Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:15

OzodlikOnline: Бу йил ўқишга қандай кирмоқчисиз?


Ўзбекистон олийгоҳларига кириш имтиҳонлари мустақил кузатувчилар ва оддий халқ томонидан мамлакат ҳаëтининг энг коррупциялашган тизими деб қараладиган олий таълим соҳаси юзига тутилган яна бир ойна бўлади.

1 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтказилади. Бу имтиҳонлар мустақил кузатувчилар ва оддий халқ томонидан мамлакат ҳаëтининг энг коррупциялашган тизими деб қараладиган олий таълим соҳаси юзига тутилган яна бир ойна бўлади. 29 июл куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли суҳбатимизда ана шу ойнада акс этадиган манзара ҳақида гаплашдик.

Жаҳон давлатларидаги коррупция вазиятини мунтазам кузатиб келаëтган Transparency International ташкилоти экспертлари¸ йиллардан бери Ўзбекистонни дунëдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигига киритиб келмоқда.

Озодлик мухбирининг “Бу ўта коррупциялашган мамлакатдаги энг коррупциялашган давлат тизими қайси?” дея берган саволига ташкилотнинг Марказий Осиë бўйича тажрибали таҳлилчиси Миклош Маршалл¸ “адлия ва олий таълим” дея жавоб берган эди.

“Бугун ўзбекистонликлар олдида пора олиш-олмаслик ëхуд пора бериш-бермаслик деган танлов йўқ – уларнинг деярли бари пора бериш ва олишга мажбур. Ўзбекистон каби мамлакатларда давлат ва жамоатчилик маъмурияти асл функциясини бажармай қўйган¸ полиция жамоат тартибини қўриқлаш ўрнига унинг ўзи жамоатчилик учун таҳдид манбаига айланган. Қисқача айтганда¸ Ўзбекистонда давлат тизимлари барбод бўлган. Бундай вазиятда эса¸ одамлар ўз ишларини битириш учун қонун эмас¸ унга муқобил бўлган йўллардан фойдаланишга мажбур қилинмоқда. Ишни битиришнинг энг осон¸ айни пайтда энг нопок йўли эса¸ пора беришдир. Шу боис мен ҳеч иккиланмай¸ давлат¸ жамоат сектори ўз ишини қилмай қўйган жойда порахўрлик гуллаб-яшнайди¸ дея оламан.

Давлат тизимлари узоқ давр мобайнида ишламаса¸ инқироз бир марталик эмас¸ балки сурункали табиат касб этса¸ бу ўзига хос маънавий муҳит яратмай қолмайди. Бундай муҳитда¸ одамлар пора беришга ҳам¸ пора олишга ҳам ўрганиб қоладилар¸ бу жиноят улар кундалик турмушининг нормал қисмига айланади. Бутун бошли авлодлар¸ ўз ишини битиришнинг порасиз йўли ҳам бўлиши мумкинлигини¸ давлат дегани ўзлари учун хизмат қилиши лозим тизимлар мажмуи эканини мутлақ унутиб қўядилар ва порахўрлик кўникмага айланади. Бу кўникма зеҳниятнинг¸ маданиятнинг бир қисмига айланади.

Коррупция бу давлат тизимларининг инқирозга юз тутишидан туғиладиган ҳосиладир. Шу боис мен¸ Ўзбекистондаги каби коррупциянинг авж олиши учун айбнинг 90 фоизини тузум зиммасига юклаган бўлардим. Зотан¸ одамлар айнан мамлакатда ўрнатилган тузум кучи билан порахўрликка маҳкум қилинмоқда
¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда жаноб Маршалл.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:35:41 0:00
Бевосита линк


Ғарб таҳлилчисининг бу гаплари қанчалик ҳақиқат эканини ўз кундалик турмушида озми-кўпми кўриб яшаëтган ўзбекистонликлар¸ олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтадиган 1 август олдидан¸ уни яна бир бир аниқ-тиниқ синовдан ўтказдилар.

Бу синовга кимнинг қандай ҳозирланишини кейинги ҳафталар давомида Озодликнинг “энг кўп ўқилаëтган” саҳифаси бўлиб қолаëтган “Абитуриент кундалиги”даги ëзувлардан билиб олиш мумкин.

Ана шу кундаликда ëзилганларни яна бир бор синчиклаб ўқиб бўлгач¸ қуйидаги саволлар устида мушоҳада қилиб кўрайлик:

Ўзингиз ëхуд фарзандингиз бу йил ўқишга киришга қандай ҳозирланмоқда?

Бугун Ўзбекистон ëшларининг “Ўқиб¸ ўз кучим билан ўқишга кира оламан!” деган ишончдаги қисми неча фоизни ташкил этади¸ деб ўйлайсиз?

Болангизни ўқишга киритиш учун кимгадир пора берганмисиз ëхуд ўзингиз пора билан ўқишга кирганмисиз?

Олий таълим тизимини пора бериш орқали мойлашда давом этар экансиз¸ бунинг нафақат ўзингиз¸ балки миллий тараққиëт учун оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Олий таълим тизими коррупциялашиб кетганининг асосий сабаблари нималар?

Совет таълим тизими ислоҳ қилиниб¸ ўрнига Европа нусхасидаги тизимлар ва мезонларнинг жорий қилингани нима учун Ўзбекистон олий таълим соҳасидаги коррупцияни бартараф эта олмади?

Қатор постсовет республикалари¸ хусусан¸ Грузия таълим тизимида ўтказилган туб ислоҳотлар бу тизимни коррупциядан мутлақ тозалашга муваффақ бўлди. Ўзбекистонда шундай ислоҳот қилиш имкони борми?

Бу ислоҳотни Сиз қаердан¸ қандай бошлаган бўлардингиз?


29 июл куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG