Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Жиззахлик Набижон Жўрабоев товламачиликда айбланаётгани айтилди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 31 май куни ҳибсга олинган 75 яшар фаол Набижон Жўрабоевнинг товламачиликда айбланаётгани айтилмоқда. Рафиқаси Феруза Жўрабоевага кўра, 3 июн куни адвокат Жўрабоев билан учрашишга муваффақ бўлган.


Тўртинчи кундирки, ҳибсда қолаётган жиззахлик фаол Набижон Жўрабоевнинг яқинлари унинг ҳибсга олиниши сабабларидан тўлиқ хабардор эмаслигини айтмоқда.

Ғаллаорол тумани Ички ишлар бўлимида сақланаётган Жўрабоев билан 3 июн куни учрашган адвокат ҳимояланувчисининг яқинларига ҳибс сабабларига оид баъзи тафсилотларни айтган.

- Рекет, деяптикан. Адвокат шунақа деди, "Рекет дейишяпти", деди. Лекин, Набижон ака ҳеч қаёққа чиқмайди. Ҳар доим ёнимда. Бирданига келишди, олиб кетишди. Бирданига уйда тинтув қилишди. Шу, ҳеч нарсани билмай турибмиз,- деди Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Жўрабоева.

Шу йилнинг 31 май куни Ғаллаорол туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан “ярим соатлик суҳбат”га олиб кетилган 75 яшар Жўрабоев орадан тўрт кун ўтганига қарамай, ҳали ҳам қўйиб юборилмаган.

- 31 май куни эрталаб соат 8 да олиб кетишган. Икки киши фуқаролик кийимида эди, яна битта формалиси машинадан тушмай ўтирди. Ҳеч қанақа қоғоз-поғоз кўрсатишмади. Сал олдин тинтув қилишган, унда ҳам ҳеч қанақа қоғоз кўрсатишмаган эди,- деди Феруза Жўрабоева.

29 май куни Озодлик билан сўзлашган Набижон Жўрабоев уйида тинтув бўлгани ва унинг паспорти, ёзган шикоятлари, баъзи дисклар олиб кетилганини айтган эди.

- 22 майда ҳеч гап йўқ, келиб менинг уйимни тинтиб кетишдида. Мана прокурорнинг санкцияси, деб. Мен 75 ёшли одам бўлсам, мендан нима истамоқчи булар, деб ўтирибман бошим қотиб. Биласизку, мен Озодликка эшиттириш бериб тураман. Ҳокимнинг камчиликлари тўғрисида республикада керак жойларга очиқчасига ёзаман. Шунинг ҳисобига, мендан нима айб топишни билмасдан келиб, уйдаги папкаларимни, диктофонимни олиб кетишди,- деган эди 29 май куни Озодликка сўзлаган Набижон Жўрабоев.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан биридир.

У киши Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган жиззахлик тингловчилардан биридир.

75 ёшли Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.

Рафиқаси Феруза опанинг сўзларига кўра, бундан бир неча йил муқаддам Набижон Жўрабоевнинг уйи номаълум шахслар томонидан ёқиб юборилган.

Жўрабоев ёнғинни уюштирганлар жазосиз қолгани, уларга жазо берлишини сўраб, туман ва вилоятдаги мутасадди ташкилотларга қайта ва қайта мурожаат қилганига қарамай, жиноятчилар жазосиз қолганини айтган эди.

Феруза Жўрабоева эски ёнғин ва ҳозирги ҳибснинг ортида ҳам туман ҳокимлигининг Набижон Жўрабоев тинимсиз танқид қилиб келаётган расмийлари турганини иддао қилмоқда.
XS
SM
MD
LG