Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Ҳасан Чориев жинсий тажовузда айбланмоқда


Яқинларининг айтишларича, икки марта инсулт бўлган ва урологик операцияни бошдан кечирган 71 ёшли Ҳасан Чориев бировга жинсий тажовуз қиладиган аҳволда эмас.
Яқинларининг айтишларича, икки марта инсулт бўлган ва урологик операцияни бошдан кечирган 71 ёшли Ҳасан Чориев бировга жинсий тажовуз қиладиган аҳволда эмас.

АҚШда яшаётган ўзбек мухолифатчиси Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистондаги 71 ёшли отаси Ҳасан Чориев ёш қизни зўрлаганликда айбланиб, ҳибсга олинган.


Бу ҳақда Ҳасан отанинг 42 ёшли қизи Зулайҳо Чориева Озодликка маълум қилди.

- Отамга қасддан ёш қизни номусига тегиш айбини ўйлаб топишяпти булар, - деди Чориева.

Ўзбекистонда нозўравон йўл билан инқилоб қилиш ҳаракатида юрган “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев отасининг қамалиши ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлиқ экани ҳақда айтган.

"Сиёсий фаолиятим учун ҳукумат мендан шу йўл билан қасос олмоқчи", деган Чориев “Росбалт” агентлиги мухбирига.

71 ёшли Ҳасан ота бир неча кун аввал қизига қўнғироқ қилиб, Қашқадарё вилоятининг тергов ҳибсхонасида эканини хабар қилган. Ўшандан буён яқинлари у билан учраша олишмаяпти.

Милиция Ҳасан Чориевнинг ҳибсда ушлаб турилаётгани борасида унинг оиласига хабар қилмаган.

Зулайҳо Чориева отасига қўйилган айблов асоссиз эканини таъкидлайди.

- Етмишдан ошган чол, икки марта инсултни бошдан кечирган, урологик операция қилинган чол бунақа қилиши мумкин эмас, - дейди Зулайҳо.

Ҳасан Чориевнинг яқинлари унга қўйилаётган расмий айблов билан танишиш имконига эга бўлишмаганини айтишмоқда.

Уларга Ҳасан Чориевнинг ёш қизни зўрлаганликда айбланаётгани ҳақида давлат тарафидан тайинланган Убайдулло Жумаев исмли адвокат телефон қилиб айтган.

- Матлуба деган қизнинг даъвосига асосан шундай айблов қўйилаётган экан, лекин унақа аёлни биз танимаймиз. Унинг шикоят аризаси билан бизни таништиришмаяпти. Бу аёл нима деб ариза берган - бу бизга қоронғу. Ҳозир бизга бу ҳақда айтган адвокат ҳам йўқолиб қолди, - дейди Зулайҳо Чориева.

Ҳасан Чориевнинг 65 ёшли турмуш ўртоғи Норой Чориева ҳам эрига қўйилаётган айбловни уюштирилган, деб ҳисоблайди.

- Шу одам билан 46 йил умр кўрганман, уй-жой қилганман, ўнта фарзанд кўрганман, ўттизта невара кўрганман, ёшлари етмишдан ошган, мен ишонмайман у гапга, - дейди Норой ая.

Ҳасан Чориевнинг ўғли Баҳодир Чориев “Бирдамлик” ҳаракати етакчисидир. Расмийлар Ҳасан отани бир неча бор: ”Агар ўғлинг сиёсатга аралашишдан тўхтамаса, қамаласан”, деб огоҳлантиришган.

- Бир неча бор бу ҳақда огоҳлантиришган. Отам эса уларга: “Океан ортида яшайдиган ўғлим учун мен жавоб бермайман”, деган. Ҳозир улар АҚШдаги акам учун ундан қасос олишяпти. Бу қўйилаётган айбловлар аслида уйдирма, - дейди Зулайҳо Чориева.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева ҳам ўз сафдоши Баҳодир Чориевнинг 71 ёшли отасига қўйилаётган айбловни "абсурд", деб атади.

-Мен Ҳасан отани уйларида бир неча марта бўлганман. Жуда меҳмондўст, меҳнаткаш оила. Ўшанда Ҳасан ота ўз мол-мулкини тортиб олган ҳокимиятдан дарғазаб эди. Ҳозир энди, мана шу айбловни ўйлаб топишяпти. Мен Ҳасан отанинг бунақа иш қилишига мутлақо ишонмайман. Бу айблов абсурд, - деди Урлаева.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Шуҳрат Рустамов Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Электрон почта орқали тарқатган номасида у 71 ёшли Ҳасан Чориев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмасига мувофиқ, жорий йилнинг 17 июнь куни кундузги соат 12 да қўлга олингани ва айни пайтда Қаршидаги 5-тергов изоляторида сақланаётганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG