузиб, бузиш ҳаражатларини ҳам гараж эгаларидан ундириб олиши мумкинлиги таъкидланган.

Бу каби радикал чоралар, "бугунги кунда шаҳардаги темир гаражлар замонавий архитектура талабларига жавоб бермаслиги, мавзе қиёфасини бузаётгани ва ҳавфсизлик чораси сифатида" изоҳланмоқда.



Гаражларни бузиш ҳаражатларини талаб қилиш мумкин

Пойтахтдаги гаражлар бузилишининг ҳуқуқий тарафларини ўрганган Ташаббус ташкилоти фаоли, ҳуқуқшунос Миракмал Ниязматовга кўра, қўлида мулкка эгалиги бўйича ҳужжати бор фуқаролар гаражни бузиш ҳаражатларини ундиришлари мумкин.

- Қонунчиликда, хусусан, Фуқаролик кодексида ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар тушунчаси мавжуд. Иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган биноларга ўзбошимчалик билан қурилган бинолар дейилади. Фақатгина шу ҳолатда қурилган иморат ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан бузилиши керак. Фақат суд қарори билан ўзбошимчалик билан қурилган деб топилиши керак. Тошкент шаҳар ҳокими ёки маҳалла комитети ва бошқа ташкилотлар чиқарган қарор остида маълум бир қурилган иморат ўзбошимчалик билан қурилган иморат, деб топилиши мумкин эмас, дейди ҳуқуқшунос Ниязматов.

Гаражлар бошқармаси: бузилган гараж ўрнига жой берилади

Тошкент шаҳар гаражлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, гаражи бузилган фуқароларга янги қурилаётган замонавий автостоянкалардан жой ажратилади. Лекин бунинг учун фуқаро қўлида гаражга эгалигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим.

- Стоянкалар қурилади, шу стоянкалардан гараж эгаларига жой берилади. Бизнинг ўзимизда 19-кварталда, 16- кварталда бор. Уларда списка бўйича, ордери бўйича жойланган.

Озодлик: Текинга бериладими бу?

- Пулга эмас. Текинга фақат ҳар ойда взносини тўлаб туришади. Взноси ойига 18 минг сўм.

Озодлик: Ўша жойдан агар ордери бўлмаса қанчага жой олиш мумкин?

- Уни келсангиз гаплашамиз. Бу ерда хўжайинлар бор. Сизга ҳозир бир нарса дея олмайман, деди пойтахт туманларидан биридаги гаражлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

“Стоянка” эгаси: ҳеч кимга текин жой йўқ!

Озодлик мухбири Тошкентда бузилган гаражлар ўрнига замонавий кўринишдаги автостоянка қураётган тадбиркорлардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Тадбиркорга кўра, автостоянкадан жой олиш учун аввал 400 минг сўм пул тўлаш керак, кейин ҳар ойда 20 минг сўм бадал пули тўланади.

- Мана ҳозир қуруқ, ҳали асфалт қилинмаган жойга 20 миллион сўм ҳаражат қилдим. Меники энди 150та машинага мўлжалланган жой. Лекин ҳали бунинг асфалти йўқ. Яна менга 40 миллион сўм асфалтнинг ўзига керак. Энди қаранг 20 миллион+40 миллион бу 60 миллион сўм пул бўлаяптида.

Озодлик: Шунда бир одамга қанчадан тушади?

- 60 миллионни 150талик жойга бўлганда 400 минг сўмдан айланаяпти.

Озодлик: Шапкаси ҳам борми?

- Йўқ. Менда ҳеч қанақа шапка йўқ. Менгачи ўша қилган ҳаражатимнинг первоначално суммасини тўлаб берса бўлди. Ўзимнинг пулимни қайтариб оламанда. Ўшанда ҳам 60 фоизини оламан. У ëғи кейин йиллар давомида тўланиб борилади. Масалан машинаси бор пенсионерлар “йил давомида бўлиб-бўлиб, тўлаб бораман”,деяпти.

Озодлик: Взнос ойига қанча бўлади?

- Тахминан ҳисоб-китобимиз бўйича 20 минг сўмдан. Энг минимал оплатамиз.

Озодлик: Ордери бор одам ҳақиқатан текинга олиши мумкиинми?

- Ордери бўлса ҳам барибир тўлайди.

Озодлик: Унда ордери бор йўғининг фарқи йўқ эканда.

- Унинг фарқи йўқ. У уже хусусий стоянка бўладику, деди тадбиркор суҳбатдошимиз.



Ҳеч ким бузилган гаражи учун “курашмади”

Озодлик суҳбатлашган тошкентликларга кўра, бугунги кунда гаражи бузилган бирор одамга бошқа жойдан машинасини қўйиш учун жой ажратилмаган ёки янги жойдан жой берилиши ҳақида бирор ҳужжат қўлларига берилмаган.

Гаражлар бузилиши билан боғлиқ жараённи ўрганаётган тошкентлик журналистларга кўра, шу пайтгача гаражи бузилган бирор фуқаро ўз мулки учун товон пули талаб қилмаган.

