Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2014 йилда бошланади


Бу ҳақда “Қирғизистон темир йўли” ширкатининг темир йўллар қурилишини лойиҳалаштириш дирекцияси раҳбари Канат Абдукеримов маълум қилди. Унинг айтишича, Хитой-Қирғизғистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг қиймати камида 4,5 миллиард долларга тенг.

“Қирғизистон темир йўли” ширкатининг темир йўллар қурилишини лойиҳалаштириш дирекцияси раҳбари Канат Абдукеримов пайшанба куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши тахминан 2014 йилда бошланишини билдирди.

Унинг айтишича, айни пайтда қурилишнинг икки варианти муҳокама қилинмоқда. Биринчи вариант бўйича темир йўл Тўруғарт-Арпа водийси-Кўгарт довони-Жалолобод ва у орқали Андижон йўналишида қурилади. Йўл узунлиги 257 километр. Бу лойиҳанинг қиймати 4,5 миллиард долларга тенг.

Иккинчи вариант бўйича эса темир йўл Тўруғарт-Отбоши ГЭСи-Угут-Казарман-Кўгарт-Жалолобод орқали Андижонга боғланади. Бу ҳолатда йўлнинг узунлиги 430 километрни ташкил қилади ва лойиҳанинг қиймати 6,6 миллиард долларга баробар бўлади.

Ҳар иккала вариантда ҳам темир йўл тоғлар ва довонлар орқали ўтади. Темир йўлни қуриш учун Хитой-Қирғизистон қўшма корхонаси ташкил этилиши назарда тутилаяпти. Йўл концессия асосида ҳам қурилиши мумкин. Қирғиз расмийларининг айтишича, ҳар қандай вариант қабул қилинган тақдирда ҳам бу масала Бишкекда 13 сентябрь куни ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида муҳокама қилинади.

Хитой ва Қирғизистон расмийлари темир йўл қурилиши юзасидан ўтган йилнинг баҳорида меморандум имзолаган эди.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси биринчи маротаба президент Акаев даврида эълон қилинган эди. Ўшанда Хитой томони темир йўлдан 99 йил фақат ўзи фойдаланишини талаб қилган. Президент Бакиев даврида эса Хитой томони темир йўлга 47 йил эгалик қилишга розилигини билдирган. Бироқ Қирғизистон президентлари Хитойнинг бундай талабларига рад жавобларини беришган эди.

Расмий маълумотларда айтилишича, агар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилса, Қирғизистон биргина транзитнинг ўзидан йилига 260 миллион доллардан ортиқроқ фойда кўради.

“Қирғизистон темир йўли” ширкатининг билдиришича, айни пайтда барпо этилиши режалаштирилган Россия-Қозоғистон –Қирғизистон-Тожикистон темир йўлининг Қирғизистондан ўтувчи қисми лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳага асосан мазкур темир йўлнинг Қирғизистондан ўтувчи қисми 802 километрни ташкил қилади. Йўл қурилиши Душанбе томонидан бошланади.
Мазкур қурилишнинг лойиҳавий қиймати ҳозирча ошкор қилингани йўқ.

Россия-Қозоғистон –Қирғизистон-Тожикистон темир йўли қурилиши масаласи КҲШТнинг май ойида ўтган норасмий саммитида муҳокама қилинган эди.
XS
SM
MD
LG