Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:42

11 ёшли Муҳаммад оила боқувчисига айланди


 КТК телеканали Муҳаммад Абдуллаев ҳақида қилган кўрсатувидан сўнг 11 ёшли болакай тақдири ҳақида кўплаб мақолалар чоп қилинди.
КТК телеканали Муҳаммад Абдуллаев ҳақида қилган кўрсатувидан сўнг 11 ёшли болакай тақдири ҳақида кўплаб мақолалар чоп қилинди.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик Абдуллаевлар оиласи бошлиғи Икромжон ака ўзбек ҳибсида бир йил давомида ушлаб турилган пайти 11 ёшли Муҳаммад бозорга чиқиб, пул топиб, оилани иқтисодий муаммолар исканжасидан қутқариб қолди.

Тарози ёрдамида оила боққан болакай

Ўтган бир йил давомида 11 ёшли болакай Муҳаммад оила юкини ўз елкасига олиб, икки укаси, синглиси ва онасини боқди.

Муҳаммад бир йил давомида ёзнинг жазирамасию, қишнинг изғиринига қарамай Остона шаҳридаги "Артём" бозорига чиқиб пул ишлади.

Сурат марказида Муҳаммаднинг пул топишига кўмаклашган тарози. (КТК телеканалидан)
Сурат марказида Муҳаммаднинг пул топишига кўмаклашган тарози. (КТК телеканалидан)
Муҳаммаднинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, ҳар куни бозорга тарози олиб чиқиб¸ одамлар вазнини ўлчаб кунига 500 тангадан 1500 танга (тахминан 3,5-10 АҚШ доллари)гача пул топган.

- Папам (отам-таҳр) кетгач тарози билан бозорга чиқдим. Эрталабдан кечгача бозорда турдим. Ўртада мактабга ҳам бориб келардим. Бозорга чиққаним ўқишимга халақит қилмади. Кунига 500-1500 танга пул ишладим. Топган пулимни мамам (онам-таҳр)га олиб борардим. У продукта оларди. Тарозида ўлчанган одамлар кўпроқ пул ташлаб кетган пайтлари ҳам бўларди, дейди Муҳаммад.

Муҳаммад укаларининг "детдом"га берилмаслиги учун бозорга чиқди

Болакайнинг сўзларига кўра, у бозорда турган пайти умуман овқатланмаган ва топган пулининг бир тангасини ҳам сарфламасдан онасига олиб борган.

"Агар овқатга пул етмай қолса, онам мени ва укаларимни болалар уйига бериб юборишидан қўрқиб, пулимнинг ҳаммасини онамга олиб борардим", дейди болакай.

Муҳаммаднинг онаси Назгул Искендирова Озодлик билан суҳбатда эри Ўзбекистонда қамоққа олингач, иқтисодий жиҳатдан қийналган пайти фарзандларини болалар уйига топшириш режасидан Муҳаммад туфайли воз кечганини айтади.

Муҳаммад укаларини болалар уйига берилмаслиги учун ҳар куни бозорга чиқиб, пул ишлади. (Сурат КТК телеканалидан)
Муҳаммад укаларини болалар уйига берилмаслиги учун ҳар куни бозорга чиқиб, пул ишлади. (Сурат КТК телеканалидан)
- Эрим Ўзбекистонга кетганда тўрт болам билан қолдим. Кенжа қизим 7 ойлик эди. Квартирага пул тўлай олмаган кунларимиз бўлди. Мактабда ўқийдиган болаларимни кун совуғида оёқ кийимига ҳам пул топа олмадим. Шундай қийналгач, катта ўғлим Муҳаммадга "ўғлим даданг келгунча сизларни детдомга бериб турай. Мен ишлаб, пул топай. Кейин сизларни детдомдан қайтариб оламан", дедим. Шунда ўғлим йиғлаб, "Йўқ, она бизни детдомга берманг. Ўзим ишлаб пул топаман. Дадам келади, уни кутамиз", деди болам бечора, дейди Назгул Искендирова (йиғлайди).

Ўзбек қамоғидан қайтган ота

Муҳаммаднинг отаси Икромжон Абдуллаев Остонада паспортини ўғирлатиб қўйгач, Ўзбекистонга янги паспорт олиш учун кетган пайти ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган.

Асли Наманганнинг Учқўрғон шаҳридан бўлган 44 ёшли Икромжон Абдуллаевнинг Озодликка айтишича, уни Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтганликда айблаб, бир йиллик шартли жазо беришган.

Расмий Тошкентнинг сўнгги амнистияси туфайли авф қилиниб, яқинда Остонага қайтган Икромжон Абдуллаев ўғлининг қилган ишини жасорат, деб ҳисоблайди:

- Отасининг ўғлида бу. Молодец ўғлим. Доимо уни ёнимда олиб юрардим. Бирор камчилик бўлса дарров аҳволимни сўрарди. Новвойман. Нон тарқатган пайтларим келиб, "чарчаб қолдингизми, мен тарқатайми", деб сўрарди. Жуда эпчил, чаққон бола. Молодец, отасининг йўқлигини билдирмасдан, укаларини боқди, дейди Икромжон Абдуллаев.

Касби новвойлик бўлган Икромжон ака Қазиқурт, Чимкент шаҳарларида новвойлик қилгач, 1997 йил Остонага келиб, қозоқ қизи Назгул билан танишиб, турмуш қурган.

Муҳаммад келажакда бокс чемпиони бўлмоқчи

Муҳаммад отаси Ўзбекистонга кетишидан аввал Остонадаги "Думан" спорт мактабига қатнаб, бокс сирларини ўрганишни бошлаган.

Мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни ҳам олган Муҳаммад отаси қамоққа тушгач, спорт мактабига тўлашга пул йўқлигидан боксга қатнамай қўйди.

Икромжон ака ўғлини яна бокс билан шуғулланишига имконият яратишга ваъда қилади.

Муҳаммаднинг ўзи эса келажакда профессионал боксчи бўлишни орзу қилишини айтади:

- Оллоҳ хоҳласа, боксчи бўламан, дейди 11 ёшли болакай.

Назгул Искендирова ҳам ўғлининг чемпион бўлишига ишонади:

- Муҳаммад - ўзбек ўғлони. Ҳали миллатдошингиз чемпион бўлганидан сизлар ҳам фахрланасизлар, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Назгул Искандарова.

КТК машҳур қилган болакай

Қозоғистоннинг КТК телеканали Муҳаммаднинг бир йил давомида бозорда пул топиб, оиласини боққани ҳақида қилган кўрсатувидан кейин Қозоғистон матбуотида Муҳаммад ҳақида жуда кўплаб мақолалар чоп этилди.

Қозоғистон қонунларига кўра, фарзандини меҳнатга жалб қилган ота-оналар жаримага тортилиши лозим.

Лекин Остонадаги Болаларни ҳимоя қилиш департаменти кўп болали Абдуллаевлар ҳимоясига чиқиб, оилага жарима эмас, ёрдам беришга қарор қилган.

Ҳозирда Икромжон Абдуллаев Остонадаги кафелардан бирига ишга жойлашаяпти. Унинг рафиқаси Назгул Искендирова эса куни-кеча шаҳардаги шифохоналардан бирига санитар бўлиб, ишга кирган.

Мақола сайтга тайёрланаётган пайт Абдуллаевлар оиласидан сўнгги янгилик келди: Остонадаги Болаларни ҳимоя қилиш департаменти кўмагида Муҳаммад 7 июндан бошлаб бокс мактабига қатнай бошлайди.
XS
SM
MD
LG