Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Салонларда машина сотиш тўхтади, доллар яна кўтарилди



Тошкентнинг Фарҳод бозоридаги “қора бозор”да пайшанба куни АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати 2850 сўмни ташкил этди.

- Бугун доллар яна кўтарилди. Олиш 2800, сотиш 2850 сўмдан, деди исми сир қолишини истаган Фарҳод бозоридаги сарроф.

Ҳафта бошида Ўзбекистондаги салонлар тўсатдан автомобил xаридорлари билан шартномаларни сўмда имзолай бошлаши ортидан салонлар олдида навбат кўпайиб, долларнинг қора бозордаги қиймати 2700 сўмга тушиб кетган эди.

Пайшанба куни автосалонларда xаридорлар билан шартнома имзолаш тўхтагани эълон қилинганидан кейин "қора бозор"да доллар яна кўтарилгани кузатилaяпти.

Машина бизнеси билан шуғулланувчи Тоҳир исмли тошкентлик тадбиркорнинг айтишича, “қора бозор”да АҚШ долларининг қиймати бир неча кун ичида тушиб кўтарилгани айнан автомобил бозоридаги аҳвол билан боғлиқ:

- Ўзбекистонда машина олиш учун истаган пайт салонга бориб шартномани имзолай олмайсиз. Салонлар шартнома беришни бошлаши билан доллар тушиб кетади. Чунки шартнома имзолангандан кейин xаридорлар машина нархини 80 фоизини олдиндан тўлаши керак бўлади. Бунақа ҳолатда машина олувчилар йиғиб қўйган долларларини сўмга алмаштира бошлашади. Бозорда сўмга талаб ошиб, доллар тушиб кетади, дейди Тоҳир.

Автохаридорлар халта-халта сўмни кўтариб, автосалонларга ёпирилиши билан боғлиқ саросима узоққа чўзилмади.

Ўзбекистондаги автосалонларда харидорлар билан шартнома имзолаш яна тўхтади:

- Ҳозир шартнома тўхтади. “Malibu”га бор фақат, бошқаларига йўқ. Кутасиз. Телефон қилиб туринг, яна очилса айтамиз, деди Тошкентдаги “UzDawooAuto”салони ходими.

Ташкентлик тадбиркор Тоҳирнинг айтишича, автосалонларда бунақа аҳвол биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Унга кўра, Ўзбекистон ғазнасига нақд пул керак бўлган пайт аҳолидан сўмни йиғиб олиш мақсадида GM-Uzbekistan автомобил ишлаб чиқариш заводининг автосалонларини ишга солишади:

- Ўзбекистонда ўзи қонун бўйича валютага мол сотиш мумкин эмас. Автосалонларда эса вазият бошқача, автомобилларни хориж валютасида ҳам керак бўлган пайт сўмда ҳам сотишади. Қачон ҳукуматга сўм керак бўлиб қолса, сўмга ўтишади. Керакли миқдордаги нақд пул жамланганидан сўнг, яна аввалги ҳолига қатади, дейди Тоҳир.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда давлат ғазнаси ҳозир бўшаб қолган. Давлат идоралари ходимларига маош, нафақахўрларга пенсия тўлаш билан боғлиқ муаммо юзага келган:

- Аҳолидан сўмни йиғиб олишнинг энг осон йўли бир неча миллион сўм турадиган автомобилларни сотишни эълон қилишдир, дейди Тоҳир.

Ўзбекистонлик нафақахўрлардан пенсиялари берилмаётгани ҳақида Озодлик таҳририятига тинимсиз шикоятлар келмоқда.

Аммо, Ўзбекистон Марказий банки расмийлари давлат хазинасида сўм етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо йўқлигини айтишди:

- Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Пенсиялар ҳаммаси вақтида ёпилган, деди Марказий банк ахборот xизматининг ўз исмини айтмаган масъулларидан бири.
XS
SM
MD
LG