Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Пенсия пули берилмаётганидан шикоят қилганлар кўпайди


“Охирги икки ой ичида пенсионерларга пенсия пули бериш чўзиляпти ва банкларда нақд пул муаммоси актуал бўлиб турибди”. Озодликка электрон почта орқали мактуб йўллаган тингловчидан ана шундай хабар келди. Ундан аввал ҳам Ўзбекистон вилоятларида яшовчи кекса ва ногиронлар пенсия ва нафақа пули вақтида берилмаётганидан шикоят қилиб келаётган эди.



Ўзбекистонликлар пенсия ёки нафақалар ўз вақтида берилмаётганидан шикоят қилиши янгилик эмас. Бироқ сўнгги ҳафталар давомида пенсия ва нафақалар вақтида берилмаётганидан шикоят қилувчилар кўпайди.

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидан Озодликка қўнғироқ қилган кўзи ожиз Қудратилла ногиронлик нафақасини бир оз кечроқ олганинини, аммо бошқа пенсионерларга пул етмаганини айтади.

- Менку олдим. 17 май куни олдим. Умуман Нарпай туманида ойма-ой вақтида бериб бораëтган эди. Лекин мана шу май ойида анча кечикиб кетди. Бизнинг почтамизга бир маротаба пул келди. 50 кишига етган у пул, қолганларга ҳали берилгани йўқ. Одамларнинг ўзи у ëққа, бу ëққа районларга чиққан, суриштирган. Район почтасига борган. “Банкдан бизларга пул бермаяпти. Пул берса, пенсияларингни берамиз”, дейишган. Бизларда пул почтада бериладида. Одамлар орасидаги миш-мишга кўра, банк пул йўл қурилишига ишлатилаяпти, ҳозир маблағ йўқ деган эмиш,- дейди Қудратилла.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида яшовчи Саиджон ҳам, Озодлик билан суҳбатда, 45 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган 72 яшар отаси икки ойлик пенсия пулининг ярмини май ойи ўртасида олганини айтади.

Саиджон пенсия таъминотидаги узилиш сабабини расмийлар текширув ўтказилгани билан изоҳлаганини қўшимча қилди.

- Пенсияни ҳар ойда берарди. Охирги икки ойникини, 10 кун бўлди олиб келиб берди. Шунда ҳам бир ойлигини берди. Кечиктириб беришди. Сабабини текшириш ўтказилгани билан изоҳлашди. Докторларнинг айби дейдими, баъзи бир оилаларда битта касали бўлса, иккита-учта ëш соғлом болаларни ҳам қўшиб, иккинчи тоифа ногирон қилиб расмийлаштириб пенсияга чиқаришган экан. Шунга пул муаммо бўлган деб айтишяпти. Яна билмадик,- дейди Саиджон.

Унга кўра, Бойсун туманида сўнгги 2-3 йил давомида пенсия ва нафақалар вақтида берилган фақат сўнгги ойларда пул тақчиллиги сезилган.

Айни пайтда, Хоразм вилоятининг Урганч туманида яшовчи 76 яшар Ражаб ака ўзи яшайдиган туманда пенсия пулини олиш муаммо эмаслигини айтади.

Ражаб ака буни маҳаллий расмийлар пенсия ва нафақалар ўз вақтида берилиши масаласига жиддий эътибор қаратиб, назоратни кучайтиргани билан изоҳлади.

- Бизларда пенсияни вақтида бераяпти. Яқиндан бошлаб пенсия берадиган почтачиларнинг ëнига назоратчилар ҳам қўйишди. “Пенсияни вақтида олиб турибсизми йўқми? Почтачи 5-10 сўм олиб қолмайдими?” деб сўраб. Ҳайрон бўлиб ўтирибман. 1995-1996 йилларда бир-икки ойлаб пул берилмаган пайтлар бўлган. Сўнгги икки йилда узлуксиз вақтида бериб туришибди. Бошқаларга ҳам вақтида бериб туришибди. Бир ҳафта - 10 кун ичида беришмаса, почтахонанинг олди одамларга тўлиб кетади. Ҳоким “Бирорта одамни почта олдида кўрмайлик. Вақтида уйига олиб бориб берасан” деб қаттиқ топшириб қўйган,- дейди Ражаб ака.

Пенсия ва нафақалар тўлаш учун нақд пул етишмаётгани ҳақидаги иддаони ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига қўнғироқ қилди.

Ўз исмини айтмаган банк ходими, Озодлик билан суҳбатда, пенсия ва нафақа пуллари почталарга ўз вақтида пул етказиб берилаётгани, банкларда нақд пул тақчиллиги йўқ, дея таъкидлади.

Банк ходими пенсия ва нафақалар ўз вақтида тарқатиш учун почта идоралари масъул эканини қўшимча қилди.

- Банклар график асосида почтани пул билан таъминлайди. Почта қандай, қайси тартибда тарқатади уни билмаймиз,- деди Марказий банк расмийси.

Банклар почтага ўз вақтида пул бераётган бўлса, пенсия ва нафақа олалмаётган фуқаролар қаерга мурожаат қилиши керак?

Бу савол билан Озодлик Тошкентдаги Саноатқурилиш банкига мурожаат қилди.

Банк ходимларидан бири пенсионерлар ўз пулларини ололмаса, ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб муаммони ҳал қилиши мумкинлигини айтди.

- Ўша борган почтасида ишонч телефони бўлади. Ёки Адлиянинг телефони бўлади ёки пенсионерлар билан ишлайдиган юқори органнинг номери бўлади. Телефон қилиб тушунтирсангиз муаммони ҳал қилиб беришади. Ҳақиқаттан, банк пул бермаганми ёки бошқа проблемами. Ўша ерда катта қилиб ишонч телефони ёзиб қўйилган бўлиши керак. Пенсионерлар пули биринчи навбаттаю,- деди ўз исмини айтмаган Саноатқурилиш банки ходими.
XS
SM
MD
LG