Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 11:43

Дума чодир шаҳарчаларни қонунийлаштирмоқчи


Москванинг турли минтақаларида полиция ва ФМС ходимлари "муҳожирлар овини" давом эттирмоқда.
Москванинг турли минтақаларида полиция ва ФМС ходимлари "муҳожирлар овини" давом эттирмоқда.

Россия Давлат Думаси муҳожирларни сақлаш учун ташкил қилинаётган ва ҳуқуқ ҳимоячилари тарафидан ноқонуний дея танқид қилинаётган лагерларни қонунийлаштирмоқчи. Ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида лагерда сақланаётган мигрантларни кўнгилли равишда ишга жалб қилиш ва уларга қайтиш билетларига маблағ ишлаб олишга имконият берилиши кўзда тутилган. Россия пойтахтини эса ноқонуний мигрантлардан тозалаш рейдлари мунтазамлик билан давом этмоқда.


“Лагер” ўрнига “ноқонуний муҳожирларни сақлаш пункти”

Россия парламенти қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Москвада олиб борилаётган “зачисткалар” пайтида ушланган ноқонуний меҳнат муҳожирларини сақлаш пунктларига қонуний мақом бериш ҳарактига тушди.

Давлат Думасининг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси раиси Андрей Исаев эса депортация қилиниши ёки суд қарорини кутиб ётган муҳожирларга “ўз уйларигача билет ҳақини ишлаб олиш” имконияти берилиши қонунда белгиланишини гапирмоқда.

Маълум бўлишича, бу қонунга кўра мигрантлар ён-атрофда ободонлаштириш ва тозалаш ишларига кўнгилли равишда жалб қилинади.

Депутат Андрей Исаев “Известия” газетасига берган суҳбатида янги қабул қилинажак қонунда “лагер” ўрнига “стационар бўлмаган ноқонуний муҳожирларни сақлаш пункти” иборасини ишлатиш зарурлигини таъкидлади. “Акс ҳолда, одамларда концлагерлар билан боғлиқ салбий тасаввур юзага келади”, деди парламент аъзоси.

Айтиш жойизки, Гольяновода ой бошида қўрилган чодир шаҳарчани мухолифат лидери ва ёзувчи Эдуард Лимонов “концлагер” деб атади.

"Бизда Голяновода “концентрация лагери” қурилди. Тарихимизда Сталин давридан буён биринчи маротаба бундай лагер пайдо бўлди. Қизиғи, бу лагерлар хорижликлар учун, аммо эртага бу лагерда ким ўтиради – мен билмайман... Балким, у ерда ўзгача фикрлайдиган одамлар ўтирар? Одамлар давлатимизда лагерлар мавжудлигига кўникиб қолади! Нега мухолифат VIPлари Гольяновода лагер қурилиши борасида лом-мим демаяпти? Демак, улар мигрантларга қарши кампаниядан фойдаланиб олмоқчи", дея фикр билдирди Эдуард Лимонов.




Куни кеча бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Гольяноводаги депортация шаҳарчаси қонунийлигини шубҳа остига олгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина шаҳар прокуратураси ўз қарори билан 2-Иртишская кўчасида ноқонуний тарзда ва мажбуран ушлаб турилган шахсларни озод этиши кераклигига эътибор қаратди.

- Одамларни ҳибсда ушлаб туришга мўлжалланган бу жой ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга эмас. Бу жуда муҳим, чунки одамларни ноқонуний бўлган жойда сақлаш қонунга хилофдир! Шу сабабли лагер жуда бўлмаганда очиқ бўлиши керак. Бундай лагерлар фақат табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлардагина ташкил қилинади, дея баёнот берди Светлана Ганнушкина.

Депутатларнинг навбатдаги ташаббусидан хабар топган ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина чодир шаҳарчаларга қонуний мақом бериш ҳарактига тушиб қолгани уларнинг ҳозирда ноқонунийлигининг яққол исботидир, деди.

