Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:48

"Рус зачисткаси" иштирокчилари жавобгарликка тортилди


Миллатчилар ўзбек, тожик, озарбайжон ва кавказликларни ҳақорат қилиб, калтаклашига полиция ходимлари шу пайтгача бефарқ қараб келаётган эди.
Миллатчилар ўзбек, тожик, озарбайжон ва кавказликларни ҳақорат қилиб, калтаклашига полиция ходимлари шу пайтгача бефарқ қараб келаётган эди.

Петербургда муҳожирларга қарши ўтказилган “рус зачисткалари”нинг 18 нафар иштирокчиси полиция томонидан ҳибсга олинди. Шаҳарда рус бўлмаган савдогарларнинг мол-мулкини оёқ-ости қилгани чиққан рус миллатчилари устидан маҳаллий озарбайжон диаспораси вакиллари судга мурожаат қилгани айтилмоқда.



Санкт-Петербург полицияси маҳаллий миллатчиларнинг 18 август кунига режалаштирган навбатдаги “ноқонуний кўча савдосига қарши рейди”нинг олдини олди.

Шаҳар полиция бошқармасида уларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилаётганини хабар қилишди. Кейинроқ ҳуқуқ-тартибот бўлинмасига келтирилган шахслар “рус зачисткалари” номи остида шаҳарда безорилик ва ўзбошимчалик билан танилган миллатчи ва неофашистлар ташкилотлари вакиллари экани маълум бўлди.

Олдинги гал “Я - русский” ёзуви туширилган футболкаларда “тозалаш”га чиққан ёшлар Санкт Петербург кўчаларида асосан мева-сабзавот сотаётган ва кўринишидан рус бўлмаганларнинг ҳужжатларини текшириб, уларнинг мол-мулкини ағдариб ташлаган ёки текинга атрофдагиларга улашган.

Youtube га чиқарилган видеолавҳада миллатчилар ўзбек, тожик, озарбайжон ва кавказликларни ҳақорат қилаётгани, калтаклаётгани ва уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига полиция ходимлари бефарқ қараб турганини кўриш мумкин.

Бу сафар Сенная майдони ёнидаги бозорчадаги “рейд” давомида маҳаллий полиция тақирбошларни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Аксинча, улардан 18 нафарини полиция бўлимга “суҳбатга” таклиф этди.




“Русская зачистка” ташаббусчиси, раҳбари ва шаҳарда муҳожирларнинг товарлари оёқ-ости қилинишида бевосита иштирок этган Дмитрий Евтушенко Санкт Петербургнинг Виборг туман суди томонидан уй қамоғига маҳкум қилингани маълум бўлди.

"Бешений" ("Қутурган") лақаби билан танилган миллатчининг адвокати Светлана Ратникова 26 ва 27 июл куни Виборг туманидаги бозорчада ўтказилган “рус зачисткаси” пайтида бир неча озарбайжон фуқароси калтаклангани иддаоси билан судга мурожаат қилганини журналистларга билдирди.

- Уни кеча Жиноят Кодекснинг 213-моддаси, яъни “безорилик” бўйича қўлга олишди. Иккинчи қисми асосида унга 7 йилгача беришлари мумкин. Уни икки нафар озарбайжонлик жабрланувчи юзлаштириш пайтида таниди, яна биттаси танимаганини маълум қилди,- деди адвокат Ратникова.

Россия жамоатчилик орасида катта шов-шув кўтарган видеолавҳада айрим “фаоллар” таёқ кўтариб олгани тасвирланган. Суд жараёни давомида ўтказилган юзлаштиришда юзи яширинган озарбайжонлик гувоҳлар таёқ кўтарганлардан бири Дмитрий Евтушенко эканини тасдиқлаб берган.

Июн охирларидан буён Санкт-Петербургдаги “рус зачисткалари”да иштирок этаётганлар рейдларга биталарни кўтариб чиққанини инкор этаётгани ҳам йўқ: тақирбош ёшлар буни “спортга севгиси катта экани” билан изоҳламоқда.

Маҳаллий ахборот воситаларидан олинган маълумотга кўра, миллатчиларнинг деярли барча рейдлари муштлашув ва жанжал билан якунланган.

Судга тақирбошлар рамзи ёпиштирилган кийимда келган Дмитрий Евтушенкони ҳимоя қилиб бир гуруҳ питерлик миллатчи йиғилди.

Ўз тарафдорлари қарсаклари остида суд залидан ташқарига чиқққан Дмитрий Евтушенко, “зачисткалар” билан шахсан ўзи бошқа шуғулланмаслиги, аммо бошқалар бу ишни давом эттирса, “хурсанд” бўлишини айтди.

- Мен суд қароридан розиман, албатта. Мен озодликка чиқарилишимдан мамнунман, чунки икки нафар Озарбайжон миллатига мансуб шахс томонидан туҳматга қолдим. Шунга қарамасдан, биз суд қарори устидан арз қиламиз, чунки мен айбдор эмасман. Суд қарорига бўйсинаман – ҳеч қандай акцияларда иштирок этмайман. Аммо шаҳримизда кавказлик ёки бошқалар томонидан олиб борилаётган ноқонуний савдо билан курашмоқчи бўлганлар чиқиб, бунга қаршилик қилса – мен жуда хурсанд бўлардим,- деди икки ойга уй қамоғига олинган миллатчи Дмитрий Евтушенко.

Эслатиб ўтамиз, “Таёқ кўтарган малласоч ёки Русчасига Тозалаш” (Блондинка с битой или Русская Зачистка ) деб номланган видеода бир гуруҳ питерлик ёш миллатчи шаҳар кўчаларида савдо қилаётган муҳожирларни калтаклаб, сотаётган мева-сабзавотларини оёқ-ости қилаётгани оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари эътиборини ўзига қаратди.

Кузатувчилар тозалашда иштирок этганлар “безорилик” моддаси асосида жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG