Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:34

Манба: GM Uzbekistan нархларни оширмоқчи


GM Uzbekistanнинг саккиз турдаги машинаси 7,0 фоиздан 28,1 фоизгача қимматлаши тўғрисида маҳаллий матбуот хабар қилди. Бироқ ширкат раҳбарияти Озодликка бу маълумотни инкор қилди. Айни пайтда автосалонлар инвентаризация учун ёпилган.


8 июл куни WhatsApp орқали Озодликка етиб келган хабарга кўра, GM Uzbekistan ички бозор учун машиналар нархини ошираяпти. Манбамиз янги нархлар акс этган прейскурант нусхасини ҳам жўнатди.

Янги прейскурант нусхаси. WhatsApp орқали Озодликка жўнатилган сурат.
Янги прейскурант нусхаси. WhatsApp орқали Озодликка жўнатилган сурат.


Ўзбек маҳаллий матбуоти, жумладан, Uz24.uz сайти ҳам GM Uzbekistan ширкати Matiz, Nexia, Spark, Lacetti, Captiva, Malibu, Cobalt, Damas машиналари нархини 28,1 фоизгача оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар қилди.

Мазкур сайт маълумотига кўра:

Matiz - 28,1%, Nexia – 26,4%, Spark - 16%, Lacetti – 22,6%, Captiva – 7,5%, Cobalt – 7,4%, Malibu – 12% га қимматлайди.

Демак, эндиликда Damas машиналари, комплектациясига қараб, 25 050 000 миллион сўмдан 26 783 000 миллион сўмгача, "Matiz" 21 823 000 миллион сўмдан 22 490 000 миллион сўмгача, "Spark" 27 937 000 миллион сўмдан 32 598 000 миллион сўмгача, "Captiva" 93 001 000 миллион сўмгача, "Nexia" 26 218 000 миллион сўмдан 35 758 000 миллион сўмгача қимматлаши мумкин.

Лекин GM Uzbekistan ширкатининг ўзини таништирмаган мутасаддиси машиналар нархи ошиши ҳақидаги маълумотни мутлақо инкор қилди.

GM Uzbekistan дилерлари ҳам машиналар нархининг ошганидан бехабар эканликларини айтишди.

- Бизга ҳали приказ келмади. Бу маълумотни қаердан олишган билмаймиз. Ошгани ҳақида маълумот йўқ. Бизларда ҳали приказ бериб, қўл қўйиб, оширинглар деган нарса йўқ. Интернетда қаердан олишган билмаймиз. Биз сизга аниқ маълумот бераяпмиз,- деди "Ўзавтотеххизмат" корхонаси ходимаси.

Озодлик мухбири Тошкентдаги GM машиналари билан савдо қиладиган ўнга яқин автосалонга қўнғироқ қилди, бироқ 8 июл куни бу салонларнинг бирортасидан жавоб бўлмади.

Озодлик манбалари WhatsApp орқали юборган маълумотларга кўра, автосалонлар 5 июлдан бошлаб, инвентаризация олиб борилаётгани сабаб вақтинча ёпиб қўйилган. Одатда нархлар кўтарилиши арафасида автосалонлар инвентаризация бўйича маълум муддатга ёпилади.

Машина бизнесидан хабардор манбамизга кўра, кейинги пайтда ташқи бозорда GM машиналарига талаб камайгани боис маҳаллий харидорлар учун нархларни оширишга қарор қилинган.

Европа бизнес ассоциацияси Автомобилсозлар қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, Россияда ўзбек автомашиналари савдоси май ойида 61 фоизга қисқарган.

Жорий йилнинг беш ойи мобайнида Россияда жами 23680 та ўзбек автомобили сотилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги савдо ҳажмига нисбатан 26 фоизга кам деганидир. 2012 йилнинг январ-май ойларида Россияда GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган 32190 дона автомобил сотилганди.

Бугунги кунда GM Uzbekistan қўшма корхонасида ўн хилга яқин моделдаги автомобил ишлаб чиқарилмоқда.

Бу автомобилларни мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган GM Uzbekistan автосалонларидан харид қилиш мумкин.

Лекин бу жараён анча мураккаб экани ҳақида Озодликка кўплаб мурожаатлар бўлди. Бу жараённи OzodJavob орқали батафсил ўрганганмиз.

Эндиликда автосалонлар билан шартнома имзолаган ва белгиланган нархни тўлаб, машинасини кутаётган фуқаролар ҳам оширилган фоиз миқдорини қўшимча тўлашлари лозим бўлади. Бу ҳақда суҳбатлашганимиз Тошкентдаги “Ўзавтотеххизмат” салонларидан бирининг ходими маълум қилди.

Амалдаги тартибга кўра, машина пули тўлангач фуқаро уч ойдан бир йилгача навбат кутиши лозим бўлади. Айрим ҳолларда бундан ҳам узоқроқ бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG