Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари мутасаддилари ўз ишчиларига Рамазон ойида ифторга бормаслик тўғрисида кўрсатма берди. Озодлик манбаларига кўра, ифторга борган ишчи МХХнинг “қора рўйхати”га киритилишидан огоҳлантирилмоқда.
“Ифторга бормайсан”
Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг Тошкентдаги манбасига кўра, банклар, солиқ инспекцияси, милиция, прокуратура, поликлиника каби давлат идоралари ходимлари ифторга бормасликдан огоҳлантирилган.“Бугун мана Молия вазирлигига келдим. Бу ерда ҳам вазирлик ходимларига ифторга бормаслик айтилаяпти. Ҳар бир ташкилотнинг хавфсизлик бўлимлари бунга масъул этиб тайинланган. Улар тегишли задание олишган. Ҳозир улар ифторга бормаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб бораяпти. Жуда қаттиқ қаралаяпти”, деди манбамиз микрофонсиз суҳбатда.
Тошкентдаги Халқ банки бўлимларидан бирининг ходими раҳбариятдан ифторликка бормаслик тўғрисида буйруқ борлиги ва ходимлар ишдан кейин тўғри уйларига кетаётганини тасдиқлади.
- Бизда ҳам ҳеч ким ҳеч қаерга бормайди. Ҳамма уй-уйига кетади. Унақа ифторлик бўладиган жойларга боришмайди. Кўрсатма берилган. Бизларнинг ўзимизнинг ички назорат ходимларимиз бор. Улар томонидан ҳам кўрсатмалар берилди. Ҳамма ходимларга айтилган. Бизда унақа йиғилиб, олиб бориш йўқ,- деди Халқ банкининг ўзини таништирмаган ходими.
Банк соҳасидан яхши хабардор бўлган Озодлик манбасига кўра, банклар ходимларининг ифторликка бормаслиги борасидаги кўрсатма Марказий банк томонидан оғзаки берилган.
“Бу юқоридан пастга қараб, кўрсатма берган. Марказий банк барча тижорат банклар раисларига ифтор борасида айтган. Раислар келиб, барча бўлим бошлиқларига топшириқ берган. Банк ишчилари эса бўлим бошлиқлари томонидан огоҳлантирилди”, деди банк соҳасидан хабардор манбамиз.
“Ифторга борган МХХ рўйхатига тушади”
Тошкентдаги манбамизга кўра, давлат идоралари ходимлари агар ифторга борса, Миллий хавфсизлик хизмати назоратига тушишидан огоҳлантирилаяпти.“Биринчидан, борилмасин деб айтаяпти. Иккинчидан, агар ифторга ёки жумага бораётган ишчи аниқланса, рўйхат тузилади. Шу тегишли идораларга исм-фамилияларинг кетади, деб қўрқитишаяпти. Шу МХХда сизларнинг отинглар рўйхатда туради дейишаяпти. Бу барча давлат идораларида бўлаётган гап”, деди Озодлик манбаси.
“Ифторга яшириниб бораяпмиз”
Озодликка гапирган тошкентлик солиқ инспекцияси ходими айрим ҳамкасблари билан ифторга яширин тарзда боришга тўғри келаётганини гапирди.“Бизга ифторга бориш борасида унақа қаттиқ тайинланмади. Лекин раҳбарларимиз агар борсанглар, билдирмасдан боринглар дейишди”, деди солиқчи йигит микрофонсиз суҳбатда.
Ўтган йили Ўзбекистонда ифторга бориш билан боғлиқ ҳеч қандай чеклов кузатилмаган.
Лекин ишчилар орасида тушлик пайти жума намозларига борувчилар кўпайгани учун, айрим давлат идоралари тушлик вақтини ўзгартириб, соат 12дан 13гача қилиб белгилагани хабар қилинди. (Аввал тушлик пайти соат 13:00-14:00 бўлган)
Мусулмонлар учун муқаддас ой - Рамазони шариф бошланиши арафасида Тошкент бозорларида савдо қилаëтган ҳижобли аёллар ҳам¸ рўмолларини ечиш ёки расмийлар маъқул топган тарзда ўраш босими остида қолди. Акс ҳолда¸ улар савдо ўринларидан ажраб, бозорга қўйилмасликдан огоҳлантирилмоқда.