Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Navoiyazot заводидаги портлашда икки киши қурбон бўлди(янгиланган)


Twitter тармоғи фойдаланувчилари орасида тарқалган фотосуратда "Navoiyazot" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этгани айтилган.
Twitter тармоғи фойдаланувчилари орасида тарқалган фотосуратда "Navoiyazot" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этгани айтилган.
Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган Navoiyazot заводида 27 июл куни содир бўлган портлаш натижасида 2 киши қурбон бўлди. Озодликнинг воқеа жойидаги манбаси берган маълумотга кўра, қурбонлардан бири воқеа жойида, яна бири эса шифохонада вафот этган. Жароҳатланган яна икки киши шифокор назоратида қолмоқда.


Портлашда жами 15 киши жароҳатланди

Navoiyazot заводида 27 июл куни кундузи содир бўлган портлаш натижаларини махсус ўрганган Озодлик манбасининг аниқлашича, воқеада қурбон бўлганлар сони икки кишига етган.

"Бир киши воқеа жойида ўлган. Яна бири шифохонага келтирилганидан сўнг ўлган. Ҳозир икки киши шифокор назоратида қолмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли, деб баҳоланган", деди Озодлик манбаси мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Навоий шаҳридаги мутасадди идоралардан бирида ишлайдиган ва шахсига оид маълумотлар сир сақланаётган бу манбанинг яна аниқлашича, портлаш натижасида жароҳат олиб, шифохонага келтирилганлар сони жами 15 киши бўлган.

Озодлик манбаси куйиш натижасида олинадиган турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган беморларнинг 11 нафари бугун шифохонадан чиқарилганини ҳам айтди.

Озодлик манбаси берган бу мустақил маълумотларга Навоий шаҳри ва вилояти расмий идораларидан бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Ҳокимиятдагиларнинг портлашдан хабари бор

Навоий вилоятида жойлашган Navoiyazot очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида 27 июл куни иккита йирик портлаш содир бўлгани ҳақида Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали хабар йўлланди.

28 июл куни келган бу хабар ортидан Озодлик мухбирининг аниқлашича, шанба куни тушга яқин заводнинг ацетилен ишлаб чиқарувчи цехида портлаш содир бўлган.

Завод маъмуриятидан бу борада маълумот олишга муваффақ бўлинмади, аммо Навоий шаҳар ва вилоят ҳокимликлари мутасаддилари портлаш бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

"Кеча (27.07.2013) портлаш бўлганидан хабарим бор. Бошқа маълумотларни мен билмайман. Раҳбарларимиз ҳозир шу масала бўйича йиғилишда", деди Навоий шаҳар ҳокимлигининг ўзини навбатчи деб таништирган, аммо исмини айтишни истамаган ходими.

Шунингдек, ундан олинган маълумотга кўра, 28 июл кунига келиб "заводдаги вазият тўла назорат остига олинган" ва "аҳвол яхшиланган".

Навоий вилоят ҳокимлигининг ходими ҳам Navoiyazot заводида портлаш бўлганини тасдиқлар экан, портлашнинг икки марта содир бўлгани ҳақидаги норасмий маълумотларни рад этди.

Портлашни марказдан келган экспертлар гуруҳи ўрганаяпти

Навоий шаҳар прокуратурасига боғланган Озодлик мухбири бу ердаги навбатчи ходимдан: "Бизда ҳали далиллар етарли эмас. Ҳозир вазият ўрганилаяпти, комиссия эса вилоятдан борган, шаҳардан эмас" мазмунида жавоб олди.

Прокуратура ходимига кўра, Navoiyazot заводи йирик корхона бўлгани боис унда содир бўлган шанба кунги портлашни Навоий вилояти ва республикадан борган мутасадди ҳамда экспертлар гуруҳи ўрганмоқда.

Портлашдан жабр кўрганларнинг аксарияти - шанбаликчилар

Навоий шаҳридаги шифохоналардан бирининг ходимига кўра, 27 июл куни шаҳар бўйлаб шанбалик эълон қилинган ва завод ишчилари ҳам шанбаликка чақирилган эди.

"Биз ҳам яраланганларнинг ота-оналаридан эшитдик, шанбаликда бўлган пайтда портлаш бўлган экан, деб. Аниғини билмаймиз. Уларнинг ҳаммаси областной больницага ётқизилган. Лекин ҳозир заводни "снб"лар ўраб олган, яқинига ҳам боролмайсиз", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Навоий шаҳридаги шифохоналардан бирининг ходими.

Портлаш ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда

Navoiyazot очиқ акциядорлик жамиятида шанба куни содир бўлган портлаш бир қатор ижтимоий тармоқларда ҳам шов-шувларга сабаб бўлди.

Жумладан, Nav.uz порталида заводнинг ацетилен цехида портлаш содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тилга олинган.

Аммо Google халқаро тизимидаги қидирув орқали чиқиб келган бу саҳифа айни дамда ишламаяпти.

Озодлик Nav.uz портали маъмурияти билан боғланди.

Порталнинг ўзини таништирмаган вакили бу хабарнинг форумчилар орқали ташлангани ва ушбу хабарни чоп этган портал форуми модераторлари билан ҳафтанинг иш кунларида боғланиш мумкинлигини айтди.

Бу ходим порталнинг айни саҳифаси нега ишламаётгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Маълумот ўрнида:

Navoiyazot Ўзбекистонда кимё саноати соҳасидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади.

40 йилдан буён ишлаб келаётган бу заводда 70 номдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Булар Ўзбекистоннинг ўзидаги қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ишлатиладиган минерал ўғитлар, енгил саноатда ишлатиладиган бир қатор кимёвий тола ва матолар, олтин ишлаб чиқариш, электрон ва тиббиёт соҳалари учун зарур кўплаб кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
XS
SM
MD
LG