Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:42

Ҳажга борувчи ўзбекистонликлар сони минг нафарга қисқарди


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва жойларда зиёратчиларни ҳажга жўнатиш билан шуғулланаётган ишчи гуруҳлардан олинган маълумотга кўра, бу йил Ўзбекистондан 4 минг зиёратчи ҳажга жўнатилади. Бу чеклов Ҳарам масжидида бораётган таъмир ишлари боис жорий этилди.


Саудий Арабистони ҳукумати “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилари сонини қисқартириш бўйича дунёнинг барча давлатларига, хусусан, Ўзбекистон Республикасига ҳам расмий маълумот юборгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, шу асосда бу йилги зиёратчилар сони 20 фоизга чиқартирилган.

Тошкент шаҳрида мусулмонларни ҳажга жўнатиш ишлари билан шуғулланувчи Юнусобод туманидаги Бодомзор масжидида жойлашган махсус ҳайъат ходими ҳозирга келиб бу йилга ҳажга юборилмайдиган тошкентлик зиёратчилар номи аниқланганини айтди.

“Шаҳар бўйича 141 киши кейинги йилга қолдирилди. Уларнинг рўйхатини масжид эшигининг олдига осиб қўйганмиз. Қолдирилганларга алоҳида телефон қилиб ҳам айтилган. Кимга айтилмаган бўлса, демак улар боради”, деди Бодомзор масжидида телефон гўшагини кўтарган ва Озодлик мухбири билан телефонсиз суҳбатлашган ходими.



Тошкент шаҳар ҳокимлигиниг ҳаж ишлари бўйича бўлими ходими ҳожилар сони бу йил 20 фоизга қисқаргани ва бу жараёнинг бутун республика бўйича бораётганини айтди.

Ундан олинган маълумотга кўра, бу йил зиёратга ҳозирланаётган ҳожилар билан суҳбатлашилган ва бора олмаётганларга сабаблар яхшилаб тушунтирилган.

“Ҳеч қанақа тушунмовчилик, норозилик йўқ”, деди шаҳар ҳокимлиги вакили.

Аслида Озодлик боғланган Ҳаж вазирлиги мутасаддиси шу йилнинг июн ойида Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: “Ўзбекистон ўз квотасини тўлиқ ишлатмаяпти ва бу сўровноманинг уларга дахли йўқ”, деганди.

Бу мутасадди чеклов йиллик квотасидан тўлиқ фойдаланаётган давлатларга тегишли эканини қўшимча қилган эди.

Бу гал Озодлик мухбири ҳаж вазирлигининг айнан шу изоҳни берган мутасаддиси билан боғлана олмади.

Аммо вазирликнинг бошқа ходими таъмирлаш ишлар кутилганидан бироз секинлашганини айтар экан, бунинг ҳаж мавсумида келиши кутилаётган 2 ярим миллион атрофидаги ҳожига хизмат кўрсатиш имконини бироз чеклаши мумкинлигини айтди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтилишича, шу боис ҳозир асосий эътибор ҳожиларнинг ўтган йилги сонини 20 фоизга қисқартиришга қаратилган ҳамда барча давлатларга сўров юборилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон йиллик квотасидан тўлиқ фойдаланмаётгани боис ,бу чекловни четлаш ниятида Ҳаж вазирлигига мурожаат қилган.

“Аммо, бу сўровлар қабул қилинмади, шу боис, бу йил ҳожилар сони тақрибан 4 минг атрофида бўлади”, деди Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбат давомида.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита етакчилигида Мусулмонлар идораси ва маҳаллий ҳокимиятлар ходимларидан иборат махсус ҳайъат 20 фоизлик чекловни, асосан, соғлиги заиф бўлган ва нисбатан кекса ёшли зиёратчилар ҳисобига қисқартирдилар.

Зеро, ҳар йили ҳаж мавсумида ноқонуний муҳожирлар ҳисобига ортиқча издиҳом пайдо бўладиган Ҳарам масжидида зиёратчиларга талофотлар етиши кузатилар эди.

Ҳаж вазирлиги ҳар йили ноқонуний зиёратчилар боис, ҳаж мавсумида қонуний йўллар билан зиёратга келганларга ноқулайликлар туғилиши, баъзан эса тало-тўпда кишиларнинг жароҳатланиши олдини олишга уриниб келмоқда.

Зеро, 2 ярим миллион зиёратчига ҳозирлик кўрилгани ҳолида 3 миллион, баъзи норасмий манбаларга кўра эса 4-5 миллионга қадар одамнинг ҳаж зиёрати учун Маккага бориши айтилади.

Маълумотларга кўра, Саудий Арабистони Ҳаж вазирлиги бу йил зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Маккага киришда 7 та электрон дарвоза ўрнатиш бўйича лойиҳани амалга оширишни режаламоқда.

Лойиҳага мувофиқ, бу йил ҳар бир зиёратчига ичига электрон чип ўрнатилган билакузук тақиб қўйилиши кўзда тутилган. Ичида ўзи ҳақида электрон маълумотлар жойлаштирилган билакузукли зиёратчи электрон дарвозадан кирганда унинг шахси аниқланиши, шу тариқа унинг шаҳарда юриши машруълашиши айтилмоқда.

Шунингдек, зиёратчилар билакузугини автоматик равишда сканерлайдиган мосламалар бўлажак ҳожиларни ташийдиган автобусларга ҳам ўрнатилиши режаланган.

Макка шаҳридаги Ҳарам масжидида бораётган қурилиш ва таъмир ишлари боис дуёнинг барча давлатларидан бораётган ҳожилар сони 20 фоизга қисқартирилмоқда.

Жумладан, ҳар йили ҳаж сафарига 5500 нафар зиёратчини жўнатадиган Қозоғистон, ҳар йили 20 минг атрофида зиёратчини Саудийга йўллайдиган Россияда ҳам зиёратчилар сонини қисқартириш бироз муаммоли кечгани айтилган.

Мисол учун, Россия Мусулмонлари диний бошқармасининг Осиё қисми бўйича муфтийси Нафигулла Аширов бу ҳақда Россияга хабар келгани ва бу давлатда ҳожиларни қисқартиришнинг энг табиий йўли танланганини айтган эди.

- Аслида бу хабар бизнинг ўз номимизга келмади. Бу хабар Саудиянинг дунё давлатларидаги элчихоналари орқали бутун дунё мусулмонларига тарқатилди. Шу жумладан, россиялик мусулмонларга ҳам. Биз ҳозир қисқартирилган рўйхат тузиб бўлдик, ҳисоб. Яъни, ким эртароқ ҳужжатларини ҳозирлаган бўлса, улар борадиган бўлишди. Ўйланиб, кечикканлар эса янаги йилга боради, дейди муфтий Нафигулла Аширов.

Маълумки, Саудий Ҳаж вазирлиги томонидан дунёнинг мусулмон давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон учун бир кишидан квота белгиланган.

Аҳолиси сони 17 миллиондан ошган ва 70 фоиздан ошиқроғи мусулмон бўлган Қозоғистон учун аслида бир йилда 11 мингдан ортиқ зиёратчини Ҳажга жўнатиш имкони бор.

Россия мусулмонлари Ҳаж вазирлиги томонидан белгиланган квотадан ҳар йили деярли тўлиқ фойдаланади. Бу давлатда 20 миллионга яқин мусулмон бор ва диний бошқарма ҳар йили 20 минг атрофида зиёратчини Саудияга йўллайди.

Россия ва Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатларидаги мусулмонлар учун Ҳаж зиёратига бориш масаласи Ўзбекистондаги каби жиддий муаммо эмас.

Масалан, Қирғизистон ва Қозоғистонда аҳолининг истаган қисми учун расман Ҳажга бориш имкони бор.

Ўзбекистонда эса Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, 2006-2008 йилдан буён Ҳажга бориш учун навбат пойлаётган мусулмонлар бор.

Қуйида айни мавзуда тайёрланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:43 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG