Санкт-Петербургда меҳнат муҳожирларини ҳибсга олиш амалиётлари давом этаётган бир пайтда, инсон ҳақлари топталишига бефарқ бўлмаган шаҳарликлар томонидан кўнгилли гуруҳ тузилди. Гуруҳ аъзолари ноинсоний шароитда сақланаётган мигрантларни озиқ-овқат билан таъминлашдан тортиб, уларга ҳуқуқий ёрдам беришга уринмоқдалар.
Питерлик бир гуруҳ фаоллар сўнгги ой давомида олиб борилган “зачистка”лар пайтида ушланган муҳожирларга кўмак бериш марказини ишга туширди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва оддий петербургликлардан иборат бу уюшманинг ФМС, полиция, ОМОН ва бошқа давлат идораларининг ҳибс этилган ўзбек, тожик, қирғиз ва бошқа миллат вакилларига қилаётган зулм-зўравонликларига қарши курашиш учун ташкил топгани айтилмоқда.
“Петербурглик кузатувчилар” кўнгиллилар ташкилоти етакчиси, гуруҳ фаоли Александра Криленкова Озодлик билан суҳбатда ҳибсдаги мигрантларга кўмаклашиш маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
- Гуруҳимиз “Ҳуқуқ барча учун” деб номланади. У бир неча ҳафта олдин – Москва ва Петербургда хориж фуқароларининг оммавий равишда ҳибс этилиши ва миграция қонунчилигига киритилган қатор ўзгартишлар ортидан тузилди. Оммавий қама-қамалар амалга оширилиши тўғрисида қонун томонидан ўзгартишлар жорий қилинди, аммо уларни сақлаш жойларини кенгайтириш масаласи кўтарилмади ҳам! Бизда, Петербургнинг Красное Селосида ягона хориж фуқароларини сақлаш маркази мавжуд. Бу жой 176 кишига мўлжалланган. Аммо бир ҳафта олдин бу ерда 310 киши бор эди, дейди бундай шароит инсоннинг ҳатто вақтинчалик сақланишига ҳам тўғри келмаслигини гапирган Александра Криленкова.
Криленкова ўз гуруҳи ҳозирда “Петербурглик кузатувчилар”, “ОГОН – Жамоатчилик Кузатув Бирлашган Гуруҳи”, “Мемориал” ва бошқа жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликда ишлаëтганини билдирди.
Биргаликда олиб борилаётган махсус кузатувлар натижасида¸ Криленковага кўра¸ Петербург изоляторлари ва полиция бўлинмаларида ҳуқуқий мақоми мавҳум бўлган минглаб муҳожир сақланаëтгани аниқланган.
Полиция рейдлари давомида қўлга олинган муҳожирларнинг маъмурий ишлари маҳаллий судларда “конвейерга” қўйилган, дея давом этади суҳбатдош:
- “Потокка” қўйилган суд маҳкамалари юзага келди. Яъни одамларни оммавий равишда судларга олиб келиб, у ерда қолипга солинган қарорлар чиқарилмоқда: нечта одам олиб келинса – шунчасига депортация қарори уриб берилaяпти. Уларни ҳам тушунса бўлади: бир кунда кўпи билан ўнта ишни кўриб чиқа оладиган фуқаролик судялари 30 ортиқ ишни кўришга мажбурланаяпти. Таржимонлар ёки, айрим ҳолларда, адвокатлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Александранинг сўзларига кўра, муҳожирларнинг аксарияти тақдим этаëтган ишга рухсатнома ва патентларнинг текширув чоғида қалбаки экани аниқланмоқда.
“Аслида суд бундай ҳолатни аниқлаб, муҳожирни озод қилиши ва фирибгарлик асосида жиноий иш қўзғатиши керак, чунки муҳожирлар бу ерда - жабрланувчидир”, дейди Криленкова:
- Қонунга мувофиқ, одамлар протокол тузилгунгача 3 соат, протокол тузилганидан кейин 48 соат ушлаб турилиши мумкин. Бундай оммавий ҳибс этишлар давомида эса муҳожирлар кунлаб қамоқхоналарда қолмоқда. Суд бу ишларни кўриб чиқишдан бош тортиши керак, дейди облавалар пайтида ушланганлар ҳуқуқлари мутлақо топталаëтганини таъкидлаган Александра Криленкова.
“Ҳуқуқ барча учун” гуруҳи раҳбаридан олинган маълумотга кўра, асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжон фуқароси бўлган маҳбуслар судгача полиция бўлинмалари, кейин Красное Село шаҳарчасида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш маркази, Захарьевскийдаги махсус приёмник, айрим ҳолларда эса суд приставларига қарашли квартираларда сақланмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси “тозалаш” амалиётлари бошланган биринчи кунларда муҳожирларнинг ҳатто ОМОН ва полиция автобусларида сақлангани ҳам қайд этилганини айтади.
Александра Криленкова янги тузилган мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказига Петербургда истиқомат қилаётган ўзбек ва бошқа миллат диаспоралари, оддий кўнгиллар ёрдами керак, дейди:
- Бизга жуда ёрдамингиз керак. Бизга таржимонлар зарур, судларда кузатувчи сифатида кўнгиллилар керак. Айниқса, икки тилда сўзлаша оладиганлар етишмаяпти. Биз ёрдамга келганларни ўргатамиз, нима қилиш кераклигини тушунтирамиз. Бизнинг бор-йўғи иккита адвокатимиз бор, моддий ёрдам бермоқчи бўлганлар адвокатлар билан ўзлари келишиб, кўмаклашишлари мумкин, дейди “Ҳуқуқ барча учун” кўнггиллилар гуруҳи раҳбари Александра Криленкова.
Санкт-Петербургда ҳибсга олинган меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш истагида бўлганлар гуруҳнинг ВКонтакте ва Facebookдаги саҳифаларига мурожаат қилишлари, бевосита гуруҳ раҳбари Александра Криленкова билан +7-921-412-05-04 рақамли қўл телефони орқали боғланишлари мумкин.