Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:13

Ўзбек кинопродюсери Россиядан сиëсий бошпана сўради


Kинопродюсер Мирсобир Ҳамидқориев Москва шаҳар Войковский тумани ИИВ бўлинмасида.
Kинопродюсер Мирсобир Ҳамидқориев Москва шаҳар Войковский тумани ИИВ бўлинмасида.

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб, қидирувга берилган тошкентлик 36 яшар кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев душанба куни Россия Федерациясидан сиëсий бошпана сўради. Ҳамидқориев Ўзбекистонда шов-шувга сабаб бўлган ва тақиқлаб қўйилган "Нафс" филмига продюсерлик қилган.


Бу ҳақда унинг адвокати Илларион Васильев Озодликка билдирди.

7 август куни Москванинг Головинская туманлараро прокуратураси Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилганидан кейин ўзбек кинопродюсери ўз адвокатлари орқали Россиядан сиëсий бошпана сўраганлигини маълум қилди.

Россия полицияси Мирсобир Ҳамидқориевни жорий йилнинг 10 июл куни Ўзбекистон сўровига биноан ҳибсга олган эди.

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази фаоллари Мирсобир Ҳамидқориевни олиб кетиш учун Тошкентдан махсус келган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг икки нафар ходимини кинопродюсер ўтирган ҳибсхона ва унинг иши кўрилган маҳкама биносида кўришган.

Ҳамидқориевнинг адвокати Озодлик билан суҳбатда, ўзларини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари деб таништирган икки шахс, буни тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишган.

Бундан ташқари Мирсобир Ҳамидқориев иши кўрилган маҳкама биноси ëнида Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари экани ишонилган икки нафар шахс автомобилдан туриб, махсус кузатув олиб борган.

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб, қидирувга Мирсобир Ҳамидқориевнинг адвокати Илларион Васильев бу “кузатувчиларни” шахсан кўрганини Озодлик билан суҳбатда маълум қилди.

Адвокатнинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта охиридаги икки кун ичида Мирсобир Ҳамидқориевнинг тақдири қил учида турган:

- Ҳамидқориевни экстрадиция қилиш талаби Ўзбекистондан келганидан кейин Москванинг Головинская туманлараро прокуратураси бу ишни кўриб чиқди. Жараëн асносида Ҳамидқориев Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилинди. Аммо у дарҳол Войковский туман ИИБ ходимлари томонидан қайта ҳибсга олинди. Уларга кўра, гўë, Ҳамидқориевнинг миграция ҳужжатларида қонунбузарликлар мавжуд. Ўзбекистон хавфсизлик ходимларига топширилишидан даҳшатга тушган Ҳамидқориев кеча икки қўлидаги томирларни кесган. Сал кейин полиция томонидан "тушунмовчилик" бўлгани айтилиб, Ҳамидқориев озод қилинди,- дейди Озодлик билан суҳбатда Мирсобир Ҳамидқориевнинг адвокати Илларион Васильев.

“Нафс”филми ва “Исломий жиҳод” айбловлари

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб, қидирувга берилган тошкентлик 36 яшар кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Тошкентдаги зиëли элита орасида санъат шинвандаси сифатида танилган.

Миорсобир Ҳамидқориевни яқиндан билганлар унинг номозхон бўлганини айтишади.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган “Нафс” филмига продюссерлик қилган.

Ўзбекистон махсус хизмат идораларига кўра¸ Мирсобир Ҳамидқориев ўз тарафдорлари билан “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини яратган.

Мирсобир Ҳамидқориевнинг адвокати Илларион Васильев ўз тасарруфидаги ҳужжатларга асосланиб, кинопродюссер мамлакат ҳукмдор элитасининг “соҳибаси” билан конфликтга тушганини айтади.

- Ҳамиодқориев Ўзбекистонда ҳозирда тақиқланган “Нафс” филмини ишлашда иштирок этган. Унинг акаси ҳам ҳозирда қамоқхонада. Ўзбек хавфсзилик хизмати Ҳамидқориев дохил 40 кишини, "экстремистик ташкилот"га алоқадорликда айблаган. Айбланганлардан бири кўп йил давомида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан жуда яқин алоқада бўлиб келган. Гулнора Каримова билан бу алоқа узилганидан сўнг, гуруҳ диний айбловлар нишонда қолган. Мирсобирнинг муаммолари 2010 йилда бошланди. Қуролланган номаълум кишилар ниқобларда унинг "Мир электроники" дўконига бостириб киришади ва у ердаги нарсаларни олиб кетишади. Сўнгра 24-дан 25-декабрга ўтар кечаси эр-хотин ўтирган машина ўққа тутилади. Икки соатдан сўнг Миллий Хавфсизлик ходимлари Мирсобирнинг акаси Миразизни ҳибсга олганлари маълум бўлади. Шу куни Мирсобир Ҳамидқориев ва оиласи Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишади,- дейди суҳбатдош.

Илларион Васильевнинг Озодликка айтишича¸ Ҳамидқориев Тошкентдаги 1,5 миллион долларлик мол-мулкидан айрилган. Унга тегишли "Мир электроники" дўкони олиб қўйилган.

Ўзбекистонда продюсер Мирсобир Ҳамидқориевга 2011 йил 3 январда сиртдан жиноий иш қўзғатилган.

Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йил 1 апрелда қидирувга берилган, 7 июнда Россия ИИВ федерал қидирув хизмати рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари иддаосига кўра¸ Мирсобир Ҳамидқориев 2009 йил бир гуруҳ тошкентликлар билан "Ислом жиҳодчилари" террористик гуруҳини тузган.

Бу гуруҳ таркибига спортчи, санъаткор, киночилар кириб, ҳозир қочиб кетган Нурилло Саидхўжаев томонидан бошқарилгани иддао қилинади.

"Мемориал" марказидаги ҳужжатларда гуруҳ таркибида киноактёр Фаррух Соипов, бастакор Азиз Холмуротов, мусиқачи Сурат Қосимов, кинооператор Темур Примқуловлар бўлгани ҳам иддао қилинади.

Бу маълумотларга кўра , "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорлик айби билан 40 киши ушланган.

"Мемориал" фаоллари ўз қўлларидаги ҳужжатларга асосланиб, ушланганлардан 30 нафари 60 минг долларгача бўлган пора эвазига озодликка чиқарилгани ва қолган 9 киши, жумладан, Ҳамидқориевнинг акаси ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганини айтишади.

Бу қама-қамалар пайтида Ҳамидқориев ва спортчи Улуғбек Шукуровлар мамлакатдан қочишга муваффақ бўлишди.
XS
SM
MD
LG