Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:27

Пулковода заҳарланган қурувчилар оғир аҳволда қолмоқда


Россиядаги аксар қурилиш объектларида марказий-осиёлик мардикорлар меҳнат қилишади.
Россиядаги аксар қурилиш объектларида марказий-осиёлик мардикорлар меҳнат қилишади.

Санкт-Петербургнинг Пулково-3 аэропорти терминали қурилишига жалб қилинган 350дан зиёд ишчи овқатдан заҳарланди. Шифохонага олиб келинганларнинг асосий қисми ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари экани айтилмоқда.



26 август куни Петербургнинг Пулково аэропорти қурилишида кечки 17:30ларда оммавий заҳарланиш содир бўлгани тўғрисида хабар тарқади.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Шимоли-ғарбий федерал округи бўйича транспорт бошқармаси вакилларининг Озодликка билдиришича, қурилишда ишлаётган 300 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани, 223 киши госпитализация қилингани ҳақида расмий маълумот беришди.

Санкт-Петербургдаги “Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси” раиси Маҳмуд Маматмўминов Озодлик билан суҳбатда шифохонага ётқизилганларнинг баркчаси тушлик пайтида тарқатилган сифатсиз овқатдан заҳарланганини тасдиқлади.

- Боткин болницасида 50дан ортиқ одам ётибди экан. Ўнтадан ошиғроғи – ўн иккитаси – оғир аҳволда, қирқтаси – қониқарли ҳолатда. Бизда ҳам фақат шу маълумот. Товуқ гўштидан қилинган овқат ейилган, шундан кейин одамларда ҳолсизланиш, қайт қилиш ҳолатлари кузатилган. Милиция, духтур чақирилган. “София” деган корхона овқат тайёрлаган экан, шунга жиноий иш қўзғатилибди, текширишяпти ҳозир. Ичида Туркиянинг одамлари бор экан. Бу Пулковода кенгайтириш ишлари олиб борилаяпти. Фирмалар шу одамларни ёллаб ишлатган экан. Улар орасида туркиялик, ўзбекистонлик, тожикистонлик – умуман олганда ҳар хил элат. Айнан заҳарланганлар орасида ҳаммаси ўзбекистонлик, деб айта олмайман. Биров ўлди деган хабар ҳам чиқмади,- дейди Озодликка муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни кузатиб бораётганини гапирган ўзбеклар жамияти раиси Маҳмуд Маматмўминов.

Бошқа манбалардан олинган хабарларга кўра, заҳарланганлар сони 500 кишига етган: 200 яқин одамга қурилиш майдончасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.





Шаҳар маъмурияти касалланганларни шифохонага элтиб қўйиш учун “Газель” ва автобуслардан иборат махсус автоколонна ташкил этди.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Боткин номидаги шаҳар шифохонасига Пулково-3 ишчиларига овқат етказиб берувчи ширкат раҳбари ҳам бу овқатдан заҳарланиб олиб келинган.

30-сонли Боткин шифохонаси бош шифокори Алексей Яковлев журналистларга 7 киши ўта оғир аҳволда реанимация бўлимида қолаётганини маълум қилди.

- 3 киши Туркия фуқароси, 4 киши Марказий Осиёдан. Мен шифохонамиз персоналига алоҳида раҳмат айтмоқчиман, чунки бунча жабрланганга қисқа вақт ичида ёрдам кўрсата оладиган Петербургдаги бошқа шифохонани билмайман,- деди бош шифокор.

Пулково аэропорти қурилиши бош пудратчиси ICA компанияси вакиласи Александра Тенга кўра, шифохонадан чиқарилган ишчиларга 2 кунлик дам олишга рухсат берилган.

- Биз ишчиларимизни ташлаб қўймаймиз ва компания даволаш га кетадиган барча зарурий харажатларни ўз зиммасига олади, деди қурилиш ширкати расмийси.

“Пулково” аэропорти полиция бўлими Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 236 моддаси (санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш) асосида жиноий иш қўзғатди.

Петербург полиция бошқармасида Озодликка дастлабки тергов хулосасига кўра, заҳарланишга овқатга ишлатилган сифатсиз товуқ гўшти сабаб бўлганини тасдиқлашди. Тергов ишлари давом этмоқда.

Петербургдаги Пулково-3 аэропорт терминали 90 фоизга қурилиб бўлгани ва унинг очилиши 2013 йилнинг 29 ноябрига режалаштирилгани айтилмоқда.

ICA Турк-итальян қўшма корхонаси аэропорт қурилишига 3 мингдан зиёд муҳожирни жалб қилганини очиқлади.

Декабр ойидан бошлаб бу терминал йилига 17 миллион йўловчини ташиш қудратига эга бўлади.
XS
SM
MD
LG