Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Минтақавий хавфсизлик анжуманида Ўзбекистон қатнашмаяпти


Иссиқкўлда АҚШ ҳарбийлари 2014 йилда Афғонистондан чиқарилганидан сўнг Марказий Осиёдаги хавфсизликни қандай таъминлаш кераклиги тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинаётган минтақавий анжуманда Ўзбекистон расмийлари иштирок этишни истамади.

“Иссиқкўл ташаббуси” деб аталаётган ва 26 августдан 28 августгача давом этадиган анжуманда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон чегара хизматлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

-2014 йилда НАТО кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач минтақага қандай таҳдидлар бўлиши мумкин? Иссиқкўл анжуманида мана шу савол атрофида муҳокама бўлаяпти. Бу таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида минтақа давлатлари биргаликда қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқиши шартлиги келишиб олинаяпти, -деди Қирғизистон чегара хизмати раиси Қурманакун Матенов.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари иштирок этмаяпти. Расмий маълумотда айтилишича, Ўзбекистон томони Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўрилаётгани баҳонасида анжуманда иштирок этишдан бош тортган. Тожикистон томони ҳам турли расмий тадбирларга тайёргарлик кўрилаётганини сабаб қилиб, учрашувга келмаган.

Минтақада чегараларидаги энг кўп жанжаллар ва низолар Ўзбекистон-Қирғизистон ва Тожикистон – Қирғизистон чегара ҳудудларида содир этилади.
Қирғизистон чегара хизмати тарқатган расмий маълумотларда айтилишича, 2010 йилнинг январидан 2013 йилнинг февралигача Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 102 та қонунбузарлик ва фавқулодда вазиятлар содир этилган. Бу Қирғизистоннинг Хитой, Қозоғистон, Тожикистон билан чегараларида содир этилган қонубузарликларнинг умумий кўрсаткичидан 60 фоизини ташкил этади.

2013 йил январида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир этилган Сўх воқеаси, июнь ойида ўзбек чегарачилари томонидан қирғиз фуқаросининг отиб ўлдирилгани, июл ойида эса Қирғизистон чегарачилари томонидан Ўзбекистоннинг икки нафар чегарачисининг отиб ўлдирилиши, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатларга ҳам салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Мутахасислар фикрича, шу сабабдан ҳам расмий Тошкент Бишкек томонидан уюштирилган халқаро ва минтақавий анжуманларда иштирок этишдан мунтазам бош тортиб келаётир.

Айни пайтда Иссиқкўл анжуманида Афғонистон томони минтақа мамлакатлари хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликда ҳал этиши лозим бўлган муҳим масалаларни кўтарган.

-Афғонистон расмийлари кадр масаласи жуда муаммоли бўлиб турганини, шунинг учун МДҲ ва минтақа давлатлари Афғонистон чегарачиларига касбий жиҳатдан кўмак кўрсатишса яхши бўлишини айтишди. Бундан ташқари, Афғон томонининг билдиришича, ноқнуний қуролли гуруҳларнинг ҳаракатлари фаоллашиб бормоқда. Шунинг учун, минтақа мамлакатлари чегараларни қўриқлашда жуда тиғиз ҳамкорлик қилоишлари керак бўлади, -деди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов.

Минтақавий хавфсизлик масаласи муҳокама қилинаётган Иссиқкўл анжуманида БМТ тараққиёт дастурининг Қирғизистондаги раҳбари Парадил Шарма, Европа Иттифоқи вакиллари, БМТнинг Марказий Осиё чегараларини мустаҳкамлаш дастури расмийлари ҳам иштирок этмоқда.

Иссиқкўл анжумани 28 августда якунланади.
XS
SM
MD
LG