Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 16:56

Ўзбекистон Марказий Банки раиси вақтинча вазифасини тарк этди


Файзулла Муллажонов Ўзбекистон Марказий банкини 22 йилдан бери бошқариб келади.
Файзулла Муллажонов Ўзбекистон Марказий банкини 22 йилдан бери бошқариб келади.

Ўзбекистон Марказий банкининг раиси Файзулла Муллажоновнинг соғлиги оғирлашгани боис, банкка вақтинча янги раҳбар тайинлангани айтилмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил учта манбадан олинган маълумотларга кўра, айни дамда Муллажонов Тошкент шаҳрининг академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган жарроҳлик марказида қолмоқда. Унинг ўрнига эса банк раисининг биринчи ўринбосари бўлган Улуғбек Мустафоев раис вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланган.


Бир-биридан мустақил уч манбадан 16 июл куни олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Марказий банкига 1991 йилдан бери расилик қилиб келаётган Файзулла Муллажонов соғлиги ёмонлашгани боис 15 июлдан бошлаб, номаълум муддатга вазифасини тарк этган.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган бир манба 63 ёшли Муллажоновнинг иккала буйраги бир вақтнинг ўзида ишламай қолгани боис, 13 июл куни Тошкент шаҳрининг академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган жарроҳлик марказига ётқизилганини хабар қилди.

Яна бир манба эса Марказий банк раисининг ҳатто комага тушгани, бундан олдин эса ундан банк раҳбарлигидан ўз ихтиёри билан кетиши ҳақида ариза ёздириб олингани ҳақида ёзди.

Озодлик мухбирлари бу норасмий хабарлар ортидан дарҳол Ўзбекистон Марказий Банкига боғланди.

Шуниси қизиқ бўлдики, раис Файзулла Муллажоновнинг қабулхонасида телефон гўшагини кўтарган ходим Озодликнинг бир мухбирига раиснинг ишда эмаслиги, кутилмаганда хизмат сафарига кетгани ва сафардан қачон қайтиши номаълумлигини маълум қилди.

Айни ходимга боғланган яна бир мухбир эса Марказий банк раиси хасталиги боис таътил олгани ҳақидаги маълумотни олди.

Шу тариқа, Тошкентдаги мустақил манбаларнинг Муллажоновнинг 15 июлдан иш ўрнида эмаслиги ҳақидаги хабарларини тасдиқлаган банк ходимлари, айни дамда, раиснинг соғлиги ёмонлашгани ва шифохонада қолаётганига оид маълумотларга расмий изоҳ беришдан бош тортдилар.

Аммо Марказий Банкнинг ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган ва исмини очиқламаслигимизни сўраган мутасаддилардан бири Муллажоновнинг ҳақиқатда хаста экани, шанба куни Тошкент шаҳрида жарроҳлик марказига ётқизилганини тасдиқлади.

“Лекин у киши фақат профилактика учун ётқизилди, холос. Унақа кома ёки почкалар отказ қилди, деган гап ёлғон”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Марказий Банкнинг ҳудудий бўлимларидан бирида ишлайдиган, исмини очиқламаслигимизни сўраган мутасадди.

Лекин профилактик тиббий чора-тадбирлар учун кишининг шанба куни шифохонага ётқизилиши бироз нотабиий эмасми, одатан, бундай ҳолларда хаста киши иш кунларда шифохонага бормайдими, мазмунидаги мухбир саволларини бу мутасадди жавобсиз қолдирди.

Шунингдек, бу мутасадди Муллажоновнинг ўрнига унинг биринчи ўринбосари, 2010 йилдан бери Марказий банк раиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Улуғбек Мустафоев вақтинчалик тайинлангани ҳақида ҳали хабар олмаганини айтди.

Улуғбек Мустафоев ҳам 2010 йилдан бери Муллажоновнинг биринчи ўринбосари бўлсада, банк тизимида 1991 йилдан бери ишлаётган, Ўзбекистон банк тизимини икир-чикирларига қадар пухта биладиган мулозимлардан биридир.

Унинг Марказий банкка вақтинчалик раҳбар бўлгани ҳақидаги хабарни Тошкентдаги тижорат банкларидан бирида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган, аммо исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган яна бир манба тасдиқлади.

Унга кўра, аслида Марказий Банк раисининг анчадан буён хаста экани ва унинг ўрнига биринчи ўринбосарни тайинлаш масаласи кўтарилгани ҳақидаги гап-сўзлар бир неча ҳафта муқаддам кўтарилган.

Бу банкирнинг аниқлашича, Марказий банк ходимлари ўзаро Муллажоновнинг яқин-атрофда ишга қайта олмаслиги ҳақида гапирмоқдалар.

Аммо унинг таъкидлашича, Муллажоновнинг вазифаларини унга қарийб 3 йилдан буён биринчи ўринбосар бўлиб келаётган 51 яшар Улуғбек Мустафоев вақтинча бажара бошлагани ҳақида хабар бор гапдир.

Бироқ Марказий банк раҳбарияти бу хабарни тасдиқламади. Расман тасдиқланган маълумот ҳозирча Файзулла Муллажоновнинг хаста экани ва хизмат вазифаси ўрнини хасталиги боис вақтинча тарк этгани бўлиб қолмоқда.

Агар гап Ўзбекистон Республикасининг Марказий Банки ҳақида бормаётган бўлганида эди, 63 яшар бир кишининг соғлиги оғирлашиб, хастахонага тушиб қолишию унинг ўрнига вақтинча ўринбосарининг тайинланиши бу қадар муҳим хабар бўлмас эди.

Лекин, бу ўринда гап Ўзбекистоннинг бугунги кунга келиб ўта абгор аҳволга тушган ва қарийб инқирозга юз тутгани айтилаётган монетар сиёсатини 22 йилдан бери бошқариб келаётган ижрочи шахслардан бири ҳақида кетмоқда.

Асли Сирдарёда туғилган, 1971 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатганидан буён банк тизимида ишлаб келаётган Файзулла Муллажонов 1991 йил - Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Ўзбекистон Марказий банкига раислик қилиб келмоқда.

Ўзбекистонда ўз лавозимини ўзгартирмай келаётган юқори лавозимли мулозимлардан яна бири Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов бўлса, яна бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовдир.
XS
SM
MD
LG