Давлат Думасининг айрим депутатлари носвойни наркотик модда деб тан олинишини қонунийлаштирмоқчи. Муҳожирлар ортидан Россияга кириб келаётган тамаки бу турининг маҳаллий ёшлар орасида оммавийлашиб бораётгани айтилмоқда.
Нос – енгил наркотик моддасими?
Россия парламентининг қуйи палатаси бир гуруҳ аъзолари носвой савдоси учун жиноий жавобгарлик киритиш ташаббуси билан ҳукуматга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Депутатлар носнинг наркотик модда сифатида тан олиниши ва уни шунчаки тамаки эмаслигини исботлаб бериш ниятини билдирмоқда.
Ғоя муаллифи “Единая Россия” партияси вакили Александр Сидякин¸ асосан¸ Марказий Осиёдан келтирилаётган носнинг организмга психотроп ва кимёвий таъсирга эга эканини исботлаш мақсадида Наркотиклар айирбошлашини назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов ва Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев номига сўровнома юборганини маълум қилди:
- Биз тегишли ташкилотлардан жавобни олиб, ҳукумат раҳбари номига ташаббускор гуруҳ номидан махсус хат йўллаймиз. Мен носвойнинг Россияда тарқалишига ҳуқуқ-тартибот идораларининг қаршилик кўрсата олмаётганидан таажубланиб қолдим, дейди нос сотиш тақиқланган бўлсада, бунинг учун жиноий жавобгарлик йўқлигини журналистларга билдирган депутат Александр Сидякин.
Парламент аъзоси фикрича, меҳнат муҳожирлари томонидан олиб кирилаётган носга¸ айниқса¸ ёшлар ўрганиб қолмоқда, унинг ишлаб чиқарилиши эса санитария ва мавжуд бошқа нормаларга мутлақо тўғри келмайди.
Сидякин унинг носга қарши курашини бошқа қатор фракция аъзолари қўллаб-қувватлаётганини қўшимча қилди.
“Бу ташаббус парламент муҳокамасидан ўтмайди!”
Бироқ, Россия Давлат Думасининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Сергей Калашников Озодлик мухбири билан суҳбатда нос Россияда “енгил наркотик” деб тан олинмаслигига ишониши ва Сидякин гуруҳи ташаббуси парламент муҳокамасидан ўтмаслигини гапиради:
- Менимча, бу ўтмайди. Бу шунчаки айрим депутатларнинг пиари, ўзини танитиш усули. Бу жуда мунозарали масала ва мен у қабул қилинмайди, деб ўйлайман. Нос бизга иттифоқдош Қозоғистонда миллий урф бўлганидан кейин, унга қарши курашни қандай тасаввур қиласиз?! Қозоғистон билан чегарамиз очиқ: у ерда бу наркотик эмас, бизда наркотик бўладими? Мутахассислар билан гаплашганимда, унинг таркибида сўндирилган оҳакдан қолгани оддий ахлат экан. Бу наркотик эмас: у на жисмоний, на руҳий боғлиқликка олиб келади, дея муносабат билдирди Дума депутати Сергей Калашников.
Таъкидлаш жойизки, 2013 йилнинг 1 июнидан Россияда кучга кирган “тамакига қарши қонун"га биноан, сигарет сотилиши ва истеъмол қилинишига чеклов жорий қилиниши билан бирга, мамлакатда нос сотишга тақиқ қўйилди.
Россияда нос сотиш мавсуми авжида
Россия шаҳарларидан бирида нос сотадиган ўзбек муҳожирлари дан бири Озодлик билан суҳбатда Россияда нос савдосига тақиқ қўйилганини энди эшитаётганини гапиради:
- Ҳа, биз нос сотамиз! Биз оптом билан ҳам олиб сотаяпмизку. Москвадан олиб келиб сотяпмиз – ҳозирча жимжитлик. Москвада Тёплий Станда килоси 170 рубл бемалол сотиб ўтирибди. Ҳозир телефон қилсам – ҳозир жўнатади! Тожикистондан олиб ётибмиз, узилгани йўқ бир кун ҳам- тонна-тонна турибди! Биз ўзимизнинг Андижоннинг думалоқ носини, кейин тожикларнинг порошок носидан сотаяпмиз. Нос топиш умуман муаммо эмас Россияда! Мана, Свердловскнинг районларидан бирида ўртоқларим ишлаб чиқаряпти 120 рублдан, дейди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган суҳбатдошимиз.
Носфуруш йигитнинг айтишича, ҳозир Россияда нос сотишнинг айни сезони, чунки уни асосан ўзбек-тожик меҳнат муҳожирлари истеъмол қилади:
- Бир кунда 100-200 пакет нос сотвораяпмиз. Пакетиги 10 рублдан. Кунига 2-4 кило кетиб қолади. Ўрислардан спортсмен болалар оляпти, залдагилар. “Сигарет чекиш мумкин эмас”, дейди. Мана биздаги футбол командани 6 ҳужумчиси келиб нос олиб кетади. Кейин, ҳаммага эмас, фақат клиентларимизга сотаман, дейди ўзбекистонлик савдогар.
Носни бироз бўлсада чеклаш ташаббуси Марказий Осиё давлатлари парламент депутатлари томонидан ҳам кўтариб чиқилганини айтиб ўтиш зарур.
2010 йилда Тожикистонда нос ва тамаки маҳсулотлари савдоси ва истеъмол қилинишини чекловчи қонун қабул қилинди; Қирғизистонда “Ата Мекен” партияси депутатларининг нос сотиш ва ишлаб чиқаришга вақтинчалик тақиқ қўйиш таклифи қабул қилинмади; Ўзбекистонда 2011 йилдан авиайўловчиларга нос олиб ўтиш тақиқланди.
Аммо асосий нос ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи бу мамлакатларнинг бирортасида ҳозирча тамаки маҳсулотининг бу турини умуман йўқ қилиш масаласи ҳатто кўрилаётгани ҳам йўқ.
Нос марҳум президент Сапармурот Ниёзов қарори билан Туркманистондагина расман тақиқланган.