Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Россияда “муҳожир ови” давом этмоқда


Петербург полициясининг Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал миграция хизмати ходимлари билан биргаликда жума куни ўтказган қўшма рейди чоғида Россия шимолий пойтахтидаги Салов кўчасида жойлашган бозордан 146 нафар муҳожир тутилган.

Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аксарияти ўзбекистонлик ва тожикистонлик бўлган бу муҳожирларнинг 10 нафарини Россия Федерациясидан депортация қилишга қарор қилингани айтилмоқда. Қолган муҳожирларга нисбатан эса маъмурий қонунбузарлик ҳақида баённомалар тузилган.

Матбуот хизмати маълумотларига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилган муҳожирлардан кўпининг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки ишлаш учун рухсатнома бўлмаган.

Хабарларга кўра, Салов кўчасидаги бозорда рейд ўтказганларни миграция ва диний масалалар қизиқтирган. Хусусан, бозор ичидаги намозхонада тинтув ўтказилган ва у ерда топилган қатор материаллар экспертизага юборилган.

Йил бошидан буён петербурглик тартиб посбонлари ноқонуний мигрантларга қарши бир неча амалиёт ўтказганлар. Ана шундай рейдлардан энг шов-шувлиси шу йилнинг 8 феврал куни “Апраксин двор” бозорида ўтказилган бўлиб, мазкур рейд чоғида махсус топшириқлар бажарадиган ходимлар бозор ичидаги намозхонани ўраб олган ва Жума намозидан кейин, расмий маълумотларга кўра, 271 кишини қўлга олганлар. Улардан бир қисми кейинчалик Россиядан бадарға қилинган.

Бу каби рейдлар Москвада ҳам давом этмоқда. Россия Ички ишлар вазирлиги Москва шаҳар бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, куни кеча полиция Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал миграция хизмати билан биргаликда Москванинг Печатники мавзеида рейд ўтказган ва 300 га яқин киши қўлга олинган. Ушланганларнинг 170 нафари муҳожир экани айтилмоқда.

Полиция вакилларига кўра, Печатникидаги тинтув пайтида қатор адабиётлар, шу жумладан, таъқиқланган китоблар рўйхатига кирувчи “Мусулмоннинг қўрғони” ҳамда жанг ҳаракатлари олиб бориш бўйича муҳожид қўлланмаси мусодара қилиниб, экспертизага юборилган. Рейд чоғида 48 кишига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, сўнгги пайтларда Россияда муҳожир овлаш рейдларининг энг катталари мусулмонлар учун муқаддас бўлган Жума кунлари ўтказилмоқда.

Россияда тирикчилик қилиб юрган муҳожирлар аввалроқ Озодлик билан суҳбатда бу рейдлардан энг кўп тартиб посбонлари манфаат топаётганлари, бу амалиётлар улар учун даромад манбаига айланиб қолгани ҳақида гапириб бергандилар.

Маълумотларга кўра, “Нелегал-2013” деб номланган полиция амалиёти давомида ўтган бир ой ичида биргина Москвада жами 21 минг хориж фуқароси турли ҳуқуқбузарлик учун ушланган.
XS
SM
MD
LG