Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:11

“Янги паспорт беришда рўмол ечиш шарт қилиб қўйилмоқда”


Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири¸ Тошкент шаҳар Чилонзор тумани паспорт бўлимида биометрик паспорт бериш жараëнида рўмолли аëлларнинг махсус суҳбатдан ўтказилаëтгани ва уларга рўмолни бутунлай ечиш шарт қилиб қўйилаëтганини билдирди. Мутасадди расмийлар бу маълумотни инкор қилдилар.

Озодлик таҳририятига 17 июл куни ўзи ва оиласи хавфсизлигидан чўчигани боис исми-шарифи келтирилмаслигини сўраган Чилонзор туманида яшовчи фуқародан қуйидаги мактуб келди:

“Чилонзор тумани паспорт столида ҳижобли аёллар махсус тартиб асосида қабул қилинмоқда. Аёлим ҳижобда. Паспортини алмаштиргани паспортний столга борган эди. Ҳижобли аёлларнинг ҳужжатларда рўмоли қайд этилётган экан. Аёлим рўмолини ечиб кирса ҳам уларда аввалдан рўйхатда экан. Янги паспорти тайёр бўлганда борган эди. Паспорт столи ходимлари паспортни олдим, деб қўл қўйдириб олиб, паспортни бермай “шанба куни келасиз” дебди. Шанба куни 18:00 да суҳбат бўлади¸ дебди.

Шанба куни борди. Деярли ҳамма рўмоллилар рўмолларини ечиб келишган. Ҳар бир аёлни яккама-якка МХХ ходими суҳбат килаётган экан. Эри билан келганларни эри билан хонага опкириб кетибди. МХХ ходими жуда қаттиқ қўпол тарзда таҳдидлар билан савол-жавоб қилаётган экан. Паспорт столга рўмолда келган аёлларни хонадан рўмолини ечинтириб чиқаришаётган экан. Орқадан ўраб юришга ҳам рухсат йук экан. Дўппи мумкин экан фақат. Айтганга кирмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш, қамоққа (изоляция) олиш билан таҳдид қилишибди. Ўша куни Чилонзор паспорт столда (18-хонада) аёлларга суҳбатдан кейин ҳам паспорт беришмапти. Аёллар икки ой давомида кузатувда бўларкан. Шу икки ой давомида рўмолсиз бўлиши керак экан. Кузатув даврида рўмолда кўлга тушган аёлга қаттиқ чоралар кўрилиши айтилибди. Чилонзор паспорт столда ҳар шанба 18:00 да шу аҳвол. У ердан овозга ёзиб олиш расмга олиш имконияти бўлмади. Телефонлар йиғиб олинган.” (мактуб шу ерда тугайди)

Бу мактуб муносабати билан Озодлик мухбири Чилонзор туман Ички ишлар бўлими¸ шунингдек¸ туман паспорт столи ходимлари билан билан боғланди.

Ички ишлар бўлимининг гўшакни кўтарган ходимларидан бири “Бу фақат бизда эмас”¸ дея мактубда ëзилганларни билвосита тасдиқлаган бўлса¸ яна бир бир ходим¸ “рўмолли аëллар” деган калимани эшитиши билан гўшакни илиб қўйди.

Чилонзор туман паспорт бўлимининг Озодлик суҳбатлашган расмийси эса¸ рўмолли аëлларнинг биометрик паспорт олиш жараëнида махсус текширувга олинаëтгани ҳақидаги хабарни рад этди:

- Рўмоли бўлса¸ рўмолини ечиб суратга тушади ва яна рўмолини кийиб кетаверади. Рўмол билан суратга тушиш мумкинмас. Бизга фуқаролар ҳаммаси бир хил¸ уларни рўмолли рўмолсизга ажратаëтганимиз йўқ. Қонун доирасида аризаларини қабул қиламиз¸ қонун доирасида жавоб берамиз. Бизга унинг рўмоли борми¸ йўқми¸ аҳамияти йўқ. Расмга тушади¸ тайëр бўлса¸ олиб кетади¸ бори шу гап. Унақа шарт қўйиш¸ паспортни бермаслик деган гап йўқ¸ деди Чилонзор туман паспорт столи ходими.

