Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:06

Миришкор тумани ҳокими Дилмурод Абдиев ҳибсга олинди


18 август куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Дилмурод Абдиев Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ҳибсга олинди.


42 ёшли собиқ ҳокимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши тафсилотларига кўра, собиқ ҳоким гўё Миришкор пахта тозалаш заводи маъмуриятидан Акмал исмли шахс воситасида турли ойларда бир неча минг АҚШ доллари миқдорида пора олиб келган.

Дилмурод Абдиев ҳозирда МХХнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зафар Рўзиевнинг жияни бўлган бу шахсга нисбатан босимлар шу йилнинг май ойидан бери давом этиб келган. Хусусан, Дилмурод Абдиев 17 май куни вилоят миқёсида ўтказилган мажлис пайтида Қашқадарё вилоят ҳокими Туробжон Жўраев билан муштлашган. Ўзи ҳам калтак еган кичик ҳоким катта ҳокимнинг юзига мушт тушириб, кўзойнагини синдирган:

- Ўшанда танага ўртача оғирликдаги тан жароҳати олиш ва юз гематомаси ташхиси билан Республика Шошилинч Тез тиббий ëрдам марказининг Қашқадарё вилоят филиалига мурожаат қилган собиқ ҳоким амалдаги вилоят ҳокими Туробжон Жўраев устидан прокуратура органига мурожаат қилди. Аммо бу ҳаракатлар ҳукумат аъзолари аралашуви билан бостирилиб, икки ҳоким ўзаро яраштирилди, дейди Миришкор туман ҳокимлигининг исми сир қолишини истаган мулозими.

Собиқ ҳоким Абдиевнинг айни пайтдаги аҳволи, жиноят иши терговининг ривожи борасида маълумотлар йўқ. Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида Дилмурод Абдиев ҳамон туман ҳокимлари рўйхатида турибди.

Миришкор туман ҳокимлиги Абдиевнинг ишдан олинганини тасдиқлади, аммо унинг жавобгарлиги билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритмади.
XS
SM
MD
LG