Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 12:50

"Танка"нинг "чўпони" ҳам бор


Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан "Имтиҳон сирлари" сарлавҳа билан бир мактуб келди. Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

4. Чўпон усули:

"Чўпон" дегани мактаб ёки коллежни битириб ўқишга топшириш режаси бўлмаган йигит-қизлардир.

Бу усул 2000 йилда кашф қилинган бўлиб, йиллар давомида бир қанча ўзгартиришлар киритилди.

Университетга қабул бошланганда 10 тадан 20 тагача баъзида ундан ҳам кўпроқ "чўпон"лар ҳужжат топширишади. Дастлабки йилларда уларнинг вазифаси имтиҳон пайтида ўзларининг саволлар китобчасини хато жавобларга тўлдириб гуруҳдаги "клиент"ларнинг саволлар китобчасидаги асосий фанлар туширилган варақларини йиртиб олиб эртароқ ташқарига чиқиб кетишдан иборат бўлган.

Ташқарида махсус тайёрланган ўқитувчилар ушбу олиб чиқилган варақлардаги саволларни ечиб беришган ва тайёр жавоблар келишилган МХХ ходими томонидан ичкарига олиб кириб берилган.

2004 йиллардан бошлаб китобчаларни имтиҳон охирида текшириб олишадиган бўлишди ва кимнинг китоби йиртилган бўлса имтиҳондан четлаштириладиган бўлди. Бундан ташқари барча абитуриентлар имтиҳон тугагунча аудиториядан чиқарилмайдиган ва бир вақтда чиқариладиган бўлишди. Шу сабабли кейинчалик бу усул бироз ўзгарди ва эндиликда "Чўпон" "Клиент"нинг китобини йиртмасдан, балки фотоаппарат ёрдамида саволларни суратга тушириб, кейин фотоаппаратнинг ўзи эмас балки флешкасини олиб чиқадиган бўлди.

Имтиҳон ярмида аудиториядан чиқиб кетиш усули ҳам ўйлаб топилди яъни "Чўпон" ким биландир жанжал чиқаради ёки бошқа бир йўл билан тартибни бузади. Натижада кузатувчи томонидан ташқарига чиқариб юборилади.

Ташқарида чўпон олиб чиққан флешка компютерга уланиб, саволлар қоғозга чиқарилади ва тезда ўқитувчилар томонидан ечилади.

Саволларни етказиб бериш ҳам бироз ўзгартирилди. Баъзида олдингидек келишилган МХХ ходими томонидан ёки мобил телефонлар орқали "клиент"нинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, тайёр жавоблар ўқиб бериларди.

Энди фотоаппарат ва қўл телефонларини қандай қилиб аудиторияга олиб кириш масаласига келсак, бунинг ҳам бир қанча усуллари бор. Биринчи навбатда "чўпон" ва "клиент"ларнинг ўзлари қўл телефонлари ёки фотоаппаратни яшириб олиб киришга ҳаракат қилишади.

Лекин "страховка" сифатида имтиҳондан бир кун олдин "клиент"лар жойлашган аудиторияларга мобил телефонлар ва фотоаппарат олиб кирилиб яшириб қўйилади.

Одатда "клиент" ёки "чўпон" ўтирадиган парта рақами олдиндан аниқланади ва парта тагига скоч ёрдамида телефон ва фотоаппарат ёпиштириб қўйилади ёки аудитория поли паркет қилинган бўлса, "клиент" ўтирадиган жойдаги паркет пол очилиб ичига телефон яширилади.

***** ***** ***** ***** *****

Тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул Озодлик почтасига ўзини Анвар Ибодов деб таништирган муштарийдан келган "Имтиҳон сирлари" сарлавҳали мактубда тилга олинган.

"Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталиб ўтди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факултетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган", дейилади Анвар Ибодов хатида.
XS
SM
MD
LG