“Товон пули учун судга мурожаат қилинг”

Ҳуқуқшунос Ниязматовга кўра, гаражи бузилган фуқаро агар қўлида мулкка эгалик ҳақидаги ҳужжати бўлса, товон пули ундириш ҳуқуқига эга бўлади.

- Мулк эгасига биринчи навбатда бузилмоқчи бўлган хусусий мулкка тенг равишда жой ажратилиши керак. Ёки ўша мулкка тенг равишда мулк берилиши керак давлат томонидан. Ёки компенцация тўланиши керак. Бузилишлар бошланишидан аввал. Гараж бузилишидан норози бўлганлар судга мурожаат қилиб, уларнинг гаражга бўлган мулк ҳуқуқи бузилганлигини даъво қилишлари керак. Эътиборга молик жиҳати шундаки, фуқаро судга мурожаат қилганда, яъни мол мулкидан маҳрум этишдаги бундай ишлардан давлат божи олинмайди. Шу билан бирга албатта суд ишига тайëрланиш учун гаражга тегишли бўлган барча ҳужжатларни тайëрлаб қўйиш керак. Кўпгина мулк эгаларида гаражга бўлган мулк эгалигини исботловчи ордерлар мавжуд. Эски совет вақтида берилган ҳужжатлар бор. Барча ҳужжатларни бир жойга йиғиб, тайëр қилиб қўйиш керак. Бундай ишларда албатта малакали ҳуқуқшунос, адвокат билан ишлаш керак. Ишни албатта судга ошириб, компенсация миқдорини ҳам аниқ белгилаб бериш ҳақида илтимос қилиш керак, дейди ҳуқуқшунос.

“Ҳужжати йўқ фуқаро ҳам товон пули олиши мумкин”

Ҳуқуқшунос-суҳбатдошимизга кўра, агар фуқаронинг қўлида гаражга эгалик ҳақида ҳужжати бўлмаса ҳам ўз ҳуқуқлари учун курашиши мумкин.

- Судга мурожаат қилиб биринчи навбатда гаражга бўлган эгаликни исботлаш учун амалий ишларни бошлаш керак. Яъни бунда гараж эгаси гаражга бўлган эгалигини исботловчи турли хил ишларни амалга ошириши мумкин. Бунда мисол учун мурожаат қилаётган киши қўшниларидан тилхатлар олиши мумкин. “Ҳа бу киши палончи йил сотиб олган”. “Шунча йилдан буён эгалик қилиб келаяпти”. “Шунча йилдан буён гаражни ишлатиб келади. Уни тузатади”. Ва ҳакозо мазмунда. Тилхатлар, кўрсатмалар олиши мумкин. Судга мурожаат қилиб, мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин. Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаганлар шундай иш тутишлари мумкин, дейди ҳуқуқшунос.



“Ҳоким қарори-муаммоли”

Ҳуқуқшунос Миракмал Ниязматовга кўра, аслида Тошкент шаҳар ҳокимининг 8 апрелдаги гаражлар тўғрисидаги қарорининг ҳуқуқий жиҳатдан муаммоли жиҳатлари борлиги учун гаражлар бузилиши билан боғлиқ саволларнинг аксари жавобсиз қолаяпти.

- Мисол учун қарорнинг кириш қисмида гаражлар шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига жавоб бермаëтганлиги айтилади. Шу ўринда табиий савол туғилади. Гаражларга қўйилган шаҳарсозлик норма ва қоидалари нималардан иборат? Уларга гаражлар жавоб бермаëтган бўлса, гараж эгаларига биринчи навбатда уларни бартараф этиш имкониятини бериш тўғри бўлмайдими? Хусусан тегишли давлат органларига мурожаат қилиб, улардан рухсатнома олиш каби талаблар қўйилиши тўғрироқ бўларди деб ўйлаймиз. Чунки акс ҳолда ҳозирда давом этаëтгани каби ëппасига гаражларни бузишда мулк эгаларининг ҳуқуқлари бузилаëтганлиги яққол кўринаяпти. Шу билан бирга қарорда биринчи навбатда бузилган гараж эгаларига турар жойлар ажратиш кераклиги айтилиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш амалга оширилиши белгиланган. Аммо бу ҳолат қандай амалга оширилади? Хусусан қайси давлат органлари бунга масъул бўлади? Бузилган гараж эгаларига қаердан жой ажратилади? Уларга бериладиган жой қанақа қилиб амалга оширилади, расмийлаштирилади каби масалалар ëритилмаган, дейди ҳуқуқшунос Ниязматов.

Пойтахтдаги гаражлар бузилишининг ҳуқуқий тарафларини ўрганган Ташаббус ташкилоти фуқароларга бир қатор амалий маслаҳатлар ҳам беради. Жумладан, ташкилот ҳуқуқшунослари гараж эгаларига Ўзбекистон Адлия вазирлигининг On-line қабулхонаси ва ишонч телефонлари, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари ёки маҳаллий ҳокимликлар, шаҳар прокуратураси ва Президент девонига ҳам мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади.


Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.



Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:22 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG