Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:13

Фарғоналиклардан пахта пайтида тўй қилмаслик бўйича тилхат олинмоқда


Пахта терим мавсуми фарғоналикларнинг тўю маърака тадбирларига ғов бўладиган бўлди.
Пахта терим мавсуми фарғоналикларнинг тўю маърака тадбирларига ғов бўладиган бўлди.

Фарғона вилоятининг 15 туманидаги 2 миллиондан ортиқ аҳолига ўз тўйларини мустақиллик байрамигача қолган 20 кунда ўтказиш “тавсия” қилинди. Бу “тавсия”дан кейин маҳалла оқсоқоллари аҳолидан “пахта мавсумида тўй қилмайман” деган тилхатлар ҳам ола бошлади.



Фарғонанинг Қўқон шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида улғайган 27 яшар Абдубосит Россияда беш йил мардикорлик қилиб ўз тўйига пул йиғди.

Тўй куни сентябрга белгилангач¸ Абдубосит Россиядан қайтиш чиптасини олди. Аммо Ўзбекистондаги яқинлари Абдубоситга телефон қилиб, тўй куни 25 августга ўзгарганини айтишди. Маҳалла оқсоқоллари келиб, тўйни фақат 1 сентябргача ўтказасан, деб Абдубоситнинг яқинларидан тилхат олиб кетишган.

Бу аснода Абдубосит янги чипта олишга мажбур бўлганини Озодликка ташвиш билан гапирди:

- Билетим қайтарилмайдиган хилидан экан. Куйиб қолди. Янги билет олдим. Тўйни бемалол 21 сентябр шанбага белгилаттирган эдим. Бу ердаги ишларимни ҳам шунга қадар тугатмоқчи эдим. Маҳалла оқсоқоли билан туман ҳокимиятидан кимдир келиб, тўйни 1 сентябргача қиламан¸ пахта мавсумида тўй қилмайман, деб тилхат олиб кетибди. На чора эртароқ уйланамизда энди¸- дейди суҳбатдош.

Тўй кунининг ўзгариши Абдубоситга қимматга тушди. Авиачиптани янгилаш харажатидан ташқари Абдубосит ўзи олиб қўйган уй таъмири бўйича буюртмани бажаролмай қолгани боис пулдан бенасиб бўлди.

Озодлик билан суҳбатлашган Абдубосит билан бирга Россияда ишлайдиган фарғоналик меҳнат мухожирлари бир оз пул йиғиб тўëна қилиб беришгани айтишди:

- Бизда рўза пайтида тўй қилишмайди. Кўпчилик шу сентябр ойини тўйга мўлжал қилади. Чунки мева-чева арзон бўлган пайт. Аммо бу йил пахта теримини эрта бошлаймиз деб тўйларни 1 сентябга қадар ўтказинглар деб айтишибди. Тўйлар ҳайит ва 1 сентябр орасидаги 20 кунга тиқилиб қолди. Кўпчилик шанба куни ўтказсам дейди¸ аммо 20 кун ичидаги шанба талаш бўлиб ëтибди. Буни қийинчилиги ҳам бизга тушди,- дейди Абдубосит билан Россияда меҳнат қилаëтган суҳбатдош.

Бу маълумотларни ўрганиш жараëнида Озодлик мухбирлари Фарғонанинг Фурқат¸ Қиргули каби туманларидаги маҳалла оқсоқоллари уйма-уй юриб, пахта пайтида тўй қилмаслик борасида “тушунтириш” ўтказаëтгани борасида маълумот олди.

Тўйларни чеклаш бўйича бундай “тарғибот” ишларининг Фарғона¸ Қўқон ва Марғилон шаҳарларидан бошқа барча туманларида олиб борилмоқда, деди исми айтилмаслиги истаган фарғоналик Озодлик тингловчиси биз билан суҳбатда.

Мавзуни ўрганиш мобайнида Фарғона вилоят ҳокимлигида 2013 йил пахта мавсумини ўтказиш бўйича махсус гурух иш олиб бораëтгани ҳақида маълумотга эга бўлдик.

Фарғона вилоят хокимлигидаги Озодлик манбасига кўра¸ пахта мавсумида тўй қилмаслик борасида аҳолидан тилхат олиш борасида туманлардаги маҳалла оқсоқолларига тавсия бериш ташаббуси ҳам вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалик бўлимидан чиққан.

Манбага кўра¸ қишлоқ хўжалик бўлимидаги Элмурод исмли ва Ниëзов Холмирза деган икки мулозим пахта мавсумида тўйларни чеклаш масаласига маъсул қилиб қўйилган.

Ҳокимликдаги манбанинг айтишича, Фарғона вилояти ҳокимлигида туманларга “тавсиялар” юборилмоқда.

Бундай тавсиялардан бири тўйларни чеклаш бўлса, яна бири болалар Наманган-Фарғона, Қўқон-Тошкент, Фарғона-Андижон автомобиль йўлларига ёндошган далаларга олиб чиқилмасин¸ деган мазмунда.

Йўлдан ўтаётганларнинг кўзига мактаб ўқувчилари кўринмаслиги учун бундай тавсиялар берилаëтгани Озодликка маълум қилинди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида Фарғонада пахта терим мавсуми 20 ноябргача чўзилгани кузатилди.

Ўзбекистоннинг барча далаларида шу пайтгача кузатилган “ҳосил учун кураш” маъракасида Фарғона вилоятидан ҳар йили бюджет ташкилотларининг ходимлари ҳам жалб этилади.

Айни кунларда “Барча вилоятдаги давлат муассасалари учун ходимларни пахта теримига жалб қилиш режалари ишлаб чиқилган”,- дейди Фарғона вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.
XS
SM
MD
LG