Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Уйи бузилганлар кўчада қолмоқда, қонун эса жим



Сўнгги йилларда Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштиришнинг ажабтовур усули қўлланилмоқда: уйингни бузасан, икки-уч қават қилиб қайта қурасан, кучинг етмаса бўшатиб қўясан!

Озодликка етиб келаётган шикоятлар мазмунидан маъмурлар Уй-жой кодексига риоя қилмаётгани кўриниб турибди. Ваҳоланки, бу соҳада фуқаро ҳуқуқлари ва давлат бурчлари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган қонунга давлат амалдорлари бир неча йил олдин оғишмай риоя қилганига мисоллар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасида
“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар-жой билан таъминлаш” тартиби мана бундай белгилаб қўйилган:

“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликлари бўлган аввалгисига тенг қийматли уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги бошқа турар-жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар-жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим”.



Ўзини Ҳалимахон ая, деб таништирган андижонлик пенсионер аёлнинг Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасида белгилаб қўйилган бу меъёрдан хабари йўқ.

Лекин у уйи бузилиши тафсилотларини айтиб берар экан, Андижон шаҳар ҳокимлиги бундан 8 йил муқаддам қонунга оғишмай риоя қилганига амин бўласиз.

Ҳалимахон аянинг уйи Андижон шаҳри темир йўл вокзалидан бир чақирим нарида жойлашган Янги бозор ёнидаги бараклардан бири эди.

Ҳалима аянинг бараги ўрнига шинам квартира беришган

Баракларнинг қачон қурилганини ҳеч ким билмайди. Баъзилар ўтган аср бошида, Дукчи эшон қўзғолонидан кейин Россиядан кўчириб келтирилган мужиклар қурган, дейди.

Айтишича, "ана йиқилди, мана йиқилди", деб турган икки хона бир айвонли ую каттароқ бир сўри сиғмайдиган саҳнли “ҳовли-жой” эди Ҳалима аянинг 2005 йилда бузилган мулки.

Ҳалима ая чоли билан яшаган барак давлат бузмасаям, яна бир неча йилга чидамайдиган бир қурилма эди.

Шунинг учун чол-кампир баракнинг бузилишидан ютди: ҳозир улар кўп қаватли бинонинг расман 2, амалда эса 3 хонали квартирасида яшайди - кенг балкон ҳам хонага айлантирилган.

Ҳалима опа билан суҳбатимизни тингланг:

Озодлик: Уй бузилди. Пул берганми давлат?

- Ҳа, пул берган. Шу пулга мана бу уйни сотиб олдик-да. Қолган тош, ғишт, тунука, ëғочларини сотвордик ўзимиз.

Озодлик: Бузилган уйга берилган пул квартира сотиб олишга етганми?

- Мана шунга олдик-да мана шу домни.

Озодлик: Ҳозирги дом нечта хонали?

- Учта деса ҳам бўлади. Иккита саналдию, энди уч хонада. У маҳалда 2 миллион пул берди, 1 миллион 900 мингга сотиб олганмиз-да. У маҳалда арзон эдию домлар. Уйлар ҳам арзон эди. Биз олгандан кейин бир йилдан кейин қиммат бўлиб кетди.

Озодлик: Ўшанда давлатдан норози бўлмагансизлар-а?


- Йўқ, биз норози бўлмаганмиз. Анча-мунча ëлғиз кампир ўрис-татарларни жичча алдагандай бўлиб нима қилибди. Улар ҳаммаси қамалиб кетдию.

Озодлик: Алдаганлар қамалиб кетди.

- Ҳа. Эшитишимизча, шунақа дейишди-да. Ҳозир уларнинг барини қамаб юборди, дейишган.

Озодлик: Ўшанда давлат уйингларни бузар экан, “пул берайликми, уй берайликми, ер берайликми” деганми?

- “Хоҳласанглар, участка ҳам олинглар. Ўзинглар танланглар, биз ўшани олиб берайлик”, дейишганда. “Ўзинглар кўнглингларга ëққанини истаб топинглар. Биз ўшани олиб берайлик. Ундан кейин ер ҳам берамиз ҳоҳласанглар, уй солсанглар”, деган. Биз чолу кампир икковимиз нима қиламиз, дедик. Қизларни эрга бериб юборсак. Олганлар олишган ерларни ўшанда. Биз ақлимиз етиб, “ер ҳам олиб қўяверайлик”, демабмиз. Ер ҳам сўрайвермаган эканмиз.


Озодлик: Квартирани давлат сотиб олиб берди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Қўлинглар пул кўрмади.

- Банкда мени олиб бориб, рўпара қилиб қўйди. Битта қизил сеткам бор эди. Тўлдириб пулни олиб келдим. Мана шу уйнинг эгасига ўзим санаб бердим. Пулга аралашмади улар.

Озодлик: “Танланглар, ўзимиз олиб берамиз, деб айтди”, дедингиз-ку.

- Ҳа.


Озодлик: Демак, сизлар “пулини беринглар, ўзимиз оламиз”, дебсизларда-а?

- Йўқ, биз танладик. Кейин “Неча пулга олаяпсизлар”, деб сўради. Биз: “Мана бунча сўмга олаяпмиз” десак, кейин шунақа қилиб пул чиқариб берди. Банкка бориб, "мана бу пулни оласиз" деб, мени рўпара қилиб қўйди. Ўша ерга бориб, қўл қўйиб, пулни санаб берди. Олиб келдим. Уйнинг эгасига тўлаб қўйдим. Тошларни ҳам, тахта, ҳамма ëқни сотвордик. Ишқилиб, ҳеч нарса қолмади. Уйнинг ичидаги ванна бор эди, титан бор эди, ҳаммасини сотвордик. Давлат ҳеч нарса олгани йўқ биздан.

Озодлик: Ўшанда “Квартирага пул бердинглар. Раҳмат. Уй солиш учун ер ҳам беринглар” десангиз, ер ҳам берармиди?

- Берарди экан. Биз “Ер оласизларми?” деса, “Уйни ким солади бизда” деб унга нима қилмай қўйибмиз-да. Бир йилдан кейин, икки йилдан кейин одамлар ер ҳам олишибди. Дом олганларга: “Уй соламан десанглар, ер берамиз” деб, нима қилган экан-да. Шунақа қилиб олганларни кейин билиб қолдик.


Бундан 8 йил муқаддам Андижоннинг Янги бозори ёнидаги икки хона бир айвонли уйи бузилган ва эвазига давлат сотиб олиб берган уйда яшаётган Ҳалима ая билан суҳбатлашдик.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 29-моддасида “Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарни юридик шахсларга қоплаш” меъёри бундай белгилаб қўйилган:

“Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва етказилган бошқа зарарлар ўрни қопланади ёхуд давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади”.

Кейинги йилларда шикоят кўпайиб кетди

Сўнгги икки-уч йилдан бери Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштиришнинг ажабтовур усули қўлланилмоқда: уйингни бузасан, икки-уч қават қилиб қайта қурасан, кучинг етмаса бўшатиб қўясан.

Бундай сиёсат оқибати ўлароқ уйсиз қолган ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун товон пули жуда кам тўланаётгани ёки умуман берилмаётганидан шикоят қиладилар.

Мана шу ҳақда Озодликка бу йил етиб келган хабарларнинг иккитасигина:
Февралда урганчликлар шаҳар марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилгани, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан шикоят қилган эди.

Апрелда Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчаси аҳолиси вакиллари уйлар ва тадбиркорлик объектлари бузилаётгани, товон пули ва ер участкалари берилмаётганидан шикоят қилган эди.

Уйи бузилаётган ўзбекистонликлар фикрича, вазиятдан мамлакат Президенти хабарсиз

Термиз шаҳрида яшовчи 75 ёшли Ўлмас опа Очилдиева арз-додини давлат раҳбарига етказиш учун Интернетдан фойдаланди – онанинг видеомурожаати Youtubeга жойланди.



"Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич Каримов! Қисқа қилиб айтганда? биз шундай кўчани буздиришга кўзимиз қиймайди. Энди обод кўча мана шу Акмал Икромов кўчаси. Бу кўчаларга қанча меҳнатимиз сингган бизнинг. Бу кўчани бузгандан кўра мана Термизимизда жуда ҳам очиқ жой кўп, ер майдон кўп - ўшалардан чиройли шаҳарча қураверсин. Шу бизнинг Акмал Икромов кўчамиз жойида қолсин", деб мурожаат қилган эди Интернет орқали термизлик ёши 75 га чиққан Ўлмас опа Очилдиева ўз президентига.

Гапининг мазмунидан бу мурожаат Youtubeга жойлаштирилган вақтда онахоннинг уйи ҳали бузилган эмас эди.

Термизликлардан бирининг хабар қилишича, Термиз шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи, шаҳар бош меъмори Эркин Холмирзаев вилоят “Сурхон тонги” газетасига берган суҳбатида (2012-йил 12-апрель сони) “яна такрор бўлса ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, Султон Саодат (аввалги Акмал Икромов) ва Файзулла Хўжаев кўчаларидаги қолган ҳовли ва уй-жойларни бузиш ва янги уйлар қуриш кейинги йилларда давом эттирилади” деган.

Шунингдек, “яна 500 хонадон бузилиши режалаштирилгани” айтилган.

Акмал Икромов кўчасидаги уйларнинг кўпчилиги, улар қаторида Ўлмас опанинг уйи ҳам бу йил ёзда бузилди.

Видео Интернетда эълон қилинганидан сўнг Очилдиевлар хонадони аъзоларига маҳаллий маъмурлар томонидан босимлар кучайиб кетди. Масалан, милиция онахоннинг катта қизи - Термиз Давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент Олия Қодировани ҳеч бир асоссиз, зўрлик билан 5 суткага қамаб қўйди. Унга “онангни уйнинг бузилишига рози қиласан”, деб босим ўтказилди.

Очилдиевлар хонадони қанчалик шикоят қилмасин, қўлларидан келганича қанчалик қаршилик кўрсатмасин, уй бузилди.

Бузилган уй тасвирига бироздан сўнг ўтамиз.

Ҳозир эса очилдиевларнинг уйи бузилган қўшниларидан бири билан ўтказганимиз суҳбатни тингланг.

"100 000 долларли уйимни 45 миллион сўмга баҳолашди"

Уйи билан боғлиқ масаланинг ўзи учун қониқарли ҳал бўлишидан умидини мутлақ узиб қўйган бу кишини суҳбатга кўндириш жуда қийин бўлди. Ва охир-оқибат, исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб бера бошлади:

- Телефон қилган билан нимани ўзгартриб берасиз?! Келиб, вазиятни кўриш керак. Ҳозир келиб кўриш керак. Ҳавонинг иссиғида одамлар қандай яшаяпти, нима ичаяпти, нима еяпти...

Озодлик: Олдин билиш керакми вазиятни?

- Нимани билиш керак. Ҳаммаси аëн-ку?!

Озодлик: Уйингиз бузилгунча агар сотсангиз, неча пуллик уй эди?

- 100 минг долларга бермаганман.

Озодлик: Давлат сизга 5 миллион сўм берди-а?

- Ҳа, 5 миллион сўм моддий ëрдам ҳокимият томонидан берилди.

Озодлик: Яна нима берилди?

- Ҳалиги уйни бузиш ва ташиш учун.


Озодлик: Яна нима берди?

- Нима беради, ҳали ҳеч нарса бергани йўқ-ку. Ер берди, тамом.

Озодлик: Неча сўтих ер берди?

- 5 сўтихдан. Ҳар бир хўжалик учун 5 сўтихдан.

Озодлик: Сизнинг хонадонингизда нечта хўжалик бор эди?

- 2 хўжалик.

Озодлик: Демак, 10 сўтих ер олдингиз-а?

- Икки хўжалик 10 сўтих ер.

Озодлик: Бузилган ҳовлингиз неча сўтих эди?

- 7,5 сўтих эди.

Озодлик: Давлатнинг яна берамиз деган ваъдаси борми?

- Уйимизнинг нархини сентябргача берамиз, деган. Билмадим берармикан, бермасмикан.

Озодлик: Уйнинг нархини берамиз деганми яна?

- Ҳа. Яна ҳалиги нарх қилишди. Энди билмадим қанча, нимага асосланиб қилган. Мана, масалан, бизларникини 45 миллион деган. Берса керак. Сентябргача берамиз, деб ваъда берган. Берса қурамиз, бермаса, ўтирамиз қараб.


Озодлик: 100 минг долларлик уйни 45 миллионга бичишдими?

- Энди бу бузади деб, 5-6 йил олдин бузилади деган гап йўқ эди. У яхши маҳалла. Йўлнинг ëқасида. Ҳамма шарт-шароити бор. Транспорт бор. У маҳалдаги билан ҳозирги вазиятни таққослаб бўлмайди-ку.

Озодлик: Агар 45 миллион берса маҳаллий ҳокимият, сиз рози бўласизми-йўқми?

- Ҳа мен рози бўлдим нимаю бўлмадим нима. Фарқи нима? Яна қўлимдан нима келади?

Озодлик: Шу кунда уйингизни бузиб бўлдингизми ë энди бузасизми?

- Уй бузилиб, текис бўлган. Даштда ўтирибман, даштда. Чайланинг остида ўтирибман.

Озодлик: Янги иморатнинг қурилишини бошладингизми?

- Йўқ, ҳали бошлаганим йўқ. Пулни кутиб ўтирибман.


Озодлик: Пулни вақтида бермаса, қаерда яшайсиз? Қиш келаяпти.

- Чайланинг остида деяпман-ку. Временний чайла. Тўртта тахтани нима қилиб, устига латта ташлаганман,
- деди Термизнинг Акмал Икромов кўчасидаги уйи бузилган киши эди.

“Бузилган уйимни 100 минг долларга сотмаган эдим”, деяпти у.

“Йўқолган пичоқнинг сопи олтин”, деб қўяди ўзбеклар. Шунинг учун, балки сал ошириб юборгандир, деган шубҳани кўнглимизда сақлаб қоламиз. 100 минг бўлмасин, боринг, ана 50 минг долларлик бўлсин бузилган уйи. Ўшандаям давлат баҳолаган 45 миллион сўмдан икки баравар қиммат бўлмаяптими?

Лекин ўша пул ҳам ҳали нася!



Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 28-моддасида “Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш” тартиби белгилаб қўйилган:

"Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига кўра якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади. Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ қопланади".



Очилдиевлар хонадонига қайтамиз.

Дастурни тайёрлар эканмиз, бу хонадон вакиллари билан бир неча бор боғландик. Лекин видеомурожаатларини Youtubeга жойлаштиришга қўрқмаган очилдиевлар босимлардан зада бўлганми, ҳар ҳолда, овозлари эфирга берилишини истамади.

Хонадон вакилларидан бири бузилган уйни мана бундай тасвирлаб берди:

бир вақтлар икки оилага қарашли бўлган икки участка битта ҳовлига бирлаштирилган ва умумий саҳни тахминан 30 сўтих эди;

бу ҳовлида яшаган очилдиевларнинг ҳаммаси 22 киши, улар 7 жуфт эр-хотин бошчилигидаги 7 оила аъзоларидир;

ҳовлида оила аъзолари истиқомат қиладиган 5 та бино, 2 та катта молхона, бир неча бостирма, 2 та газхона, 2 та ҳаммом, 3 та ҳожатхона, 4 та ҳовуз, товуқхона, корхона очиш учун мўлжаллаб қурилган бўйи 20, эни 10 метрлик янги бино, дўкон ва бошқа қурилма ва иншоотлар мавжуд эди очилдиевларнинг 30 сўтихли ҳовлисида.

Хонадон вакилининг айтишича, бу мулкни давлат 74 миллион сўмга баҳолаган.

Лекин бу пул ҳозирча нася.


Нақди 5 миллион сўм, холос. Уни давлат уйни бузишга ёрдам сифатида берган.

Биз Термизнинг Акмал Икромов кўчасида яшаган ва яқинда уйи бузилган яна бир оила вакили билан гаплашдик.

"Чайлада яшаяпмиз. Қиш келса, қаерга бораримизни билмайман"

Озодлик: Сизнинг ҳам уйингиз бузилган-а?

- Ҳа.

Озодлик: Давлат сизга товон пули бердими?

- Қаердан беради.

Озодлик: Уйни бузиб олиш учун 5 миллиондан бериши керак эди-ку. Сиз олмадингизми?

- Йўқ, олганим йўқ. Бир сўм ҳам ололганим йўқ.

Озодлик: Нима учун?

- Мен бу ëққа қайтиб келиб ўтирибман пропискада. Шунинг учун: “Сенга пул йўқ”, дейишди. Биздан бирортамиз олганимиз йўқ. Укам пулни олиб, бир сўм бергани йўқ. 5 миллионни укам олган. Уй укамнинг номида. Укам: “Ҳеч қандай ҳақларинг йўқ. Мен пул бермайман”, деди. Далада чайлада ўтирибман ҳали қуролмай. Ўзим ногиронман. Ишдан ҳам сокрашениега тушганман шу касаллигим туфайли. Ажрашганман. Пропискам шу ерда. Бир умр ўз уйим бўлмагани учун пропискам бир умр шу ерда бўлган.

Озодлик: Укангиз бермай қўйдими энди?

- Ҳа, “бир сўм ҳам пул олмайсан”, деди. “Бу ерда сенинг вақтинчалик прописканг турибди фақат. Уйинг йўқ бўлса ҳам, квартирага яшасанг ҳам бу ерда вақтинча яшадинг”, деди. Онам борлиги учун қўйди. Бўлмаса, умуман қўймас эди.

Озодлик: Бузилган уй катта уймиди?

- Катта уй эди.

Озодлик: Неча хонали уй эди?

- 8 хона бор эди.

Озодлик: Ҳовлиси, томорқаси неча сотих эди?

- 12 сўтих эди.

Озодлик: 12 сўтихлик ҳовли бузилгани эвазига сизларга нечта участка берди?

- Биттадан. Биттадан ер берди пропискаси бор ҳужжати бор нималарга.

Озодлик: Сизга битта участка берди, укангизга битта участка берди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ўша бузилган уйни сотсанглар, неча пулга кирарди?

- Билмадим уни.

Озодлик: Бузилган уй учун давлат яна пул берарканми, бермас эканми?

- Берса ҳам укам олади ҳамма пулни. Мен ололмайман-ку. Менга бермайди-ку.

Озодлик: Беради, дейишаяптими?

- Беради, дейишаяпти. Лекин ҳокимиятга боришган эди: “Ҳозирча номаълум, ҳозирча пул йўқ”, дебди. Қўшнилар боришган эди ҳокимиятга. “Қолиб кетаяпмиз совуққа” деса, “Иложимиз йўқ, ҳозирча номаълум, пахта бошланаяпти”, дебди.

Озодлик: Ҳозир қаерда яшаяпсиз?

- Чайла қуриб олганмиз далада.

Озодлик: Болаларингиз борми?

- Болаларим ўзим билан. Учта.

Озодлик: Ëшлари нечада?

- Катта. 1991, 1994. 8-синф.

Озодлик: Тўрт киши чайлада яшаяпсизларми?

- Ҳа.


Озодлик: Бу йил қурилишни бошлайсизларми ëки бошлай олмайсизларми?

- Фундамент қуйиб қўйдик. Бошлашга илож бўлмаяпти. Эски ғиштни ҳеч ким териб бермаяпти. Усталар қиммат айтаяпти 70 сўмдан терамиз, деб. Пулим йўқ, билмасам.

Озодлик: Эрта ўтиб индин совуқ бошланади, қиш келади. Қаерда яшайсизлар?

- Энди Худо билади. Худо нима деса, шу-да.

Озодлик: Қариндош-уруғ борми уйига бориб бирга яшашга?

- Йўқ-да. Тўрт хўжалик бир ҳовлида турар эдик. Тўртталамизники ҳам бузилиб ўтирибди. Бир-биримизникига боролмаймиз. Тўртталамиз ҳам қура олмай ўтирибмиз.


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 30-моддасида “Бузилиши лозим бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларнинг кўчирилиши” тартиби белгилаб қўйилган:

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, бузилиши лозим бўлган уйлар, иморатлар ҳамда иншоотлар кўчирилиши ва янги жойда тикланиши мумкин.

Расмийлар гаплашишни истамади

Мавзуни ўрганиш жараëнида Термиз шаҳар ҳокимлиги расмийлари билан боғланишга уриндик. Ҳокимлик телефонларини кўтарган амалдорлар гап нимадалигини тушунибоқ телефон гўшагини жойига ташлаб қўявердилар.

Биргина идора – Сурхондарё вилоят Архитектура ва қурилиш бошқармаси вакилига иккита савол беришга улгурдик. Лекин ундан жўяли бир жавоб ололмадик:

Озодлик: Акмал Икромов кўчасида уйлар бузилаяпти-ку. Ўша кўча аҳолиси арз қилаяпти.

- У иш билан мен шуғулланмайман. Бизнинг бўлим шуғулланмайди у билан.


Озодлик: Қайси бўлим шуғулланади унда?

- Билмадим, ака. Уни шаҳар ҳокимлиги ҳал қилади. Бизлар лойиҳаси билан шуғулланамиз.

Озодлик: Назорат ҳам қилмайсизлар?

- Йўқ. Компенсация масалалари, ерни ажратиб бериш у ҳокимиятники. Биз ерни ажратиб бергандан кейин устига лойиҳани ишлаб берадиган ташкилотмиз.

Озодлик: Бўлмаса, бошқа масала: ўша кўчадаги уйларни бузиш зарурати қаердан пайдо бўлди?

- Ҳаммаси шаҳар ҳокимиятининг буюртмаси асосида бўлаяпти. Улар ерни ажратиб, бизга заявка беради мана шу ерда шу жой қурилиши бўйича. Биз керакли жойлардан согласоват қилиб берамиз чизмаларни ва қайтариб топширамиз. Уни қайтариб олиш, компенсация тўловлари бизнинг ваколатимизга кирмайди, ака. Биз аралаша олмаймиз.


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 31-моддасида “Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун янги жойда уйлар, иморатлар барпо этиш” тартиби белгилаб қўйилган:

"Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди".

Материал давомида бир неча кўчирма келтирганимиз Уй-жой кодексини расмий сайтдан - Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – Lex.uz сайтидан олдик.

Агар эътибор берган бўлсангиз, қонунда – Уй-жой кодексида уйи бузиладиган фуқаронинг ҳуқуқлари ва давлатнинг вазифалари аниқ-тиниқ, ҳатто бирон бир ҳуқуқшуноснинг шарҳисиз ҳам тушунарли қилиб ёзиб қўйилган.

Эшиттиришимизнинг дастлабки қаҳрамони – андижонлик Ҳалима аянинг уйи бузилганда давлат амалдорлари Кодекснинг талабларига оғишмай амал қилган эди.

Кейинги бир-икки йилдан бери эса Кодекс, Озодликка мурожаат қилганларнинг шикоятларига қараганда, нафақат Термизда, балки бутун мамлакат бўйлаб қўпол бузилмоқда.

Хўш, нега?
XS
SM
MD
LG