Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:20

Ҳуқуқ фаолини айблаган аёл милиция рўйхатида турган


Бобомурод Раззоқов Бухоро вилоятидаги Отбозор қамоқхонаси сақланмоқда.
Бобомурод Раззоқов Бухоро вилоятидаги Отбозор қамоқхонаси сақланмоқда.

Жондорлик фермер, “Эзгулик” жамияти Бухоро вилоят бўлими раиси Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ариза муаллифи Гулшан Каримова фоҳишахона сақлаганлиги учун аввал икки марта судлангани маълум бўлди. Бу ҳақдаги ҳужжатларни қўлга киритган “Эзгулик” жамиятига кўра, Бобомурод Раззоқов тўқима айбловнинг қурбони бўлмоқда.



“Бобомурод Раззоқов махсус уюштирилган тўқима айблов билан ҳибсга олинганлигига тасдиқ бўла оладиган ҳужжатларни қўлга киритдик”, деди Озодликка “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов. Унинг айтишича, Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ариза муаллифининг ўзи милиция рўйхатида турган шахс бўлган:

- Мен бугун бу жиноят иши билан яқиндан танишиш учун Бухорога келдим. Биз бу аёлнинг шахсини яқиндан ўрганиб чиқдик. Маълум бўлишича, Гулшан Каримова милициянинг махсус рўйхатида турадиган, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг131-моддаси, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш билан айбланиб, аввал икки марта судланган аёл экан. У яшаётган маҳалла фаоллари ҳам унинг аҳлоқий бузуқлиги ҳақида бир неча марта турли идораларга аризалар ёзган. Бу шикоят аризаларининг нусхаларини биз қўлга киритдик, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Бобомурод Раззоқовнинг ўғли Шуҳрат ҳам Гулшан Каримова уларнинг уйида бор–йўғи икки марта бўлганлигини айтади:

- Биринчи бор шу ойнинг бошида уйга келган эди. У вилоят ички ишлар бошқармаси устидан шикоят қилиб келган. Отам ҳужжат кўрсат, деган. Кейин икки кундан кейин 39 минг сўмга жаримага тортилганлиги ҳақида ҳужжат олиб борган. Отам аризасини олиб қолгандан кейин у чиқиб кетган. Уйда онам, мени хотиним, болаларим бўлган, тракторчи кўчада бўлган. 60 ёшга кирган отамнинг ўз уйида уни зўрламоқчи бўлгани - бу энди ғирт туҳмат-ку, - дейди Шуҳрат Раззоқов.

Бир ҳафтадан бери ҳибсда қолаётган Бобомурод Раззоқовнинг соғлиғи анча ёмонлашган, дейди Абдураҳмон Ташанов:​

- Бобомурод аканинг адвокатига кўра, Отбозордаги қамоқхонада бир камерада 38 киши сақланаётган экан, кун иссиқлиги ва камера торлиги боис Бобомурод ака нафас олишдан ва юрак-қон томир касаллигидан қийналаётган экан. Мен тергов давомида Бобомурод акани ҳибсдан озод қилиб туриш ҳақидаги “Эзгулик” жамиятининг кафолат мактубини топширдим, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Озодлик бу жиноят ишини тергов қилаётган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси терговчиси Зафар Давроновнинг билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ терговчининг бирорта телефони ҳам жавоб бермади.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 ёшли фермер Бобомурод Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ томонидан одам савдосида айбланиб, 10 июл куни ҳибсга олинган эди.

Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми, одам савдоси билан айбланмоқда.

“Эзгулик” жамияти Бобомурод Раззоқовнинг ҳисбга олинишига оид тарқатган баёнотида “одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани”ни таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG