Ўш шаҳрининг Черемушки мавзеида яшовчи кишилар бу ерда икки миллат вакиллари урушмай-талашмай яшаётгани, бироқ онда-сонда бу ерга келиб қолган меҳмонлар жанжал чиқариб турганларини айтмоқдалар.
2010 йил июнида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида содир бўлган қонли воқеалар Черемушки мавзеидан бошланган. 2010 йилнинг 11 июн куни жума намозидан сўнг қуролли оломон мазкур ҳудудга ҳужум қилган. Черемушкиликларга кўра, ўша мудҳиш воқеаларда 10 дан ортиқ одам нобуд бўлган. Мавзедаги 283 уй бутунлай куйиб, кулга айланган, яна 30 дан зиёд уй қисман куйган.
Черемушкининг Рисбай Абдуқадиров кўчасида яшовчи 80 ёшдан ошган Йўлчивой ота Абдуллажонов кампири, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ўғли ҳамда унинг 3 фарзанди билан бирга истиқомат қилади. Йўлчивой отанинг айтишича, қонли воқеалар пайтида унинг уйи бутунлай ёниб кетган. Ўтган вақт мобайнида уйи қурилгани билан ота яшаш учун зарур бўлган маиший жиҳозларни олгани пул тополмай қийналмоқда.
- Уйларимиз ёниб, ҳозир 30-40 фоиз қурилмай турибди. Биров келиб хабар олмайди, ёрдам ҳам йўқ. Ўзимиз қариб қолдик, ёшимиз 80 дан ўтди. Кампиримнинг ҳам ёши 80 га яқинлашиб қолди. Ҳеч қандай ёрдам йўқлиги учун уйларимиз тўла битмай турибди.
Озодлик: Тўполондан олдин неча хонали уйингиз бор эди, ҳозир неча хона қурилди?
- Тўполондан аввал 9 хона уй бор эди. Ҳозир 7 хона бўлди. Айвон йўқ бўлди, навеслар бор эди. Кухня қуруқ турибди, полос ҳам йўқ. Институтда ўқийдиган қизим бор, ё сол, ёки табуреткаси ҳам, бошқаси ҳам йўқ. 7-синфдан 8 га ўтган ўғлим бор. Унинг ҳам на ўқиш материали бор, на бошқа нарсаси. Бу болаларнинг отаси 2-гуруҳ ногирони. Булар 5 жон. Биз чол-кампир иккимизнинг нафақамиз билан уй соламизми, буларни боқамизми? Етти жон биз чол-кампирнинг нафақасига қараб турибди, - дейди Йўлчивой ота.
2010 йил воқеалари пайтида Черемушки мавзеининг Гастелло кўчасида истиқомат қилувчи Собиржон Мирзахалилов кенжа ўғли, Ўшдаги Пушкин мактабининг ўқувчиси Сардордан ажраб қолган. Ўзи эса бир оёғидан яраланиб, касалхонага тушган.
Собиржон Мирзахалилов 2010 йили 60 кун мобайнида Ўшдаги вилоят касалхонасида, сўнгра Бишкекда даволанган. Сардор Мирзахалиловни қўшнисининг уйида отиб ташлаганлар эса шу кунгача топилмаган :
- Ўш воқеалари юзасидан тузилган комиссияга ва бошқа жойларга чақиришганда, ўғлимнинг қотилларини топишни талаб қилганмиз, лекин “қилганлар қилиб кетди”, дейишди. Уларни биров танимаса, кўрмаган бўлса, нима ҳам қиламиз, - дер экан Собиржон Мирзахалилов ҳукумат томонидан Ўш воқеалари қурбонлари учун ажратилган 1 миллион сўм товон пули олганини, бир хонали уй олиш учун ҳужжатлар топширилганини қўшимча қилди.
Черемушкаликларга кўра, бугунга келиб мавзеда вазият осойишта. Бу ердаги айрим маҳаллаларда қирғиз-ўзбек аралаш истиқомат қилади. Кичикроқ маиший жанжалларни ҳисобга олмаганда, миллий низо йўқ.
- Одамларнинг бир-бирига ола қараши йўқоляпти. Одамлар бир-бири билан аввалгидек яхши алоқада, салом-алик қилиб юрибди. Уруш пайтлари ҳам бизнинг ҳудудда яшовчи қирғиз-ўзбек орасида тортишув бўлмаган. “Сен ўзбексан, қирғизсан”, дейилмаган. Уйимиз ёнидаги кўп қаватли уйларда қирғизлар яшайди, улар билан ҳам аввалдан иноқ яшаганмиз. Энди, анча-мунча ичиб олган мастларнинг орасида жанжал бўлади. Улар ҳам бу ерга меҳмонга келган йигитлар бўлади. “Сенлар, сартлар, ўзбеклар” деб, маиший жанжал чиқаради, - дейди исми ошкор этилишини истамаган черемушкиликлардан бири.