У 13 август куни “Фуқаровий кўмак” Гольяново лагерига қарши пойтахтнинг бир нечта жойида пикет ўтказилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Россия миллатчилар ташкилотлари концлагерлар ноқонуний муҳожирларни назорат остига олиш ва сақлашнинг энг қулай усули эканини таъкидламоқда. “Русские” миллатчилар ҳаракати раҳбари Александр Белов-Поткин мигрантлар рус жамияти учун ўта хавфли экани ва уларни ажратишга қаратилган ҳукуматнинг бу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Полицияси: “Муҳожирларни сақлаш марказлари тўлган”

Москванинг турли минтақаларида эса маҳаллий полиция ва ФМС ходимлари рейдлари давом этмоқда.

Москва полицияси Ясенево бозорида пайшанба куни ўтказилган рейд давомида Марказий Осиё ва Шимолий Кавказдан келган 260 дан ортиқ меҳнат муҳожирини қўлга олди. 5 август куни Долгопрудний шаҳрида 600 нафар асосан ўзбекистон фуқароси бўлган муҳожирлар ушланган эди. Полиция “зачисткалари” Россиянинг деярли барча бошқа ўлкаларида ҳам олиб борилаётгани тўғрисида хабар келмоқда.

Озодлик таҳририятига келган хабарлардан бирида 8 август куни “Подолский шаҳридаги стройкани полиция босди. Эрталаб 6 лар атрофида автомат билан военнийлар келиб 180 кишини олиб кетди. Соат 14 га қўйиб юборибди документи борларини, 4 кишини иши судга оширилибди”, деб хабар қилинади.

Озодликнинг Москвадаги бюросига қўнғироқ қилган бошқа бир муҳожир ўзининг дўсти 9 кундан бери “Хорошевский” полиция бўлимида сақланаётганини гапирди.

- Рустам Жуманов, 1986 йилда туғилган экан. 26 март куни келган эди, иш жойида ишга рухсатномаси тайёр бўлмаган. У билан яна 3 боланики тайёр эмас экан. Динамо метросида турклар фирмаси қурилиш олиб боряпти экан. Шу пайтгача текшириш бўлмаган бунақа, булар ана шунақа текширишга тушиб қолди. Документи йўқлар ҳам қандайдир йўллар билан чиқиб кетибди. Бизлардан таниши орқали кеча 30 минг рублга ҳам чиқара олмади, дейди исмини ошкор этмаган ўзбек муҳожири.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00
Бевосита линк


Озодлик “Хорошевское” полиция бўлимига мурожаат қилиб, навбатчи офицердан ўзбек муҳожирларининг бунча вақт полиция бўлими қамоқхонасида сақланиб турилиши сабабларини сўради.

- Ҳа, бизда ушлаб турилибди. У суд қарори билан депортация қилинди. Тўғри, депортация марказида сақланиши керак, аммо у ер тўлиб қолган. У ердагилар жой бўшаса, олиб кетишга ваъда беришяпти. Бизда эса уни сақлаб туришга суд қарори мавжуд,- деди муҳожирлар депортация маркази бошқа одам қабул қилмаётгани боис бу йигитлар полиция бўлимида қолаётганини гапирган навбатчи офицер.

“Хорошевское” полиция бўлимида қолаётган 27 ёшли қашқадарёлик Рустам Жуманов полиция рухсат берса, ўзи мамлакатни тарк этишга тайёрлиги ҳақида Озодликка гапиради.

- Бизни биринчи август куни фирмадан олиб келди, Рязанскийдан. У ерда қолипчилик қилардим. Ҳужжатларим жойида эмас эди. Бизни ОМОН босиб олиб келди бу ерга. 2 август куни суд қилди.Суд икки минг рублдан жарима солди ва 3 кишини депортация қилди. Депортация қарори 18 кишига чиқди. Эртага 10 кун бўлади. Мен кетаман десам кўнмаяпти. Қўйиб юборса – кетаман. Бўлди, келмайман. Қозоғистонга бориб ишлайман,- дейди ҳафсаласи пир бўлган Рустам Жуманов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:06 0:00
Бевосита линк


Хориж фуқароларини сақлаш марказларига жойлаштирилган меҳнат муҳожирлари ойлаб, айрим ҳолларда, йиллаб бу муассасаларда қолиб кетмоқда.

Муассаса расмийларининг айтишича, бу ҳолатга бу шахсларни депортация қилишга зарур бўлган жавоб ҳужжатлар айрим элчихоналардан узоқ вақт келиши сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG