Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

“Ўзбек киноси болливуд-ҳолливудларга тақлид қилмасин”


Аюб Шаҳобиддиновнинг "Ўтов" филмидан лавҳа.
Аюб Шаҳобиддиновнинг "Ўтов" филмидан лавҳа.

Шу кунларда Ўзбекистон кино арбоблари орасида қандай кино суратга олиш борасида мунозара кетмоқда.


Бир тарафдан жиддий савия ва юқори малака соҳиби бўлган профессионал киночилар, иккинчи тарафдан эса кино соҳасида билими бўлмаса-да, кино суратга олаëтган ҳаваскорлар ўртасидаги мунозарага қисқа вақт ичида президент маслаҳатчиси ва президентнинг иккала қизи аралашди.

Шу ўринда президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг кинога қарашлари турлича экани аëн бўлди.
Ўтган ой Ҳайриддин Султонов ўзбек киноси бачкана ва сийқаликдан қутулиши лозимлигини урғулаб, актер Мурод Ражабовга дакки берган эди.

Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, агар актёрлар “муносиб рол ўйнамаса”, улардан унвонлар олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бундан сал ўтмай президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова кино идорасига Мурод Ражабов билан келиб, профессионал кино тарафдори бўлган "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Жаҳонгир Қосимовга қарши компромат ëмғирини ëғдирди.

Аснода филмлари бадиий кенгашдан ўтмаган ва профессионал киночилар тарафидан “Хонтахтачи” деб тамғаланган ҳаваскор киночилар гуруҳи “Ўзбеккино” милллий агентлиги раҳбарига ўз эътирозларини мисли кўрилмаган тарзда дадил билдиришди.

Зебо Наврўзова, Жавлон Шодмонов каби киночилар “Севги фариштаси-2”, “Жаноб хотдогчи”, “Хазон” ва “Эркаклар фасли” филми эса бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтмаганидан нолишди.


"Акулалар"нинг "хонтахтачилар"га хуружи

Ўзбек кино устаси Азамат Эргашев "савияси ҳаминқадар" киночиларга қарши эканини яширмайди. Ўз вақтида Москвадаги ВГИК кино олийгоҳини тугатган Эргашев миллат дидини ўтмаслаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дейди.

- Ўзбек киноси масхарабозликдан қутулиши керак. Паст пробадаги бачкана юмор, бўлар-бўлмас ҳазил, "ҳи-ҳи-ҳи"¸ "ҳа-ҳа-ҳа" каби киноларни бадиий кенгаш ўтказмаслиги керак. Кинони профессионал киночилар яхши пул сарфлаб олиши керак, - дейди суҳбатдош.

Shov-shuv.uz интернет сайти эгаси Жасур Ҳамраев Озодлик билан суҳбатда профессионал киночиларни "акулалар" деб атади:

- Кинодаги бу акулалар ëшларга йўл бермаяпти. Улар кино денгизидаги кичик балиқларни еб қўйишмоқда. Бу инсофдан эмас - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Жасур Ҳамраев Ўзбекистонда суратга олинаëтган киноларнинг савияси пастлигини эътироф қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк


Профессионал киночининг ютуғи

Кино арбоблари орасида бу муноқаша қизиган пайтда саҳнада Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева пайдо бўлиб, профессионал киночилар вакилининг пилигини кўтариб қўйди.

Парижда ЮНЕСКО ҳомийлиги остида "Паризод" филмини Лола Каримова француз жамоатчилигига тақдим қилди.

"Паризод" филмидан лавҳа.
"Паризод" филмидан лавҳа.
Бундан сал ўтиб, ўзбекистонлик режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Паризод” филми Ню Йоркдаги Евросиё филм фестивалининг “Энг яхши режиссура учун“ номинацияси бўйича мукофот олди.

Озодлик билан суҳбатда Аюб Шаҳобиддинов бу муваффақият ëзувчи Эркин Аъзамов билан ҳамкорлик самараси эканлигини айтди.

Ню Йоркдаги фестивал совринига лойиқ топилган филм ёзувчи Эркин Аъзамовнинг "Фаришта" киноқиссаси асосида суратга олинган.

Киноасарда тасвирланган қишлоқ ҳаёти, одамлари, фариштадек қизнинг беғубор туйғулари томошабинни ўзига жалб қилади.

Москвалик кино устаси, “Чарли” студияси раҳбари Худойберган Юсупов фикрича, Ню Йоркдаги фестивал доирасида намойиш этилган 25 та филмдан айнан режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Паризод” филмининг танланиши бежиз эмас.

- Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Паризод” филми Италиядаги неореализм оқимига хос поэтик кино намунаси. Бу кино ғояси тасвир ва ишоратлар орқали томошабин шуурига етказилади, - дейди Худойберган Юсупов Озодлик билан суҳбатда.

“Паризод” филми ўтган йилнинг августида Россиянинг “Киношок” фестивалининг Гран-приси соҳиби бўлган эди. Кетма-кет халқаро мукофотларга сазовор бўлаётган бу филм сўнгги йилларда ўзбек киночилари эришган жуда оз муваффақиятлардан бири ҳисобланади.

Озодлик билан суҳбатда Аюб Шаҳобиддинов ўзбек киноси қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб берди.

Суҳбатдош ўзбек киноси Ҳолливудга ҳам, Болливудга ҳам тақлид қилмасдан, ўзлигини топиши керак, деган фикрда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:46 0:00
Бевосита линк


Ҳозирда Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700 га етган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 70 дан зиëд бадиий филм суратга олиниб, экранларга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли филмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаяпти.

Болливуд йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг сони кўпайгани сайин сифат пасайиб кетяпти, деган танқидлар ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG