Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Тошкентда янги ҳалқа йўли қуриш жараëнида ўнлаб уйлар бузилди


Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигига қадар пойтахт атрофида қуриб битирилиши режаланган 22 километрлик учинчи катта ҳалқа йўли боис Тошкент вилоятининг беш туманидаги ўнлаб аҳоли уйлари, тижорат масканлари бузилди. Уйсиз қолганларга¸ Озодлик манбаларига кўра¸ бошқа туманлардан 6 сотихлик ер майдони таклиф қилинмоқда.

Уйсиз қолган: Компенсациядан дарак йўқ!

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Эркин маҳалласида яшовчи суҳбатдошимизнинг, исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, янги ҳалқа йўли қурилиши ортидан унинг 8 сотих майдондаги уйи бузилган:

- Бизга Бекобод, Оҳангарон ёки Ангрендан уй таклиф қилишди. Биз бунга рози бўлмадик. Ҳозир ўзимизнинг тумандан фақат 6 сотих ер беришди. Яна компенсация берамиз, дейишди. Лекин қанча суммада бўлишини ҳали айтишмади, деди бу манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳудудидан ўтадиган 22 километр узунликдаги янги қурилаётган ҳалқа йўли боис ушбу туманлардаги ўнлаб аҳоли уйлари бузилди.

Вазиятни ўрганган Озодлик манбасига кўра, шунингдек, йўл ўтаётган ҳудудда жойлашган ўнлаб дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари ҳам бузиб ташланган:

- Кўп жойларда янги йўл эски кўчаларнинг ўрнига тўғри келган. Бу ерларда йўл атрофида фақат маиший хизмат кўрсатиш объектлари, дўконлар жойлашган бўлган. Шунинг учун асосан тижорат масканлари бузилган. Янги йўл туфайли бузилган объектларнинг 10 фоизи аҳоли уйларини ташкил этади, деди Озодлик манбаси.


Ҳокимлик: Аризалар ўрганилмоқда!

Тошкент вилоят ҳокимлигининг Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзини таништирмаган ходимига кўра, ҳозирда янги ҳалқа йўли ўтадиган барча ҳудудлардаги уйлар ва тижорат масканлари бузиб бўлинган:

- Биз аҳолига уй таклиф қилдик. Кейин хоҳловчиларга уйига яқин ҳудудлардан ер участкалари ажратилди. Ер участкаси фақат 6 сотихдан берилди. Чунки ҳукумат қарорига кўра, ҳозирги уйлар майдони 6 сотихдан ошмаслиги керак. Агар ҳовли икки пландан иборат бўлса, уларга 6 сотихдан 2 та ер участкаси берилди. Компенсация пули бўйича мурожаат қилганларнинг аризалари ҳам ўрганилаяпти, деди Тошкент вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик манбасига кўра, янги ҳалқа йўли атрофига, асосан, Намунавий уйлар қурилади:

- Ийк ота, Мажнунтол маҳаллаларида янги йўл атрофида фақат Намунавий уйлар бўлади. Кейинги 1-2 йил ичида бу ерда жами 1000га яқин Намунавий уй қурилиши режалаштирилган. Агар уйи бузилганлар орасида Намунавий уйлардан уй олиш истагини билдирганлар бўлса, уларнинг арзиалари биринчи навбатда қабул қилинаяпти, деди Озодлик манбаси.

Воқеа жойида бўлган бошқа бир манба WhatsApp тармоғи орқали ҳалқа йўли қурилиши боис бузилаётган объектлар суратларини Озодликка йўллади.



WhatsAppдаги манбамиз суратларга қўшиб, вазият бўйича билганларини ҳам Озодлик муштарийлари билан ўртоқлашди:

- Бу ерда уйларни ҳоким буздираяпти. Ўрнига Намунавий қишлоқ уйларидан икки қаватли қилиб қуриларкан. Биринчи қаватида дўконлар, хизмат кўрсатиш сервис жойлари бўларкан. Иккинчи қаватда хонадон эгалари яшаркан. Уйни ўзи қура олса, ўзига қурдирар экан, бўлмаса ҳомий қуриб бераркан. Йўқ деса, Олмалиқ ёки Бўкадан ер бераяпти, дея хабар йўллади WhatsAppдаги манба.

Қурувчи: Мустақилликка ҳадямиз бу!

Янги ҳалқа йўлини “Тошкент кўприк қурилиш” ширкати қураяпти. Ширкат муҳандисларидан олинган маълумотга кўра, йўлнинг 22 километр узунликдаги биринчи босқичини 2015 йилга битказиш режалаштирилган:

- 2015 йил Мустақиллик байрамига, албатта, топширамиз. Бу биринчи босқичи. Ипподром томонда Сергелининг бошланишидаги Эркин маҳалласидан бошланади. Яъни Кичик ҳалқа йўлидан бошланиб, Сергелини айланиб ўтиб, бу ёғи Ийк отадан чиқади. Кейин иккинчи босқични бошлаймиз. Бу Xўжаев кўчаси орқали ўтиб, кўприк қурилади. Кейин 10 километр узунликдаги ҳалқа йўли қурилиб, Катта ҳалқа йўлига қўшилади, деди “Тошкент кўприк қурилиш” ширкатининг исмини очиқламаётганимиз муҳандиси.

Ҳозирда Тошкентда иккита ҳалқа йўли бор - биринчиси, 67 километр узунликдаги Катта ҳалқа йўли юк машиналарини Тошкент шаҳрига кирмасдан олиб ўтиш имконини беради.

Иккинчиси, 32 километр узунликдаги Кичик ҳалқа йўли Учтепа, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларини бир-бири билан боғлайди.
XS
SM
MD
LG