Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Ўзбекистон Қирғизистондан 15, 5 миллион доллар қарзми?


Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан 758 миллион қирғиз сўми, яъни тақрибан 15, 5 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор. Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззаков мана шундай иддао билан чиқди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийлари Ўзбекистон томони Советлар замонидан бери газ ва нефт қазиб келган 1270 гектар ер учун 15, 5миллион доллар ижара ҳақи қарз бўлиб қолганини иддао қилмоқда. Қирғиз расмийларининг айтишларича, бу ерларни Ўзбекистон ўтган асрнинг 50-йилларида Москва кўрсатмаси билан ижарага олган.

Айни пайтда қирғиз расмийлари ўз иддаоларини исботлаш учун бирон бир расмий ҳужжат, икки давлат ўртасида имзоланган шартнома ёки ижара тўғрисидаги келишимларни далил сифатида келтира олмайди.

Шунга қарамай, Боткен вилоят ҳокимияти беш йилдан бери бу ерлар учун ижара ҳаққи ундириш ҳаракатида. Қирғизистон ҳукумати эса мазкур ҳудуддаги Ўзбекистон тасарруфида бўлган газ ва нефт конларини қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган. Аммо бу ҳаракатлардан шу кунгача бирон натижа чиқмаган.

Бу масалада Боткен вилоят солиқ хизмати судга мурожаат қилган, аммо суд Ўзбекистондан қарзни ундириш юзасидан даъво аризасини қабул қилиб олишдан бош тортган.

-Қўшниларнинг бизнинг ҳудудда 22 та корхонаси бор. Улар орасида 12 корхонадан қарз ундириш жуда қийин бўлмоқда. Қарзни ундириш учун туманлараро судга мурожаат қилдик. Аммо суд аризамизни қабул қилмади. “Ўзбекистон судларига мурожаат қилинглар”, деб қайтаришди. Бу ақлга сиғмайдиган иш. Биз Ўзбекистон корхоналарининг қароргоҳлари қаерда жойлашганини ҳам билмаймиз, -деди Боткен вилоят солиқ хизмати раиси Рахматбек Рустамов.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Разаков эса Ўзбекистон томони 1992 йилда “қирғиз ҳудуди” деб иддао қилинаётган ерларда жойлашган газ ва нефт конларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиб бериши керак эди, деб ҳисоблайди.

-Бугунги кунда Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси ер солиғи тўлайди. Бироқ хориж ширкатлари бизнинг еримизни ишлатиб, солиқ ҳам тўламай, бунинг устига ижара ҳақини ҳам бермаётганини қандай тушунсак бўлади? 1992 йилда МДҲ давлатлари имзолаган шартномага асосан, бу ерларни Ўзбекистон Қирғизистонга топшириши керак эди, -деди Жениш Разаков.

Қирғизистогн ҳукуматининг Боткендаги вакли Жениш Разаков, бундан буён Ўзбекистон томони ижара ҳақини беришдан бош тортса, “қирғиз ерларида жойлашган ўзбек ширкатларининг мол-мулкини қонун доирасида мусодара қилиш” ҳақида июль ойи охирида ўтган йиғинда кўрсатма берди.

2010 йилда президент Роза Ўтунбаева ҳам “Шимолий Сўх” ва “Чўнғара- Ғалча” конларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди. 2011 йилда бу қирғиз парламенти Бурганди ҳудудида жойлашган ва Ўзбекистон томонидан ишлатилаётган газ-нефт конларини Қирғизистон балансига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ шу кунгача бу қарорлар ижроси таъминланган эмас.

Тошкент расмийлари эса Қирғизистон ўзиники эканини иддао қилаётган конлар баҳсли ҳудудда жойлашганини билдирган. Ўзбекистон фикрича, мазкур ҳудуд кимга тегишли экани давлатлараро комиссия томонидан аниқлангачгина, конлар қайси давлатга тегишли эканини аниқлаш мумкин.
XS
SM
MD
LG