Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:54

Ўзбекистон қишлоқларида газ қувурлари кесиб ташланади


Ўзбекистонда чекка қишлоқлардаги юзлаб хонадонларни газ қувурларидан бутунлай кесиб ташлаш жараёни бошланди. Эндиликда бу хонадонларга умуман табиий газ берилмайди, уйлар суюлтирилган газ ва кўмирга мослаштирилади.

Энди қишлоқларга табиий газ умуман берилмайди

Жорий йилда Хоразмнинг турли туманларидаги 70 мингта хонадоннинг газ қувурлари қирқилиб, табиий газдан бутунлай узилади.

“Хоразмгаз” ҳудудий газ таъминоти корхонасининг исмини очиқламаётганимиз мутасаддисининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларни суютирилган газга мослаштириш борасида махсус қарор қабул қилган. Мутасаддига кўра, ушбу қарор асосида мамлакатнинг барча вилоятларида аҳоли уйларини газ қувурларидан узиш жараёни бошланмоқда:

- Бутун республикада бўлаяпти, битта Хоразмда эмас. Мана туман ҳокимликлари билан рўйхатларини қилиб, ҳокимликларнинг ўзлари тасдиқлаб беришди. Шуларни биз Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилдик. Вазирлар Маҳкамасида шу қарор чиқди бугун айтишди. Ҳали қўлимизга келиб тегмади. Газ етиб бормайдиган хонадонларни суюлтирилган газ ва кўмирга мослаштириш¸ деган. Мослаштириш керак бўлса, бориб унинг газини кесиб ташлаб, унга қишда балонли газ суюлтирилган овқат тайëрлаш учун, уйини иситиш учун кўмир етказиб берилади. Энг чекка қишлоқлар бор. ГРЭСлардан узоқ жойлашган қишлоқлар бор. Уларга газ етиб бормайди қиш пайтлари. Шунинг учун бу хонадонларни суюлтирилган газга мослаштирамиз. Аҳоли учун яхшику бу. Қийналиб қолмайди қишда. Тайëр балонда боради. Бир балон масалан 1-1,5 ойга етади, деди мутасадди.




Вазирликлар газ баллони олишга мажбурланмоқда

Гурлан тумани марказидан 8 километр узоқликда жойлашган Вазир қишлоғи ҳам Хоразмнинг табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлари рўйхатига киритилган.

Вазир қишлоғида яшовчи Жуманиёз оғанинг айтишича, кейинги бир ой мобайнида Гурлангаз идорасининг ходимлари аҳолини газ қувурлари қирқилишидан огоҳлантираяпти.

Жуманиёз оғага кўра, газ идораси ходимлари аҳолидан суюлтирилган газ баллонга буюртма беришни талаб қилаяпти:

- Вазир қишлоғидаги газни қирқамиз деб огоҳлантириш бериб юрибди. Централний трасса борку, шуни қирқамиз дейди. Газ етишмайди деб. “Газ билан таъминлай олмаймиз. Газ баллонга ариза ëзинг” деяпти. Газ баллонни бепул берамиз, дейди. Лекин барибир газнинг пулини тўлайди. Вақтинча бу. Текин дегани ҳозирча алдаб, текинга, деб аризага қўл қўйдирадида, кейин пул ушлаб қолади. Ким текинга беради? Қўл қўйинг, деган пайтда мен қўл қўймасдан юбордим. “Икки ой олдин мулоқот бўлди. Газ билан таъминлаб турибмиз, деб вилоят телевидениесида мулоқот бўлди. Шунда “газ билан таъминланиб турибди” деб айтди” десам, дафтарини кўтариб кетиб қолди, дейди Жуманиёз оға.

Бўйин товлаганнинг фойдаси йўқ

“Хоразмгаз” корхонасининг юқорида суҳбатлашганимиз мутасаддисига кўра, уйларини суюлтирилган газ ёки кўмир билан мослаштиришдан буйин товлаш инобатга олинмайди, рўйхатдаги 70 мингта хонадоннинг барчасида мослаштириш ишлари амалга оширилиши лозим.

Мутасаддининг айтишича, бу борада аҳолига бир қатор имтиёзлар ҳам берилади:

- Масалан, бизлар суюлтирилган газ берадиган бўлсак, бир килосини 535 сўмдан берамиз. Биржада, масалан, 2000-3000 сўм бўлса килоси, бизларда 535 сўм. ГРЭСдан ўлчаб, 20 килолик катта баллонга қуйилади, олиб бориб берилади. 10минг 700 сўм бўлади битта баллони. Ҳозир шохобчалар қилаяпмиз ҳамма жойларда. Баллон тарқатадиган шохобчалар. Шу ерга бўш баллонлар боради. Олиб кетиб машинада, тўлдириб, қишлоқнинг ўзигача олиб бориб беради, деди "Хоразмгаз" мутасаддиси.

Аҳволимиз яна ёмонлашади

Айни пайтда гурланлик Жуманиёз оға ҳар қандай имтиёзларга қарамай, эндиликда Вазир қишлоғи аҳолисининг турмуш тарзи янада ёмонлашишидан хавотир билдиради:

- Ҳозир газ умуман ëнмайди. Қишда ҳам, ëзда ҳам. Ўтган йил қишда газни икки пилесос билан торттирдик. Бу йил икки пилесосга ҳам газ йўқ. Ўтин билан ўчоқдамиз. Свет йўқ. Свет бўлмагандан кейин ташқарида ўчоқда пиширамиз. Соат 7-8дан 10-11гача свет беради, дея нолиди Жуманиёз оға.

Газни хорижга сотиб, таппи ёққан ўзбегим

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида электр ва газ тақчиллиги йиллар давомида кузатилаяпти.

Ўтган йили ҳукумат мамлакат ичкарисида табиий газга бўлган эҳтиёжни кўмир билан қондириш борасида қатор қарорлар қабул қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 60 млрд. метр куб ҳажмида газ қазиб олинади. Бунинг 17 миллиарди Россия, 4 миллиарди Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.

Ўтган йилнинг 2 мартидан бошлаб ўзбек гази Хитойга ҳам узатила бошланди. Хитойга қанча газ узатилаётгани номаълум, аммо 2011 йилги шартномада йилига 10 миллиард метр куб газ узатишга келишилган.

Қазиб олинаётган табиий газнинг қолган қисми мамлакатнинг ички эҳтиёжига сарфланиши айтилади.

Бир неча йил муқаддам Ўзбекистон экспорт ҳажмини 27 миллиард куб метрга чиқариш ниятини билдирган.

Таҳлилчиларга кўра, бу мақсадга эришиш учун ҳукумат ички эҳтиёжга ажратилаётган газни кўмирдан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали яна қисқартиришга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG