Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Андижоннинг “Наврўз” бозорида куйганлар яна куйди



Андижон шаҳридаги “Наврўз” савдо мажмуасида 2012 йилнинг 6 январига ўтар кечаси содир бўлган ёнғин oқибатида мол-мулкидан ажралиб қолган айрим савдогарлар суд қароридан норози бўлиб¸ Озодликка мурожаат қилдилар.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида Андижон шаҳридаги “Наврўз” савдо мажмуасида 2012 йилнинг 6 январига ўтар кечаси содир бўлган ёнғин юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан судлов куни кеча якунига етди.

Бу ҳақда Озодликнинг “Эркин микрофон”ига ёнғиндан зарар кўрган савдогарлардан бири, 37 яшар Дилдора Абдуллаева хабар қилди.

Абдуллаеванинг айтишича, ёнғин оқибатида мол-мулкидан ажралиб қолган савдогарлар суд қароридан норози.

Бир йилдан кўпроқ вақтдан бери кўрган зарарини ким қоплашига оид саволига судма-суд югура-югура жавоб тополмаётган савдогарнинг айтганларини эшитинг.

- Мен Абдуллаева Дилдора Неъматжоновнаман Андижон шаҳридан. Ëшим 37да. Тадбиркорлик билан шуғулланаман.

Озодлик: Ишлаб чиқаришни ë савдоми?

- Савдо, бозорда савдо қиламан. Шикоятим бор.

Озодлик: Айтингчи.

- 2011 йилда Наврўз савдо биноси ëниб кетган эди. Озодликда ҳам, Би-би-сида ҳам ëритилган эди. Ўша ерда мен ҳам зиëн кўрганман. Иккита дўконим ҳам ëниб кетган ўшанда.

Озодлик: Кўрган зиëнингизнинг умумий нархи қанча бўлган?

- Ўша вақтда терговда 25 миллион деб ëздирганман. Лекин у пайтда роса ваҳимада бўлганмиз, ўртача тахминан 25 миллионни айтганмиз. Тергов жараëнларида даъво қилдим. Жуда кўп одамларни даъводан воз кечтиртиришди дўқ-пўписа билан, солиқдаги муаммолари билан.

Озодлик: Сиздан ташқари ҳаммаси бўлиб нечта тадбиркор зарар кўрди?

- Қонуний рўйхатдан ўтгани 620тами шунақа дейилди. Рўйхатдан ўтмасдан савдо қилаëтганлар ҳам жуда кўпчилик эди. Ўша вақтда 1300 одам дейилган.

Озодлик: Демак, сиз Наврўз масъулияти чекланган жамияти устидан тадбиркор сифатида шикоят қилгансиз-а?

- Ҳа. Суд тугади. Иккита йўналишда кетди суд. Биринчи йўналишдаги суд тугаб, қарор чиққан ерида улар ташлаб кетиб ҳаммаси тўнтарилиб кетди. Иккинчи йўналишда кетаëтган суд ҳам тугади ноқонуний сотиш, бошқа ишлар бўйича. Иккинчи йўналишдаги суд ҳам кеча тугади. Қарорини эшитиб ҳайрон қолдик.

Озодлик: Судянинг оғзидан эшитдингизми ëки миш-мишларни айтаяпсизми?

- Котибадан эшитдим.

Озодлик: Нимаси ëқмаяпти қарорнинг?

- Қониқтирмади.

Озодлик: Нимаси қониқтирмади? Сизга неча пул тўлаб берадиган бўлишди?

- Бир сўм ҳам тўлмайдиган бўлди.

Озодлик: Нима учун?

- Ҳеч кимга бир сўм ҳам тўлашмас экан. Нима учун деганда ëнғинда ҳақиқий сабабчи ҳам топилмабди. МЧЖ бу нарсани бўйнига олмаган экан. Ëнғин бўлса, зиëнларни қоплаймиз, деган ери йўқ экан. Ҳозир мана ижрочи ҳам чиқди. Ижрочи ҳам “Ҳеч нарса қила олмайман. Уларнинг номида ҳеч қанақа мулк йўқ” деб гапирди.

Озодлик: Расман 650 нафар атрофида савдогар қайд этилган экан. Амалда 1000 кишидан кўпроқ. Уларнинг ҳаммаси ëнғинда товаридан ажраб қолган. Шуларнинг бирортаси ҳам товон пули олмадими?

- Расман ҳеч ким олмади. Лекин миш-мишларга қараганда савдогарларнинг ичида тўполон қилганлар, юқори ташкилотларга ëзганларга 5 миллиондан берибди. Улар тинч бўлиб кетди. Ҳозир сўрасам “Бир сўм пул олмадим” дейишаяпти. Лекин ўша вақтлардаги шахди умуман бошқача эди. Пул олмаган одамга ўхшамайди. Миш-мишларга қараганда олишгани билинди, дейди андижонлик савдогар Абдуллаева Дилдора.

2012 йилнинг 6 январига ўтар кечаси Андижон шаҳрининг Эски шаҳар мавзеидаги “Наврўз” савдо мажмуида ёнғин чиққан эди.

Ёнғин тунда бошланиб, эрталабгача давом этган. Тўрт қаватли савдо мажмуидаги барча кийим-кечак, пойабзал, электротехника ва бошқа халқ истеъмоли молларининг ҳаммаси куйиб кул бўлган.

********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG