Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:08

Қаршида шанбаликка чиққан талаба чўкиб кетди


11 июн куни Қарши шаҳрида магистрал канал атрофини тозалашга жалб этилган академик лицей талабаларидан бири сувга чўкиб ўлди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими фаоллари маълум қилди.


Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораеванинг айтишича, жазирама иссиқда ишлаб,терга ботган ўқувчилар магистрал каналига шўнғишган.

Улар орасида бўлган 18 ёшли Уйғун Сувонов ислми талаба чўка бошлаган.

- Улар ўша куни "шанбаликка", деб олиб чиқилган. Ишлаб терлаган болалар: "Сувга бир сакраймиз", дейишган. Уйғун чўкиб ўлган, бир соатдан кейин ғаввозлар унинг жасадини сувдан олиб чиқишган, - деди Қораева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўша кунни ўзидаёқ воқеа гувоҳи бўлган талабалар прокуратурага олиб кетилиб, сўроқ қилинган ва улардан тушунтириш хати олинган.

- Тушунтириш хатида улар: "Субботникка боришга ҳеч ким бизни мажбурламади, ўз хоҳишимиз билан субботникка борганмиз", деб ёзишган, - дейди Гулшан Қораева.

Аммо, синф раҳбарининг айтишича, талабаларни шанбаликка олиб чиқишга буйруқ бўлган, шунга асосланиб улар олиб чиқилган.

Уйғуннинг отаси Тўлқин Сувонов ҳам ўғлининг шанбаликка мажбурлаб чиқарилганини тасдиқлади.

- Бир кун олдин: "Субботникка чиқасизлар", деб айтишганди. Эски кийимда келишлари айтилганди. Ўқишга борган, кейин ўша ердан шанбаликка олиб кетишган. Ҳозир прокуратура буни суриштиряпмиз, деб айтяпти, - дейди марҳум талабанинг отаси Тўлқин ака.

- Шанбалик қурбонлари ҳали кўп бўладими? Жавобгарлик кимни бўйнида? Нега халқни боласи билим олиш ўрнига ҳашарга чиқади?” Ҳали олдинда Ўзбекистонимизнинг пахтаси турибди, пахта сиёсати туфайли қурбонлар бўлмайди, деб кафолат бера олишармикан? - дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилоят бўлими фаоли Гулшан Қораева.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан болалар мажбурий меҳнатига чек қўйишни талаб этиб келади.

12 июн куни Болалар меҳнатига қарши кун муносабати билан Женевада анжуман ўтказган Халқаро Меҳнат ташкилоти бу ҳақда яна бир бор таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинг эксплуатация қилинишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG