Ўзбекистон қамоқхоналаридан ҳар йили ўнлаб маҳбуснинг майити чиқиши айтилади. Абдувоҳид Абдураҳмонов ўшалардан яна бири бўлди. Диний экстремизмда айбланиб, 9 йилга кесилган тошкентлик 36 ёшли йигит бу муддатнинг дастлабки 10 ойи ўтар-ўтамас оламдан ўтди.
Навоий қамоқхонасидан жасади келган 36 яшар Абдувоҳид Абдураҳмонов якшанба куни Тошкентда дафн қилинди.
Абдувоҳид Абдураҳмоновнинг онаси ва яқинлари Озодлик радиоси билан суҳбатда тақдирга тан берганликлари ва жасаднинг танасида қийноқ аломатлари йўқлигини таъкидлаш билан чекланишди.
Озодлик манбаларининг айтишича¸ айни пайтда марҳумнинг оиласига матбуотга гапирмаслик борасида босимлар бўлмоқда.
Абдувоҳид Абдрураҳмонов, ўтган йилнинг ноябр ойида қўлга олиниб, шу йилнинг апрелида Тошкент шаҳар жиноий ишлар маҳкамаси томонидан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Маҳкама¸ Абдрураҳмоновни ҳижратдаги таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг тарафдори ва "Жиҳодчилар" гуруҳи аъзоси дея айблаган эди.
Шунингдек Абдрураҳмонов зиммасига маҳкама давомида "диний экстремистик гуруҳга аъзолик" ва "Конституцион тузумга тажовуз қилиш" каби қатор айблар ҳам юкланган.
Хайрия учун қамоқ
Қамоқдан жасади чиққан Абдувоҳид Абдураҳмонов ўтган йилнинг ноябр ойига қадар танишларидан пул йиғиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган диндор маҳкумларга озиқ-овқат¸ кийим-кечак олиб бориб турган.Тошкентнинг Учтепа тумани турғуни Абдувоҳид Абдураҳмонов қамоқдаги ўз яқинларининг моддий аҳволидан хабар олиш учун ўз қариндошлари ва танишларидан хайрия йиққани боис Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати назарига тушади.
Абдувоҳид Абдураҳмонов ва унга яқин таниш бўлган яна беш киши ўтган йилнинг кузида Тошкентда ҳибсга олинади.
Маҳкумларга қариндош-уруғдан инсонпарварлик ëрдами йиғиш Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга кўра жиноят ҳисобланмайди.
Маҳкама жараëнини кузатган ва исми ошкор қилинишини истамаган Озодлик манбасининг айтишича¸ Абдувоҳид Абдураҳмонов қийноқлар воситасида диний экстремистик гуруҳга аъзолик ва Конституцион тузумга тажовуз қилиш каби қатор айбларига “иқрор қилдирилган”.
Манбанинг айтишича, Абдувоҳид Абдураҳмоновнинг танишлари ҳам тазйиқлар боис “фош қилувчи кўрсатмалар” беришга мажбур бўлишган.
Манбага кўра¸ тергов мобайнида Абдувоҳид Абдураҳмонов билан бирга қўлга олинган 39 ёшли Абдурашид Ҳоруновнинг рафиқаси 15 суткага қамалиб, эрининг танишларига қарши кўрсатма беришга мажбурланган.
Ана шундан кейин Абдувоҳид Абдураҳмонов ва яна беш нафар тошкентлик фуқаро маҳкама томонидан ҳижратдаги имом Обидхон қори Назаровнинг тарафдори ва "Жиҳодчилар" гуруҳи фаоли деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Тошкент маҳкамаси бу шаҳсларнинг Обидхон қори Назаров тўқсонинчи йилларда имомлик қилган Тошкентдаги Тўхтабой масжидида жамоат намозларига қатнашганини жиноят исботи сифатида малакалаган.
Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи бу маҳкама жараëни бўйича баëнот чиқариб Ўзбекистонда “жиҳодчилар” гуруҳига қарши жиноят иши сохталаштирилгани ва маҳкумларнинг иқрорлик кўрсатмалари қийноқлар остида олинганини таъкидлаган эди.
Маҳкумларга ҳайрия йиқани учун “Жиҳодчи” деб топилган Абдувоҳид Абдураҳмонов 9 йилга Озодликдан махрум қилиниб, жазони Навоий вилоятидаги 46-сонли муассасада ўтаб келган.
Бундан 10 ой олдин уйидан олиб кетилган Абдувоҳид Абдураҳмоновнинг жасади махсус ходимлар¸ маҳалла оқсоқоли ва посбонлари ҳамроҳлигида уйига келтирилиб, тез дафн қилиш буюрилган.
Ҳар йили ўнлаб жасад
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг иддао қилишича¸ ҳар йили Ўзбекистон қамоқхоналаридан ўнлаб маҳкумнинг жасади чиқади ва аксар ҳолларда уларнинг қийноқлар натижасида ҳалок бўлгани қайд қилинади.Жорий йилнинг 29 февралида "Ҳизб ут-Таҳрир" гуруҳига аъзоликда айбланиб, 13 йилдан буён Навоийда қамоқ жазосини ўтаётган тошкентлик маҳкум, 41 ёшли Абдураҳмон Сагдиевнинг қамоқдан ўлиги келган эди.
Бундан олдин Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторидан 40 ёшли Шовкатжон Нурматовнинг жасади чиққан эди.
Озодлик ўтган йилнинг бошида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Шодиев номига иккита хат йўллаб, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ўлим ҳолатлари ва қийноқлар қўлланилиши борасидаги иддоаларга ойдинлик киритишни сўради.
Аммо орадан бир ярим йил ўтиб ҳам, қамоқхоналардаги вазият учун маъсул идорадан жавоб олмадик.