Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Москваликлар муҳожир фаррошлар ҳимоясига чиқди


Муҳожирларга ҳаққини бермаëтганлар уларни Миграция хизмати томонидан Россиядан депортация қилиниш билан қўрқитмоқда.
Муҳожирларга ҳаққини бермаëтганлар уларни Миграция хизмати томонидан Россиядан депортация қилиниш билан қўрқитмоқда.

Москванинг Шимолий Медведково туманида яшовчи москваликлар мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб митингга чиқди. Айни пайтда¸ “Меҳнат муҳожирлари ҳам москвалик!” шиори остида ўтган норозилик намойишида бирорта муҳожирнинг ўзи кўринмади.


20 июн куни Москванинг шимолидаги Медведково тумани управаси олдида бир гуруҳ маҳаллий фуқаролар ҳамда коммунист-фаоллар иштирокида мигрантлар ҳақлари ҳимоясига оммавий норозилик акцияси уюштирилди.

Маълум бўлишича, Шимолий Медведково туманида фаррошлик қилаётган бир гуруҳ асосан ўзбекистонлик ишчига уларни ёллаган “ДВ-групп” фирмаси томонидан бир неча ойдан буён меҳнат ҳақи берилмаётир.

Норозилар митингига келган Шимолий Медведково управаси ҳокими муовини Любовь Сабирзянова барча айбни пудратчи ташкилотга юклади:

- Муаммонинг бари иш берувчи ва ишга ёлланувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлари доирасида юзага келган. Айтишим керакки, ҳозирда “ДВ-групп” буюртмачига иш ҳақини тўлашга зарур бўлган барча ҳужжатларни топширди. Ҳозир бу ва бошқа ташкилотлар текшируви ўтказилмоқда, ундан кейин пул аниқ ишчилар ҳисобига тушади, дея дудуқланиб ваъда берди Любовь Сабирзянова.

Усмон Баратов билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:35 0:00
Бевосита линк


Бироқ йиғилган фуқароларни ҳокимият расмийсининг бу жавоби қониқтирмади. “Қачон текширувлар тугайди? Қачон фаррошларга ҳақ берилади? Ҳовлиларимиз қачон чиқиндилардан тозаланади?” дея ўраб олишди Сабирзяновани маҳаллийлар.

Москваликлардан бири митингда “Меҳнат муҳожирлари ҳам москвалик!” плакатини кўтариб турди.



Ишчилар ҳақлари ҳимоясига отланган маҳаллий коммунистлар ташкилоти вакили йиғилганларга бир неча ойдан буён маош тўланмаётгани сабабларини тушунтиришга уриниб қўрди. Унингча, “бошқарувчи буржуазия” “меҳнаткаш пролетариат” ҳисобига бойлик орттиришда давом этмоқда:

- Нима учун улар иш ҳақини беришни истамаяпти? Ҳар бир кишидан оз-моздан катта сумма йиғилади – бизнинг вазиятимизда бу 9-12 миллион рубл. Икки ой банкда ушлаб турилса, ҳисоблаб олаверинг қанча бўлишини! Ҳар бир кечиктирилган кун улар чўнтагига мўмай даромад келтираяпти. Қайси ярамас бундай фойда кўряпти? Биз квартира ҳақини тўлаганмиз, кўчаларимизни тозалаётган ишчилар эса ойлик олмаяпти! Бу ерда айримлар “легал-нолегал мигрант”, “москвалик-москвалик эмас” ҳақида гапираётганида уларга жавоб бергим келди: ишчилар ишлаяпти – текинхўрлар фойдаланаяпти. Айнан шу эгри қўл амалдор ва текинхўрларни депортация қилиш керак! деди маҳаллий фуқаролардан бири.

Митингда иштирок этганлардан бири Озодлик мухбирига “Сиз бу ўғриларнинг миниб юрган машиналарини кўрганмисиз?” дея юзага келган вазиятни “21-аср қуллиги”, деб атади.

Аммо митингда кўпчиликни коммунистларнинг қизил байроқлари остида ўтаётган норозилик намойишида меҳнат муҳожирларининг ўзи кўринмаётгани таажублантирди.

Йиғилишга ўзбек фаррошлари, бўёқчи ва сантехниклари ҳуқуқларини ҳимоя қилгани келган Москвадаги “Ватандош” ўзбекистонликлар жамияти раҳбари Усмон Баротов ишчилар фирма раҳбарияти томонидан қўрқитиб қўйилганини билдирди:

- Улар 150-200 киши. Баъзилар икки ой, яна бошқалари икки ярим ой ҳақ олмаган.Уларнинг иш берувчи раҳбарлари қўрқитибди: “Агарда митингга борсанг, умуман ишдан ҳайдаворамиз, Ўзбекистонинг-Тожикистонингга кетаверасан”, деб. Митингда гапиргани учун ишдан ҳайдаворса кимга давосини айтади?! Судма-суд юришга, яшашга шароити йўқ, ишламаса Россиядан чиқиб кетиши керак... Бу нарса умуман Россия бўйича бўлаяпти. Москвада, масалан, Москворецкий районида ҳам кўча супурувчилар забастовка қилган – у ерда ойлигини берамиз деяпти. Бу ерда эса тўлиқ ҳал бўлмаган, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Баротов.

Усмон Баротов¸ ҳужжат бўйича муҳожир ишчиларга 35-40 минг рубл ёзилса, амалда 20 мингдан кам иш ҳақи қўлга берилади, дейди.

Озодлик мухбири билан алоҳида суҳбатда Шимолий Медведковода фаррошлик қилаётган Шуҳратжон¸ асосан¸ ўзбекистонлик бўлган мардикорларни ҳақиқатан хўжалик раҳбарияти ОМОН ва миграция хизмати билан қўрқитганини гапириб берди:

- Катталар айтди “Борманглар! Биз ўзимиз ҳал қиламиз. Сизларни депорт қилади”, деди. Шунинг учун болалар ҳеч ким бормади у ёққа. Ойлик ололмаётганлар жуда кўп, ака. 200 дан кўп. Ҳар жойдан келган – Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан. Улар дворник, сантехниклик, маляр.. Ойлик мартдан бери – 4 ой бўлди – берилмаяпти. Ўша пулни берса кетишимиз керак. Одамлар қўрқиб қолди, ака. Мигрантларнинг кўпи ҳужжатсиз. Лекин ҳамма жонидан тўйган! 3 ойдан бери нима еяпти, нима қўйяпти? Айримлари бола-чақаси билан келган... Шунга қарамасдан ишлаяпти: бўлмаса кетинглар бу ердан, деяпти. Жой йўқ -болалар подвалда, баъзилари мусор камерада ётибди, дейди Шуҳратжон.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк


Муҳожирнинг айтишича, маош ололмаган айрим муҳожир аллақачон ҳафсаласи пир бўлиб ўз юртига қайтиб кетган.

Озодлик билан суҳбатда Шимолий Медведково туман раҳбарияти 15 июлгача меҳнат муҳожирлари олдида йиғилган барча қарзлардан қутилишни ваъда қилди.

Озодлик вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG