Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Тошкентнинг Эски шаҳарида бузиладиган уйлар рўйхатга олинмоқда



Озодликка WhatsApp орқали келган хабарда Тошкент шаҳар Олмазор туманида бузилaдиган уйларни рўйхатга олиш бошлангани билдирилган. Мазкур манбага кўра, Олмазор туман ҳокимияти вакиллари бузилиши эҳтимоли бўлган хонадонларда қанча оила яшаётганини суриштириб¸ рўйхат тузмоқда.



Олмазор туман ҳокимиятининг ўзини таништиришни истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда WhatsApp дан келган хабарни тасдиқлади. Унга кўра¸ Эски шаҳарни реконструкция қилиш доирасида янги йўл тушиши мўлжалланган маҳаллаларда бузилиш эҳтимоли бўлган уйларда яшовчилар рўйхатга олинмоқда:

- Йўл тушиши керак бўлган уйларнинг рўйхати тузилaяпти. Рўйхатда нечта хонадон ва нечта оила борлигининг ҳисобини қиляпмиз. Иш пайшанба куни, 25 июлда бошланди. 12 кишидан иборат бригада ишлаяпти, деди ҳокимият вакили.

Чиғатой маҳалласида яшовчи Комилжон Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат унитар корхонаси Олмазор туман бўлими ходимлари тузаëтган рўйхатга ўзи яшаëтган хонадон ҳам тушганини айтади:

- Келиб, “Домовой”да нечта одам пропискада эканини ёзиб кетишди. Бунга бир ҳафтача бўлиб қолди. Бузилса керак. Йўл тушса керак, дейди Комилжон.

Олмазор туман ҳокимияти вакили бузиладиган уйлар рўйхатини тузиш яна неча кун давом этишини билдирди:

- Чиғатойда, Сариқсув, Қорасарой маҳаллаларида уйма-уй юриб рўйхат тузилaяпти. Фақат паспорт, метрика, ЗАГС қоғозларининг нусхалари олинaяпти. Оилада нечта жон борлиги аниқланaяпти. Уй бузилса, уларга жой бериш керак бўлгани учун шундай қилинaяпти. Территория катта. Шунинг учун қанча уй бузилиши мумкинлигини ҳали билмаймиз. Биз рўйхат тузганимиздан кейин шаҳар ҳокимияти ҳал қилади буни, деди Олмазор туман ҳокимияти вакили.

Унга кўра, Эски шаҳар маҳаллаларидаги айнан қайси уйларнинг бузилишини янги йўл қурилиши лойиҳасига ҳали ўзгартиш киритилиши мумкинлиги боис¸ ҳозирдан аниқ айтиш қийин:

- Xарита ўзгариши ҳам мумкин. Ҳисоб-китоб қилиняпти. Масалан, Қорасарой олдига келганда рўпарадан мозор чиқaяпти. Мақбара ёки тарихий эски масжидлар чиқaяпти. Янги йўл xаритада ўша ердан ўтган бўлиши мумкин. Ҳозир ҳисоб-китоб қилинганидан кейин ҳамма жиҳат ҳисобга олинади. Шунинг учун йўл у ёки бу томонга сурилиши мумкин¸ дейди ҳокимлик расмийси.

Олмазор туман ҳокимлиги вакили фикрича, янги йўл қурилганидан кейин Эски шаҳардаги бинолар реконструкция қилинади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 19 июн куни Жиззах вилоятига сафари чоғида Жиззах шаҳари Бош плани ҳақида гапириб, кўп қаватли бинолар қурилишини танқид қилган ва Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида қайта қуриладиган уйлар уч қаватдан баланд бўлмаслигини алоҳида урғулаган эди:

- Бир вақтлар ҳеч нарсани, келажакни ўйламасдан туриб, уйларни пала-партиш қуриб олганимиз бизлар учун бугун жуда катта муаммоларни ташкил қилаяптики, магистрал кўчаларни ўтказа олмайсан, канализацияни ўтказа олмайсан, газни ўтказа олмайсан, электрни ўтказа олмайсан ва ҳоказо ва ҳоказо.

Бир вақтлар бу масалaларга жуда бир қанақадир калтабинлик билан қарагaнмиз. Нима 9 этаж Жиззахга ярашадими? Одамлар қанақа, айтайлик қийинчиликка дучор бўлаяпти? 9 этажда ëзда яшаш мумкинми? Туриш мумкинми?

Мана бизлар Тошкентнинг Эски шаҳрини шундай қиламизки, айтайлик жуда кўп бўлса агар 3 этаж бўлади. Шундай яхши бир уй-жойларни архитектурасини шунақа қиламизки, 3 этаждан кўп бўлмайди. Эски шаҳар Эски шаҳар бўлиб қолаверади¸ деган эди Ислом Каримов Жиззахда.

2012 йил 12 март куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2020 йилга қадар Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини тўлиқ таъмирдан чиқариш ҳақидаги қарорга имзо чеккан.

16 март куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашида сўзлаган Каримов Эски шаҳарни таъмирлашдан мақсад пойтахтнинг бу қисмини замонавий талабларга жавоб берадиган, телекоммуникация тизими билан таъминланган шаҳарга айлантириш экани айтган.
XS
SM
MD
LG