Ҳар шанба куни соат 18:00 да МХХ ходимларининг рўмолли аëлларни махсус сўроқ қилаëтгани ҳақидаги хабарга муносабат билдира туриб паспорт столи ходими:

- Сўраши мумкин¸ савол-жавоб қилиши мумкин. Лекин паспортни икки ойдан кейин оласан¸ деган гаплар йўқ бизда¸ дея жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда¸ ҳозирча ўз гуруҳига рўмолли аëлларга нисбатан биометрик паспорт олиш жараëнида махсус шарт ва талаблар қўйилаëтганига оид шикоят келиб тушмаганини билдирди.

Айни пайтда¸ ҳуқуқ фаоли Озодликка йўлланган мактубда тасвирланган воқеаларнинг мавжуд эканини эҳтимолдан соқит қилмаслигини таъкидлади.

Озодликка мусулмонлар учун муқаддас ой саналган рамазон ойининг илк кунида Тошкент бозорларида савдо қилиб келган рўмолли аëлларга рўмолини ечиш талаби қўйилганига оид хабар келган эди.

Мазкур хабарни ўрганиш жараëнида Тошкент шаҳри бозорларида бош ҳисобчи, ташкилий бўлим бошлиғи, патта йиғувчи ва бозорнинг хавфсизлик бўлими раҳбаридан тузилган махсус гуруҳ ҳижобли аёлларнинг савдо билан шуғулланиши олдини олиш ишларига масъул этиб тайинлангани аниқланган эди.

Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги машҳур Эски жўва бозори ходими мазкур гуруҳ ҳижобли аёллар агар огоҳлантиришга қарамай рўмолларини ечмаса, уларни бозордан ҳайдаëтганини тасдиқлаган эди:

- Бизда ҳижобли аëллар савдога чиқса, улар огоҳлантирилаяпти. Агар огоҳлантиришга қарамай яна чиқадиган бўлса, жойи олинаяпти ëки жаримага тортилаяпти. Бу нима бўйича профилактика инспектори, хавфсизликдан, ҳаммамиз бирга ишлаяпмиз.

Жарима миқдори ҳар хил. 10 баробар, 15 баробар, 100 баробар энг кам иш ҳақидан. Бир-икки марта жарима қилиб ҳам яна ҳижобда юрган бўлса, жаримага тортилиб жойи олиб қўйилаяпти, деган эди 9 июл куни Озодлик суҳбатлашган Эски жўва бозори ходими.

Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг "Диний урф-одатлар ва маросимлар" ҳақидаги 14-моддасига киритилган ўзгартишга кўра¸ " фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди".

Ана шу қонун асосида Ўзбекистонда йиллардан бери хотин-қизларни ҳижоб ва рўмолдан чиқариш кампанияси кетмоқда¸ расмийларнинг бу талабини бажармаган аëлларга иш ва ўқишдан ҳайдалишдан тортиб то нафақа пулларидан мосуво бўлиш ва суд орқали жаримага тортилиш каби турли жазо чоралари қўлланилмоқда.

Озодлик таҳририяти ҳозирча Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқародан келган мактубда тасвирланган воқеанинг тумандаги барча рўмолли аëлларга алоқадор эканлиги¸ шунингдек бундай махсус текширув ва назорат жараëнининг пойтахтдаги бошқа туманларда ҳам мавжудлигини тасдиқлай олмади.

Мабодо сизда бунга оид аниқ маълумотлар бўлса¸ уни матн остидаги шарҳ катакчасига ëзиш¸ ëхуд Skypeдаги OzodSkype ва OzodlikOnline манзилларига қўнғироқ қилиш орқали жамоатчиликка билдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG