Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:47

АҚШ сенаторлари Каримовдан виждон тутқунларини озод этишни сўради


Ўзбекистон раҳбарига аталган мактубни имзолаганлар орасида АҚШ Конгрессининг нуфузли вакилларидан бири Жон Маккейн ҳам бор.
Ўзбекистон раҳбарига аталган мактубни имзолаганлар орасида АҚШ Конгрессининг нуфузли вакилларидан бири Жон Маккейн ҳам бор.

АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист ва бир ҳуқуқ фаолини “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирди. Каримовга йўлланган хатда АҚШ конгресси вакиллари журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайидов ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновнинг тақдиридан хавотир билдирилган.



“Биз сиёсий сабабларга кўра, қамоққа ташланган уч нафар ўзбек маҳбусининг соғлиғи ва тақдири ҳақида маълумот сўраб хат ёзаяпмиз. Бу уч маҳбус БМТ қошидаги Асоссиз ҳибсга олиш масалалари бўйича ишчи гуруҳи, Human Rights Watch, Freedom Now, Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқунлари сифатида таснифланган”, дейилади мактубда.

Уларнинг озод қилиниши икки томонлама муносабатлар учун ижобий таъсир қилишини ҳам эслатишади АҚШ Конгресси аъзолари.

Сенаторлар 61 ёшли ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов товламачиликка доир иддаоли айбловлар билан қамоққа ташланганини қайд этишган ва унинг соғлиғи ёмонлашганига қарамасдан, ҳар куни кўп соатлаб мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганидан хавотир билдиришган.

Каримовга йўлланган хатда журналист Дилмурод Сайидов ҳам иддаоли айбловлар билан қамоққа ташлангани ва 2009 йилдан бери қамоқда абгор ҳолатда сақланаётгани боис сил касаллигининг оғир кўриниши билан оғриаётганига эътибор қаратилади.

Ижтимоий ва иқтисодий адолат ҳамда коррупция ва инсон ҳуқуқларига доир мавзуларни ёритган журналист Солижон Абдураҳмонов ҳам наркотиклар билан боғлиқ иддаоли айбловлар боис қамалгани, ҳамда унинг иши БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига юборилгани ва 2012 йил АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида қайд этилгани таъкидланади, сенаторлар имзолаган мактубда. Халқаро кузатувчиларга унинг аҳволидан хабар олиш имкони берилмагани Абдураҳмоновнинг соғлиғига оид жиддий ташвишларга сабаб бўлаётганини ёзишди АҚШ сенаторлари.

“Уччала маҳбуснинг соғлиғи ёмонлашгани ва уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганига оид хабарлар бор. Қизил хоч халқаро қўмитаси, сизнинг ҳукуматингиз яратган тўсиқлар оқибатида, Ўзбекистонда маҳбуслар аҳволидан хабар олиш фаолиятини тўхтатгани боис вазият янада ёмонлшган бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз”, дея ёзишди АҚШ Конргесси вакиллари.

12 сенатор имзоси билан юборилган мактубда БМТнинг асоссиз ҳибсга олиш масалалари бўйича ишчи гуруҳи виждон тутқунлари, деб тан олган маҳбусларнинг соғлиғига оид маълумотни тақдим қилиш ҳам сўралган.

Президент Ислом Каримов номига йўлланган мактубни сенаторлар Ричард Дёрбин, Марк Керк, Жон Бузман, Патрик Лиҳи, Ричард Блументал, Том Удалл, Бенжамин Кардин, Роберт Кейси, Рой Блант, Марко Рубио, Барбара Боксер ва Жон МакКейн имзолаган.

Чоршанба куни Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳаёти “катта таҳлика” остида қолаётганини айтиб, уни озод қилишга чақирди. Матбуот эркинилигини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ташкилот Ўзбекистонда ўз касбий фаолятлари туфайли қамоққа ташланган яна 9 журналистни озод этишга ҳам чақирди.
XS
SM
MD
LG