Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:42

Мухолифатчининг отаси 5 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Ҳасан Чориев - "Бирдамлик" ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг отаси.
Ҳасан Чориев - "Бирдамлик" ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг отаси.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди 71 яшар Ҳасан Чориевни аëл кишининг номусига тажовуз қилганликда айбдор, деб топиб 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Қарши шаҳар судидаги Озодлик манбасидан 15 август куни олинган маълумотга кўра, Ҳасан Чориев устидан ҳукмни 6 август куни ҳакам Ориф Элмуродов чиқарган.

Айбланувчи, жабрланувчи ва гувоҳлар иштирокида ўтган бу маҳкама жараëнида Ҳасан Чориев манфаатларини адвокат Мели Холмирзаев ҳимоя қилган.

Қарши шаҳар судидаги Озодлик манбасига кўра, Ҳасан Чориев устидан чиқарилган ҳукм устидан кассацион шикоят қилингани боис навбатдаги маҳкамада айни масала яна бир марта кўрилади.

"Қарши шаҳар суди 20 август куни Ҳасан Чориев устидан чиқарилган ҳукмни кассация тартибида кўриб чиқади", дея билдирди Озодлик манбаси.

Ҳасан Чориев устидан чиқарилган ҳукм нусхаси адвокат Мели Холмирзаевга берилган.

Шунингдек, ҳукм нусхалари судланувчи Ҳасан Чориевга ва жабрланувчи Матлуба Абдураҳмоновага берилган.

Манбанинг айтишича, Чориевнинг яқинларига суд ҳукмини бермаслик ҳақида Қарши шаҳар жиноят ишлари суди раиси Ориф Элмуродов котибиятга буйруқ берган.

Озодликнинг Қарши шаҳар судидаги манбасига кўра, ҳукм нусхасининг матбуотга сизмаслиги учун шундай чоралар кўрилган.

Суд мажлисига журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллларининг кирмаслигини таъминлаш ҳам айни мақсад билан амалга оширилган, деди суддаги Озодлик манбаси.

Суд судланувчи ва унинг қариндошларининг истагига кўра суд мажлисига жамоатчи ҳимоячи сифатида Шуҳрат Рустамовнинг киритилиши ҳақидаги аризани рад қилган.

Ҳасан Чориевнинг қизи Зулайхо, хотини Норой Ҳасанова ва бошқа қариндошларига маҳбус билан учрашишга ва суд жараëнида қатнашишга изн берилмаган.

71 ёшли Ҳасан Чориев шу йилнинг 17 июн куни 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновага жинсий тажовуз қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Чориевнинг қариндошлари икки марта юрак ҳуружи ўтказган 71 яшар Ҳасан Чориевнинг 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг номусини поймол қилиши мантиқан мумкин эмаслигини иддао қилишади.

Қариндошлари назарида Матлуба Абдураҳмонова Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахслардан ўч олиш воситасидир.

Қашқадарë вилоят Адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда Матлуба Абдураҳмонованинг номусига текканликда айбланиб яна бир фуқаро - қаршилик бой тадбиркорнинг ўғли ҳибсга олинган.

Матлуба Абдураҳмонова бир ойнинг ичида икки марта жабрланувчи тарзида Қаршидаги икки терговда кўрсатма берган.

Бу ҳолат 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахсларга қарши қурилган тузоқ экани борасидаги иддаолар урчишига асос бўлди.

"Бирдамлик" фаоли Малоҳат Эшонқулованинг фикрига кўра, Ҳасан Чориев иши - унинг ўғли, "Бирдамлик" ҳаракати лидери Баҳодир Чориевдан қасд олиш учун қилинган ошкора қасос амалиëтидир.
XS
SM
MD
LG