Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Сурия бўҳрони G20 саммити диққат марказида қолмоқда


Сурияда кимёвий ҳужумга қандай жавоб қайтариш борасида дунёнинг 20 етакчи давлати икки қутбга бўлинган ҳолда қолмоқда.
Сурияда кимёвий ҳужумга қандай жавоб қайтариш борасида дунёнинг 20 етакчи давлати икки қутбга бўлинган ҳолда қолмоқда.

Санкт Петербургда ўтаётган Катта Йигирмалик саммити етакчилари Сурия бйўича муросага эриша олганича йўқ. Сурияда кимёвий ҳужумга қандай жавоб қайтариш борасида дунёнинг 20 етакчи давлати икки қутбга бўлинган ҳолда қолмоқда. АҚШ 1400дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум ортида Сурия режими турганини айтмоқда. Россия эса БМТ рухсатисиз ҳарбий ҳужум бошлашни агрессияга тенглаштирмоқда.



Пайшанба куни G20 саммитининг биринчи куни якунида уюштирилган кечки овқат Сурия бўҳрони муҳокамасига бағишланди, лекин ташкилот етакчилари Сурияда рўй бергани иддао қилинаётган кимёвий ҳужумга қандай жавоб қайтариш борасида муросага эришолмади.

Кремл матбуот вакили Дмитирий Песковнинг айтишича, дунёнинг иқтисодилари энг йирик 20 давлати раҳбари мазкур масала бўйича “деярли теппа-тенг” икки лагерга бўлинган.

АҚШ Президенти Барак Обама 21 август кунги 1400дан ортиқ одам ҳалок бўлган кимёвий ҳужум учун маъсул, деб кўрилаётган Сурия ҳукуматини жазолаш учун ҳарйбий зарба беришга чақирмоқда.

Россия Президенти Владимир Путин БМТ рухсатисиз куч қўллаш “агрессия акти” бўлишини айтмоқда.

АҚШ маъмуриятининг юқори даражали мулозимига кўра, пайшанба кунги муҳокамаларда президент Обама 21 август кунги ҳужумни президент Башар ал-Ассад ҳукумати уюштирганига Қўшма Штатларнинг “ишончи комил” эканини яна бир бор таъкидлаган.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Бен Родеснинг айтишича, Обама айни фикрни Хитой Президенти Си Цзипинь билан учрашувда ҳам билдирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги жума куни эълон қилган баёнотида Қўшма Штатларни Суриянинг кимёвий қурол арсеналига ҳужум қилмасликдан огоҳлантирди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр пайшанба куни қилган чиқишида Россияни Сурия масаласида БМТ Хавфсизлик кенгашини “гаровга” олиб ўтирганликда айблади.

- Кимёвий қуроллар қўлланилишига қарши халқаро меъёрлар сурбетларча бузилиб турган бир пайтда, Россия Хавсизлик кенгашини гаровга олиб ўтиришда давом этмоқда ҳамда кимёвий қуроллар конвенцияси бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлардан қочмоқда. Ҳозир биз ва Сурия халқи жаҳонга амалдаги Хавфсизлик кенгаши эмас, бу муаммо билан шуғуллана оладиган Хавфсизлик кенгаши лозимлигини кўриб турибди, деди АҚШ дипломати.

Сурия ҳукуматининг кўп йиллик иттифқочиси ва уни қурол билан таъминловчи Россия Хавфсизлик кенгашидаги вето ваколатини ишга солиб Сурия ҳукуматига қарши чора қўллаш, жумладан ҳарбий интервенцияни бошлашга йўл очиб берувчи резолюцияларга тўсқинлик қилиб келади.

Россия каби вето ваколати бўлган Хитой ҳам ҳарбий ҳужумга қарши чиқиб келмоқда.

Дунё иқтисодининг 90 фоизини назорат қилувчи Катта Йгирмалик етакчилари глобал иқтисодга доир масалаларни ҳам муҳокама қилди. Лекин икки ярим йилдан бери давом этаётган ва БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 100 мингдан ошиқ одам ёстиғини қуритган Сурия бўҳрони саммитнинг аввалдан эълон қилган кун тартибига жиддий ўзгартиш киритди.

Жума куни Обама Санкт Петербургда россиялик ҳуқуқ фаоллари ва жинсий озчиликлар ҳаракати фаоллари билан учрашади. Россияда гўёки болаларни ҳомосексуализм “пропагандаси”дан ҳимоялаш учун қонун қабул қилингани халқаро танқидларга сабаб бўлиб кемоқда.
XS
SM
MD
LG