Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 17:09

Тюмендаги "зачистка" экстремист овига айланди



28 август куни Тюмень шаҳрида ўтказилган навбатдаги рейд давомида¸ маҳаллий полициянинг билдиришича¸ юздан ошиқ муҳожир ҳисбга олинган. 47 нафари депортацияга топширилган бу муҳожирлар орасида “Туркистон Ислом партияси” ва “Таблиғи Жамоат” экстремистик ташкилоти аъзоларининг ҳам борлиги айтилмоқда.


Тюмен полицияси муҳожирлар орасидан экстремист қидирмоқда

2013 йилнинг 28 августида Тюмень шаҳар Ички ишлар ва ФСБ ходимлари шаҳар атрофидаги саноат, қурилиш, савдо ва яшаш объектларида навбатдаги “зачистка” амалиётини олиб борди.

Ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва Россиядан бадарға қилишга қаратилган бу амалиёт давомида полиция Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистон фуқароси бўлган 700 кишини текширувдан ўтказди, дея маълумот берди Озодлик мухбирига Россия Ички ишлар вазирлигининг Тюмен вилояти бўйича бошқармаси референти, катта лейтенант Дмитрий Коновалов:

- 100 нафардан зиёд одам маъмурий жавобгарликка тортилди, 47 хорижликнинг иши депортация қилиниш учун судга топширилди. Қолган 60 кишининг шахси аниқланмоқда. Тюмен шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик икки кишининг “Туркистон Ислом партияси” халқаро террорчилар ташкилоти аъзоси экани аниқланди. Ундан ташқари, яна бир тожикистонликнинг “Таблиғи жамоат” террорчилик ташкилоти вакили экани маълум бўлди. Бу шахс аллақачон кўрсатилган экстремистик ташкилотда фаолият юритгани тўғрисида кўрсатма бераяпти, дейди Тюмен полиция бошқармаси расмийси Дмитрий Коновалов.

Расмийлар иддаосича¸ экстремизмда айбланаётганлардан “Экстремистик материаллар федерал рўйхати”га киритилган ва Россия ҳудудида тарқатилиши ман этилган китоб ва брошюралар мусодара қилинган.

Озодлик билан суҳбатда полиция вакили Тюмень атрофларида олиб борилган махсус рейд “халқаро экстремизмга қарши кураш бўйича комплекс амалиёт” деб аталишини қўшимча қилди.

Ҳибс этилганлар тўғрисида ФСБ буйруғи асосида ортиқча маълумот бера олмаслигини гапирган Дмитрий Коновалов¸ нима учун оддий меҳнат муҳожирлари орасида олиб борилаётган “тозалаш”га “халқаро экстремизмга қарши амалиёт” деган ном берилганини ўзи ҳам тушунтира олмаслигини гапиради:

- Худди шундай тадбир бугун, 29 август куни, Тоболск шаҳрида олиб борилди. 21 киши ушланди. Бу ерда ҳам “Экстремистик материаллар федерал рўйхати”га киритилган 40 яқин китоб мусодара қилинди. Бундан ташқари, бу ерда катта миқдорда героин ва синтетик наркотиклар топилди, деди Тюмен вилояти бўйича бошқармаси референти, катта лейтенант Дмитрий Коновалов Озодлик билан мулоқот давомида.

Тюмень шаҳар полициясида наркотиклар ноқонуний сақланиши ва экстремистик фаолият олиб борилгани юзасидан жиноий иш қўзғатишга тайёргарлик кўрилаётганини билдиришди.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина ҳозирча бу шахслар қайси давлат томонидан қидирувга берилгани номаълум қолаётганини гапирди.

- Бу вазиятда тушунарсиз қолаётгани – гап эктрадиция қилиш тўғрисида кетаяптими ёки уларга Россиянинг ўзида бирор айблов қўйиладими... Биз¸ албатта¸ ФСБ ва маҳаллий прокуратурага сўровнома юборамиз ва бу масала юзасидан аниқлик киритишга уриниб кўрамиз, деди Озодлик мухбирига Елена Рябинина.

Тюмень диндорларни экстрадиция қилиш бўйича “пешқадам”

Тюмень вилояти Федерал хавфсизлик хизмати ва полицияси Ўзбекистон сўрови билан халқаро қидирувда бўлган фуқароларни ушлаб экстрадиция қилишда илғорлик қилаётган Россия минтақаларидан биридир.

2013 йил июлида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Тюмень аэропортида россиялик диндор Усмон Муҳиддиновни ҳибсга олди. Маҳбуснинг яқинлари Муҳиддиновнинг 1992 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганига қарамасдан, “диний-экстремистик ташкилотлар тузганлик” ва “Ўзбекистон Республикасига хавф солувчи фаолият” юритганликда айбланиб халқаро қидирувга берилганини таъкидламоқда.

2011 йил март ойида Тюмень жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларни ташкил этганлик ва иштирок этганликда айбланаётган 27 ёшли Хайрулло Абдурасулов Қирғизистон Бош прокуратураси талаби билан ҳибсга олинган эди.

2010 йилнинг 5 март куни Россиянинг Тюмень вилоят тергов ҳибсхонасида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси асосида конституциявий тузумга тажовузда айбланиб қарийб икки йил ушлаб турилган асли наманганлик диндор Абдуллажон Исоқов ҳибсдан озод этилган эди.

Тюмендан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Страсбург маҳкамаси талабига кўра тўхтатилган маҳбуслардан яна бири¸ 2005 йили 13 май Андижондаги қирғинга гувоҳ Абдумутталиб Каримовдир. Каримов 2008 йилнинг 11 июнида Марий Эл вилоятининг Йошкар Ола шаҳрида қўлга олинган эди.

Тюмень вилояти суди Россия Бош прокуратурасининг 2005 йилнинг августида Ўзбекистон сўровига кўра ҳибсга олинган Байрамали Юсуповни экстрадиция қилиш ҳақида чиқарган қарорини бекор қилган эди.

Новий Уренгой шаҳридаги маҳаллий масжид имоми, асли ўзбекистонлик Исомиддин Акбаров 2010 йилнинг 10 октябрида номаълум шахслар томонидан айнан Тюмень шаҳри яқинида отиб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG