Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:46

“Қора бозор”да АҚШ доллари тушиб кетди


Ўзбекистондаги валюта "қора бозор"ларида АҚШ долларининг қиймати ўзбек сўмига нисбатан кескин тушиб кетди. Саррофлар бунинг сабабини GM-Uzbekistаn тизимидаги автосалонларнинг автомобиллар хариди учун фуқаролардан сўм қабул қила бошлагани билан изоҳлашмоқда.



Жорий йилнинг 6 августидан бошлаб, Ўзбекистон “қора бозори”да АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан қиймати пасайиб кетди.

Саррофлар 1 АҚШ долларини айни пайтда 2690-2710 сўмгача харид қилишмоқда. Тошкентнинг Олой, Қўйлиқ, Ўрикзор ва Фарҳод бозорлари ҳудудида жойлашган валюта айирбошлар "қора бозор"ларида 1 АҚШ доллари ана шу нархларда сотиб олиниб, 2730-2740 сўмдан сотилмоқда.

Ҳолбуки, ўтган ҳафтада АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2850 сўмгача кўтарилган эди.

Саррофлар мазкур ҳолатни GM-Uzbekiston тизимидаги автосалонларнинг фуқаролардан автомобиллар хариди учун ўзбек сўми қабул қила бошлагани билан боғламоқда. Уларнинг таъкидича, автосалонлар миллий валютада маблағларни қабул қиларкан, аҳолида йирик миқдордаги сўмга эҳтиёж пайдо бўлди ва бу ҳол хорижий валюталарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатди.

Пойтахтнинг Олой бозори ҳудудида саррофлик билан шуғулланувчи Салим Бобоевнинг айтишича, “қора бозор”даги бундай вазият вақтинча:

- Бунинг ҳаммаси муваққат нарсалар. АҚШ валютаси автосалонлар ёпилиши билан яна қаддини тиклайди. GM-Uzbekistаn ширкатининг эса харидорлар учун доимий савдо хизматини ташкил этиш имконияти мавжуд эмас. Боз устига, яқинда Ҳаж мавсуми бошланади ва яна валютага эҳтиёж ортади” дейди сарроф Салим Бобоев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хорижий валюталарни сўмга нисбатан айрибошлашнинг қонуний имкониятлари кам. Шунингдек, “қора бозор” фаолиятига ҳам расман тақиқ қўйилган.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта айирбошлаш тақиқланган. Ўзбекистон резидентлари валюта алмаштиришни фақат банклар орқали нақд бўлмаган ҳолда амалга оширишлари керак.

Нақд валюта алмашмаслиги хабари Ўзбекистондаги “қора бозорлар”ни жунбушга келтирган эди .

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 8 август куни бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2114.99 сўмни ташкил қилди.
XS
SM
MD
LG