Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

Ҳордиқ кунлари ўзбекистонликлар бепул ишлаб, пул тўлайди


Ҳар йили хайрия ҳашарларида шифокор ва ўқитувчилар бепулга кўчаларни тозалаб беради.
Ҳар йили хайрия ҳашарларида шифокор ва ўқитувчилар бепулга кўчаларни тозалаб беради.

24-25 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу тадбир, хусусан, Тошкентда ҳам ўтказилажаги тўғрисида пойтахт ҳокимияти расмий сайти хабар қилди.

Аслида бу хабарда фавқулодда янгилик йўқ: бундай ҳашарларни ўтказиш анъанага айланиб қолган. Умумхалқ ҳашарлари йилда икки бор: Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказилади ва халқ тилида кўпинча Совет давридан қолган “шанбалик” сўзи билан аталади.

Лекин ҳар гал ҳашар арафасида бир қатор саволлар пайдо бўладики, мухбиримиз уларни ҳашарнинг потенциал иштирокчиларидан бирига берди.



Пойтхат ҳокимияти расмий сайтига кўра, ҳашар ўтказиш тўғрисидаги қарор “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 августдаги фармойишига биноан қабул қилинган.

Ҳашар давомида “маҳаллалар, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, ҳиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ҳамда ариқлар, кўча, йўлак ва лотоклар, оқава сув қудуқлари тозаланади, болалар майдончалари тартибга келтирилади”.

Ўзини Шермуҳаммад, деб таништирган тадбиркорнинг Тошкентда чоғроқ хусусий корхонаси бор.

Шермуҳаммаднинг фикрича, ҳашар ўтказишга зарурат бор.

Озодлик: Албатта тозалик яхши. Албатта бир йилда бир марта, икки марта чиқиб ишлаб қўйса, одам ўлиб қолмайди. Лекин шанбаликда тозаланадиган ахлатни тозалаши керак бўлган ишхоналар борку.

- Бор.

Озодлик: Ўшалар қилса бўлмайдими дейманда.

- Ўшалар қилса бўлади. Лекин ҳеч кимга қарашли бўлмаган территориялар ҳам борда. Масалан катта-катта кўча келадида, бино, бино, бино бўлиб туриб кейин охири ўша тупик ëки темир йўл ўтган бўладими, умуман қаровсиз туради. Шунақа назоратсиз ëтган жойлар ўша баҳона билан тоза бўлиб кетади, дейди тадбиркор.

Пойтхат ҳокимияти расмий сайтига кўра, “2013 йил 24-25 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши муносабати билан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимларининг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши тавсия этилган”.

“Тавсия этилган” экан, демак, бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағни “Маҳалла” жамғармасига ўтказиш ихтиёрий. Шундайми?

- Уни ихтиëрий деб ҳам бўлмайди. Банкимизга ëки ўзимизга ҳокимиятдан хат келади. Шунақа, шунақа, шунақа, шанбаликка нима бўлган фармонга ëки қарорга мувофиқ бир кунлик ойлик иш ҳақини ўтказишингизни сўраймиз, талаб қиламиз деб эмас сўраймиз деб келадида хат. У хатни ўтказмасангиз, банк бошқа тўловларингизни қабул қилмай қўяди. Пул ўтказиш нимасида ўша хатда пул тўлаб қўйилади, дейди тадбиркор.

Суҳбатдошимиз ҳашар ўтказиш анъанасини умуман қувватлар экан, айни пайтда мана бу гапни ҳам айтди:

- Бу яхши нарса. Лекин шанба куни келиб ўзи ишлади. Яна маблағ тўлаши ортиқча, дейди Тошкентда чоғроқ хусусий корхонаси бор тадбиркор Шермуҳаммад.

Афтидан, ҳашар ғоясида ҳеч қандай ноқислик кўрмайдиган, лекин ҳам дам олиш кунида ишлаб, ҳам пул ўтказишни оғир олаётган тадбиркорлар кўпайганга ўхшайди.

Ҳар ҳолда “Маҳалла” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими вакили ўтган ойда Озодлик мухбирига мана бундай деган эди.

- Бюджет ташкилотлари ўтказаяпти ҳозир мисол учун шанбаликка. Илгаригидай ташкилотлар қолмаганку давлат ташкилотлари.

Озодлик: Демак Маҳалла жамғармасининг жамғармаси шанбаликлардан пайдо бўларканда-а?

- Ҳа. Бошқа жойдан ҳалигимиз йўқ мисол учун бизнинг. Бир йилда икки марта шанбалик бўлади. Наврўз арафасида ва мустақиллик арафасида шанбалик бўлади. Ўша пайтда тушган пуллардан, илгариги нисбатда мисол учун 30-40 фоиз маблағ тушадида. Шанбаликда Вазирлар Маҳкамасининг раиси билан қарори билан чиқади. Шу ерда айтилган жоти бор. Ихтиëрий равишда ўтказилсин деган жойи борда. Шуни ташкилотлар ушлаб оларканда. Ихтиëрий ўтказсак ўтказамиз бўлмаса йўқ дейдида. Кўпчилик ўтказмайди, деган эди “Маҳалла” жамғармаси Гулистон шаҳар бўлими вакили.

Нима учун хусусий корхоналар “Маҳалла” жамғармасига пул ўтказишни истамаслигини тадбиркор Шермуҳаммад бундай изоҳлади.

- Чунки бунақа нарсалар Ўзбекистонда жуда кўп. фақат шанбалик, Маҳалла жамғармаси эмас, у ëққа, бу ëққа чиқаверади унақа нарса, дейди тадбиркор Шермуҳаммад.
XS
SM
MD
LG